sevimli
Sevimli

Испанияда Хивага ўхшаган шаҳар бор экан

МАДАНИЯТ 25.01.2018, 10:12
Испанияда Хивага ўхшаган шаҳар бор экан

Яқинда Испания пойтахти Мадрид шаҳрида 38-Халқаро туризм кўргазмаси ўтказилди. Миқёси жиҳатидан Берлин кўргазмасидан кейин иккинчи ўринда турувчи мазкур “Fitur” деб номланган кўргазма ҳар йили Испания ҳукумати ва Мадрид шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилади, деб ёзади “Халқ сўзи” мухбири.

Бу йилги тадбирда дунёнинг 166 давлатидан ўн мингдан ортиқ компания ва сайёҳлик агентликлари иштирок этгани унинг жаҳон туризми соҳасида нечоғлик аҳамият касб этишини кўрсатиб турибди.

Мазкур тадбирда мамлакатимиз делегацияси ҳам муваффақиятли қатнашиб, юртимизнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёга намойиш этишди. Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Хоразм вилоятидаги Хива ва Испаниянинг Авила шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги келишувни имзолаш учун музокаралар жараёни бошланиши бўлди.

— Хива ва Авила шаҳарлари ўртасидаги жуда кўп ўхшаш жиҳатлар эътиборимизни тортди, — дейди Хива шаҳри ҳокими Эркин Яқубов. — Ҳар иккала шаҳар қалъа шаклида бўлиб, деворлар Хивада пахсадан, Авилада эса тошдан кўтарилган. Шаҳар-қалъага кириш учун Хивада 4 та дарвоза ўрнатилган бўлса, Авилада улар сони 6 та. Ҳар иккала шаҳарда қалъа ичкарисида ҳозирги кунда ҳам аҳоли истиқомат қилади. Авила 1985 йилда, Хива эса 1989 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Авила шаҳри маъмурияти билан туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор масалаларда келишувларга эришдик. Келгусида Хива ва Авила биродарлашган шаҳарлар мақомини олиши мумкин.

Шарҳлар