АсосийJamiyat

60 ёшли гиёҳвандфуруш яна қора курсида

'60 ёшли гиёҳвандфуруш яна қора курсида'ning rasmi

Гиёҳвандлик қандай оқибатларга олиб келишини у яхши биларди...

У деганимиз – Бухоро вилояти Қоровулбозор шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Режабали Жумартов (исми-шарифи ўзгатирилган) бўлади. Лекин унинг учун гиёҳвандлик турган-битгани касофат эканининг қизиғи йўқ, деб ёзади ЎзА.

Унинг учун энг муҳими, гиёҳвандфурушлик орқали пул топиш. Айтиш жоизки, у мазкур жиноят, яъни «заҳри қотил» олди-сотдиси билан шуғулланган ва ўзи ҳам истеъмол қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-, 226- ва 276-моддалари билан муқаддам судланган эди. Табиийки, анча вақт, аниқроғри 23 йил оила қувончи ва ҳаловатидан бенасиб бўлган.

Афсуски, бундан хулоса чиқармабди. Яқинда Режабали Жумартов қоровулбозорлик 28 ёшли С.Ш.га бир дона гугурт қутисига қадоқлаб солинган 4,18 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини 150 минг сўмга пуллаётганда туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Дарвоқе, кимгадир, бу вазндаги «заҳри қотил» арзимасдек туюлар. Аслида бундай эмас. Шифокор-нарколог мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар қандай гиёҳвандлик воситаси, жумладан, «Марихуана»нинг энг оз миқдори ҳам истеъмол қилинганда одамнинг руҳиятида кескин ўзгариш бўлади. Бунинг устига организмнинг «заҳри қотил»га мойиллиги кучаяди. Гиёҳванд ўз хатти-ҳаракатини бошқара олмайди, идрок қобилияти йўқолади. Оғуга мутеълик таъсирида нафсини қондирмагунча туролмайди, бу ёруғ дунё, оиласи кўзига кўринмайди. Пул топмагач, хонадондаги нарсаларни яширинча сотади, оила барбод бўлади... Ирсият ҳам завол кўради.

Неваралари қуршовида, давралар тўрида ўтириши мумкин бўлган 60 ёшли бу кимса яна қора курсида ўтирадиган бўлди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар