Мамлакатимиз фаунасини оққуйруқ, жайронсиз тасаввур қилиш мушкул. Ўзбекистонда ноёб жониворлар – сайғоқлар ва жайронлар сақланиб қолган дунёнинг атиги беш мамлакатидан бири ҳисобланади.
"Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жонивор табиат инжиқларидан эмас, одамзотнинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани жуда ачинарли", — дейилади Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабарида.
Афсуски, Ўзбекистонда жайронларни асраш, улар яшаб, кўпаядиган ҳудудларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётганига қарамай, қонун хилоф равишда овланган бу ҳайвонларни яширин равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
2018 йил 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биоинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудий инспекцияси инспекторлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Китай-козган” коллектори ҳудудида олиб борилган тезкор рейдлар даврида фуқаролар Саламот Искандаров, Туриниёз Нурабуллаев, Сидулла Арзимбетов Мийрбекович, Қадирбой Изимуратов, Атамурат Бердияров, Саламот Искандаров бошқарувида бўлган “УАЗ-469” русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганида, “Қизил китоб”га киритилган ёввойи турдаги 20 бош жайрон ов қуроли орқали отиб, олиб кетилаётганлиги маълум бўлди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси экспертларининг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ёввойи жайронларнинг нобуд қилиниши оқибатида Ҳайвонот дунёсига жами 258 360 000 (икки юз эллик саккиз миллион уч юз олтмиш минг) сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.