Sevimli

Борингизга шукр, ОТА!

МУТОЛАА 26.02.2018, 14:24
Борингизга шукр, ОТА!

Яқинда бир даврада ёши улуғроқ аёл «Нега оилавий муаммолар авж олиб кетаяпти, биласизларми? Бизаёллар, оилада отанинг ўрнини йўқотиб қўяяпмиз», деди. Ҳақ гап. Зеро, отанинг оиладаги ўрни нафақат бўлак, юксак ҳамдир.


Кўчада ўтинчи, уйда султон

Қадимда бир ўтинчи бўлган экан. У тоғлардан ўтин териб келиб, шаҳарда сотиб, хотини ва ўғилларини боқарди. Ўғиллар эса ўтинчининг фарзанди эканлигидан ор қилишарди. «Отамиз ўтинчи», деб бировга айтишолмасди. Ошна-оғайнилар даврасида улардан оталари нима иш қилишини сўрашса, айтгани уялишар, кўпинча ёлғон гапиришарди. Ўтин кўтариб кетаётган оталарини кўчада кўриб қолишса, бориб ёрдам бериш ўрнига ўзларини олиб қочишар, «Бизни ўтинчининг ўғли деб ўйлашмасин», дейишарди.

Ўтинчининг хотини эса оқила, итоатгўй аёл эди. У доим эри уйга келишини сабрсизлик билан кутар, чарчаб қайтганида ширин сўзлар билан кутиб олар, дарров қўлига сув қуйиб, сочиқ тутарди. Ўтинчилик асбобларини эса ювиб, тозалаб жой-жойига қўярди. Дарров дастурхон ёзиб, эри бир-икки пиёла чой ичгунча овқат сузиб келарди. Топиб келган пулини бир ҳамён тилла олгандек севиниб олар, «Бугун доимгидан ҳам кўп пул топиб келибсиз», дерди. Баъзида ўтинчи «Бугун камроқ пул топдим» деса ҳам «Хафа бўлманг, баракасини берсин. Бугун камроқ топган бўлсангиз, Аллоҳим эртага кўпрок берар», деб унинг кўнглини кўтарарди.

Бир куни ўғиллари онасидан сўрашди:

— Онажон, отамиз бир оддий ўтинчи бўлса, нега уйга келганида бунча гирдикапалак бўласиз?

— Рост, отамиз келиши билан хизматига шайланасиз, — ўртанча ўғил сўз қўшди.

— Іатто отамизнинг оёқларини ўзингиз ювиб қўйишингизни тушунмаймиз, — деди кенжа ўғил.

— Биз отамиз ўтинчилигидан уяламиз, — дейишди бир овоздан.

Бунга жавобан она:

— Эҳ, соддагина болаларим-а, оталаринг кўчада ўтинчи, уйда эса оталаринг Султон! — деди...

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби


Ўрнак

Ўғил кексайиб қолган отасини меҳмон қилиш истагида шаҳарнинг осойишта тамаддихоналаридан бирига олиб келди.

«Буюк оталар ҳайрат тўла нигоҳини юлдузлардан уза олмаётган жажжи фарзандларини елкаларига ўтқизадилар-да, уларни юлдузлар сари яқинроқ олиб чиқадилар». Ҳар гал падарига қараганида мана шу фикр хаёлидан ўтади, унинг.

Овқатланиш маҳали беихтиёр кафтлари қалтираётган отанинг қошиғидаги овқат тўкилиб, кийимларига сачрар, хижолатдан қизариб кетган отахон ўғлига юмшоқ нигоҳларини тикар, ўғил эса хотиржам жилмаяр, сачраган таом доғларини зудлик билан артиб қўяр эди. Уларга ёнма-ён ўтирган столдагилар, жумладан, уч ўсмир йигит қуршовида овқатланаётган киши ва унинг рафиқаси бу манзарани зимдан кузатиб туришарди.

Ота-ўғил овқатланиб бўлишгач, ўғил отанинг қўлларидан тутиб ювиниш хонасига бошлади, отасининг кийимини нон ҳамда овқат қолдиғи, доғлардан тозалаб, қўлларини ювишга ёрдамлашди, дадасининг бош кийимини тузатиб қўйди.

Ювиниш хонасидан чиқишганида барчанинг эътибори уларда эди.

Ота-ўғил емакхонани тарк этаётганларида қўшни столда фарзандлари билан ўтирган киши ортларидан етиб келди.

— Сиз бу ерда нима қолдириб кетаётганингизни биласизми? — сўради у ўғилдан.

— Йўқ, ҳеч нарсамиз қолиб кетаётгани йўқ, — столга кўз югуртирганича жавоб қайтарди ўғил.

— Қолдириб кетяпсиз, жуда қиммат нарса қолдириб кетяпсиз. Сиз ҳар бир ўғил ва отага, менга ва менинг фарзандларимга ўрнак қолдириб кетяпсиз, дўстим! Отангизга минг раҳмат! — у киши ўғилнинг қўлидан маҳкам сиққанича миннатдор нигоҳда боқди.

Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси