Ташкент +2° Sun 12:48
Долзарб мавзулар Фото

Муҳаббатнинг ташрифи баҳор...

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 07.03.2018, 11:41

«Ҳамма ишонса ҳам, мен бу гапларга ишонмасдим... Эрим дом-дараксиз йўқолган бўлса-да, уни Суриядаги жангарилар сафида тасаввур қилолмайман. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У мени, бизни севади, юрагида муҳаббати бор инсон эса ҳақ йўлдан адашмайди...»

Қўлимдаги мактуб айни шундай сўзлар билан бошлаганди. Муштарийларимиздан келган бундан аввалги мурожатларни ўқиб, бош муҳарриримизга шарҳлаганимдаги кайфият мени буткул тарк этди. Хонанда Шароф Муқимов билан гаплаша олмаганидан хафа мухлис қизнинг нолаларидан ҳам, нашримизга шон-шарафлар ёғдириб, сўнгра «Саволим, албатта, алимент ҳақида» деган жумладан ҳам энди ҳайратланмасдим.

«Бугун бошимдан ва юрагимдан кечирганларимни «SUG‘DIYONA»га ёзиб юборгим келди. Кўнглимдагиларни тўкиб солиш вақти етди, назаримда.

Икки фарзанднинг онасиман. Турмуш ўртоғим билан деярли тенгдошмиз. У болаликдан шўх, бироз тўпорироқ ҳам эди.

— Муҳаббат, шу тантиқ бола сендек оғир-босиқ қизни яхши кўришига ҳаммамиз ҳайрон қоламиз-да.

— Иккингиз икки дунёсизлар-а. У ерга урсанг, кўкка сапчийди. Сен эса дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган қизсан!

— Энди ўқишга кирди, сени ҳам тинч қўяр, мундоқ енгил нафас оладиган бўлдинг, дугонажон. Ўзинг ҳам уни жинингдан баттар ёмон кўрасан чоғи.

— Вой, қизлар, кеча опам дугонасини овутиб ўтирганини эшитиб қолдим. «Ёмон кўрганинг олдингга келади, деб айтишади», деди. Муҳаб, сен ҳам кўпам Бегзодни ёмон кўраверма...

Дугоналарим бири олиб-бири қўйиб, менга насиҳат ўқишаётганида кўнглимга қил ҳам сиғмасди. Ўқишдан йиқилганим алам қилаётганда буларнинг айтаётган гаплари жиғимга тегарди. Қанча тайёрландим, қанча ўқидим?! Ана, йил давомида аниқ фанлардан тайёрланган Зилола ўз-ўзидан тиббиёт йўналишига, тағин давлат гранти асосида кириб ўтирса... Дугоналарим эса ўзларича ўқишдан йиқилганим учун мени овутишгани келишган-у, Бегзод ҳақида сафсата сотиш билан овора.

— Мен нима дарддаман-у, буларнинг топиб олган гапини, деб ўтирибсан-а ичингда? Бунча тумшаймасанг? Ўқишдан йиқилибсан, бечора, ҳамдардмиз, десак, увиллаб йиғлаб юборсанг керак. Кўнглингни кўтарайлик деб, Бек ҳақида гапириб ўтирибмиз-да, — рангим очилавермаганидан кейин Хуршида ўзларини оқлаш учун янада овозини кўтариб гапирди.

Мен эса миқ этмадим. Қайтанга, йиғлаб юборсам бўладими.

Энди дугоналарим ҳам оғзига толқон солиб олишди. Билишаяптики, мени овутиш учун айтаётган сўзлари қулоғимга кирмаяпти... Ярим соатлар ора-сирада бир-бирига пичир-пичир қилиб ўтиришди-да, ҳартугул секин ўринларидан қўзғалишди. Кечга томон дадам ишдан қайтиши билан мотамсаро қисматим устидан ҳукм чиқарди.

— Йиғи-сиғи қилиб юрганингдан нима наф? Иш гаплашиб қўйдим. Қўлингда дипломинг бўлса, ҳамширалик қилаверасан. Ўқишга ҳам тайёрланасан.

Аввалига рўйхушлик бермаган бўлсам-да, дадамнинг гапи уйимизда қонунлиги учун бир ҳафта ўтар-ўтмай ишга тушиб кетдим. Дардим бироз унутилаётганда эса қўшни йигитдан совчи келди.

— Доим кўз олдимизда бўлади. Саид ҳам яхши йигит. Ўқитишлари ҳам мумкин.

Бу сўзлар розилик аломати эди. Ошкора йиғи-сиғи, исён қилишга уялардим. Менга «ҳа» ёки «йўқ» дея жавоб берадиган савол ҳам беришмади — нон синдириб қўя қолишди.

Ўша кун ҳам тонг доимгидек отди. Майдалаб ёғадиган ёмғир ҳам, гупиллаган қор ҳам йўқ эди. Бирор эсда қоларли аломатлардан холи шундай кунда ҳаётимнинг ўзгариб кетиши хаёлимнинг учига ҳам келмай уйғондим. Ишга отланарканман, келинойим гапи борлигини айтди. Бугун бўлажак куёв билан учрашар эканман. Неча йиллардан бери ёнма-ён яшайдиган йигит билан учрашишим нега кераклигини тушуниб-тушунмай шошиб уйдан чиқдим.

Ишхонага борсам, кадрлар бўлими бошлиғининг авзойи бузуқ. Ҳамшира қизларнинг айтишича, турмушга чиқаётганимдан хафа эмиш. Худди ўзим хурсанддек?! Тўйга тўйёна йиғиш, кейин туғруқ таътилига чиқиш кабилар унга ортиқча ташвиш экан. Унинг хафақонлигини ҳам, нега ташвиш орттираётганимни ҳам тушунмай, оқ халатимни кийиб ишга киришдим.

Кун давомида Саидни хаёлимда тасаввур қилишга уриниб кўрдим. Девормиён қўшни йигитнинг негадир юзини аниқ-тиниқ эслай олмадим. Гарчи то совчи жўнатгунча кунига неча марталаб юзма-юз тўқнаш келган бўлсак-да...

Иш вақтим тугаганига қарамай, у хонадан-бу хонага ўтиб, беморлардан сизга ҳеч нарса керакмасми дея кўнгилли ҳамшира ролини ўйнаб юриш ўзимга ёқаётганди. Аммо бирпасда қоронғу тушиб қолишини ўйлаб, тақдирга тан бердим.

Шифохона ҳовлисига чиқарканман, кимдир мени кузаётгандек ён-веримга алангладим. Кадрлар бўлими бошлиғига ўхшаган биров кўриб қолса, эртага кичик ахборотга ҳам зор ётган беморлар тилида достон бўлишдан чўчирдим-да.

Дарвоза яқинида гул кўтарган йигит кўринмаганидан кўнглим таскин топди. Балки ишида ушланиб қолгандир. Ким билади, бахт кулиб менга уйланиш ниятидан қайтган бўлиши ҳам мумкин?! Афсуски, хомхаёлларимнинг умри қисқа экан. Йигирма метрлар юрмасимдан Саид ёнимда пайдо бўлди. Гуллари жуда чиройли экан-у, барибир, улар менга қувонч бағишлай олмади. Ишларим ҳақидаги қатор саволларига узуқ-юлуқ жавоб бериб кетаётганимизда кимдир исмимни айтиб чақирди.

— Муҳаббат!

Овоз эгасини таний олмай минг хаёлга бориб, ортимга ўгирилдим. Биздан икки қадам орқада важоҳатидан от ҳуркадиган Бегзод турарди.

Нималар бўлаётганини тушунгунимча у Саидни четга тортди. Уч-тўрт дақиқа гаплашар-гаплашмас, менинг ёнимга келди-да, «Уйингга борамиз», дея қатъий гапирди. Унинг йўлимни тўсишлари, рашк қилишларидан аввалари ўзимда йўқ хурсанд бўлардим. Аммо бугун чинакамига қўрқдим. Тағин унаштирилган йигитим олдида.

Хуллас, шу куни пойтахтдан ўқишини ташлаб учиб келган Бегзод тўйни тўхтатди. Саид бизга бахт тилаганини эшитган дадам ҳам ноилож Бегзоднинг совчиларига розилик берди. Орадан икки йил ўтиб тўйимиз бўлди».

Дом-дараксиз йўқолган эр тўғрисидаги гаплар билан бошланган мактуб ошиқ йигитнинг муҳаббати учун курашига уланиб кетганидан калаванинг учини йўқотиб қўймасин-да муштариймиз, деган фикрга бордим. Шу пайт таҳририятнинг рақамига телеграммдан хабар келди.

«Неважно, неважно» деб ном қўйиб олган қизнинг саволига диққат қилмасам бўлмасди...

«Йигитим билан уришиб қолдим, илтимос, қанақ қиб ярашсам бўлади, манга маслаҳатлариз жуда зарур...»
Бор-йўғи шу гап. Одатда, бизга хабар йўллаганларнинг профилларига мўралайман. Ҳарқалай уларнинг расмлари сал бўлса-да мурожаат эгаси билан танишиш имконини беради.

Елкалари очиқ қиз лабларига бўёқ суртаяпти. Тепасида қуйидаги «маъноли сўз»лар ёзилган:

«Sani xurmat qilaman lekn boysunmiman!

Sansiz hayot qizumas lekn yasholiman!

Uzr soriman lekn kechrmiman!

Qaytishini kutaman lekn kel dp yalinmiman!»

Чуқур уҳ тортсам-да, мурожаат эгасига саволини батафсилроқ ёзиб юборишини айтдим. Ахир вазифамиз ҳар бир муштарийга эътибор қаратишни тақозо этади. То «Неважно. Неважно» севги изтиробларини ғиж-ғиж хатолар билан ёзиб юборгунча мен Муҳаббатнинг чиройли ҳуснихат билан битилган хатини ўқишда давом этдим.

«Муҳаббат аввало инсоннинг руҳини поклашига, уни тарбия этишига Бегзод мисолида гувоҳ бўлдим. У тўйгача ижобий томонга ўзгарди. «Бегзод олиб қочиб кетаман, деб қўрқитгани туфайли унга тегаяпсанми?» дея ачиниш нигоҳи билан қараган дугоналарим эса чин дилдан мени юпатишарди. Мен эса ичимда кулиб қўя қолардим.

Тўйимиздан кейин қайнонамнинг амма-холаларга айтаётган гаплари қулоғимга чалинганда ҳам Бегзоднинг қалбидаги муҳаббат ҳали кўп яхшиликларга қодирлигига яна бир бор амин бўлдим.

— Ўғлимга яхши кўрган қизини олиб бериб тўғри қилибман. Қаранг, уйим-жойим дейдиган, фавқулодда меҳрибон йигитга айланди.

— Қизғанмаяпсизми ўзи? Келин келиб, якка-ёлғизингизни ўзига оғдириб олганидан аччиғингиз келмаяптими? — қайнонамнинг синглиси опасига бу саволни берганида қулоқларим динг бўлгани рост.

— Нега қизғанаман? Ахир боламнинг бахтини кўриб хурсанд ўтирибман, — меҳридарё ойимнинг жавобининг таъсирида шу куни меҳмонларга елиб-югуриб хизмат этдим.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қўшнимизнинг катта ити бор. Бир кун шунинг занжири узилиб кетибди. Ҳовлини супуриб юрсам, бизнинг уй томон чопиб келди. Қўрққанимдан девор ёнига тисарилиб олдим. Бақириб ёрдамга чақирай десам, уним чиқмайди. Фақат қалт-қалт титрайман. Ит эса қўрқанимни билиб тишларини қайраб олдимдан жилмай турибди. Ҳовли супураётганимда ёрдам бериш учун чиқишга одатланган турмуш ўртоғим итни кўрди-ю «Муҳаббат, қўрқма», дея мен томон юрди. Жонивор зумда ўз ҳовлисига қочди. Бегзод акам эса ёнимга келиб, қўлларимдан ушлаб олди.

— Ҳеч нарса қилмадими? Қўрқма, ёнингдаман... — у қўлларим, юзларимни силар, бир бағрига босиб, бир кўзларимга термуларди.

— Қўшни боя уйига чақирди, сенинг кўзингга кўринишга қўрқиб ўтирибдикан кап-катта одам, — қайнонам тушга яқин кўчага чиқиб келди-ю ўғлига сўз қотди.

— Нега? — ҳайрон сўради Бегзод акам.

— Бир марта шу ити жўжамизни еб қўйганида қанақа калтаклагандинг жониворни, эсингдами?

— Ҳа... — эрим нима учундир хижолат тортди, — Ҳозир овқатланиб бўлгач, бозорга бориб, янги занжир олиб келаман, итини маҳкам қилиб боғлаб қўймасам бўлмайди...

Ўғли бозорга кетгач, ойим ҳол-аҳволимни яна бир бор сўради.

— Бегзод шундай яхши бўлиб қолганки, ўзим ҳам ҳайрон қолаяпман. Қаранг, шу гал итнинг адабини беришнимас, сизни ўйлади, келин. Одатда бундай вазиятларда уни тўхтатиб бўлмасди, рақиб томонни яксон қилиш учун мушт тугарди. Энди эса биров тугул, бирор жонзотга озор беришни истамайди, — дея чой хўплади.

Умр йўлдошим севгисини романтик сюрпризлар, қучоқ-қучоқ гуллар билан исботлашга уринмасди. Қаттиқроқ шамолдан ҳам асраб меҳрибончилик қилиши меҳридан сўзларди.

Иккинчи фарзандим туғилгач, Бегзод акам хорижга ишлашга кетадиган бўлиб қолди. Қўшни маҳалладаги ўртоғи Расул ҳар куни уйга келавериб, охири бирга боришга кўндирди. Қайнонамнинг кўнгли чопмаган бўлса-да, қайнотам «Эркак киши мусофирликни кўрса, янаям пишиқ, иродали бўлади», дея розилик берди.

— Ўзимнинг ҳам сизларни ташлаб кетгим келмаяпти. Лекин кўраяпсан-ку, Расул «Бир йилда миллионер бўлиб кетамиз, сендек инженерлар керак экан», дея қўймаяпти. Бир бориб кўрай, қийналсанглар айтасизлар, дарров қайтаман.

Бегзод акамни сафарга кузатгач, «Дадам қачон келади, бугун кеч бўлганидами?», дея тинмайдиган болаларнинг саволлари бир томон-у, қайнонамнинг ҳар куни «Яхшимикан? Иссиқ кийиниб юрибдимикан? Сўранг, келин, қорни тўқмикан», дея сўрашлари бир томон.

Бир ойлар ҳар куни қўнғироқ қилиб хабар олиб турган эрим охирги икки ой буткул йўқолиб қолди. Расулнинг уйидагилардан сўрасак, улар ҳам ўғилларини топиша олмаётганларидан ташвишда. Энг ёмони, уйимизга маҳалла катталари келганида бўлди. Эмишки, Бегзод акам ёнидаги одамлар билан Туркияга кетибди, у ердан эса Сурияга...

— Агар шу гап рост бўлса, ундай ўғлим... — қайнотам гапинининг давомини айта олмай деворга суяниб қолди.

— Ўғлимни қайси иймонсиз йўлдан урдийкан, у Ватанга хоинлик қиладиган одаммасди, — дея йиғлаган ойимнинг қон босими ошиб кетди.

Фақат менгина бу сўзларга ишонмасдим. Бегзод акам ўзи айтган: «Инсон кимнидир севса, ҳаётни севади. Виждони доим уйғоқ бўлади. Айтишади-ку, «Ишқ устурлоби Худо».

Қайнотам қишлоғимиздан хорижда ишлайдиганларнинг баридан ўғли ҳақида суриштира бошлади. Афсуски, бирор киши Бегзод акамдан хабар бермасди. Бунинг устига, Расул ҳам топила қолмасди.

— Уни шу ниятларда ўстирганмидим? Болам иродаси бўшлик қилиб иймонсизлар тузоғига илиниб қолган. Наҳот энди бир умр қачон хабар чиқаркан, деб яшасам?

— Нега ҳеч ким тополмаяпти уни? Расул иккиси аввалдан бу ишни режалаштирганмикан? Келин, сиз ҳеч бирор ғалати гапини эшитмаганмидингиз? — қайнотам менга савол назари билан тикилди.

— Йўқ, тўғриси, бу гапга ишона олмаяпман, — уларнинг олдида додлаб йиғлаб юбормаслик учун хонамга кириб кетдим.

Охирги қарорга келишимга эса кўп вақт керак бўлмади. Тинимсиз хабарларим жавобсиз қолаётгани, эримнинг телефони ишламаётгани, у ҳақда бирор кимса аниқ гап айта олмаётганига қарамай мен қатъий аҳд қилдим.

Қайнота-қайнонамга «Ота-онамнинг хабарини тутиб келай», дея уйдан чиқдим-у, укам билан тўғри авиакассага бордим.

Чиптани олгач, уйдагиларга муддаомни айтдим. Самолётга чиқарканмиз, ўзимда куч билан бирга ишончимнинг оловланганини ҳам ҳис қилдим.

Эрим менга хорижга янги борган пайтлари турган уй манзили тўғрисида гапириб берганди. Ҳатто, кўчаларини расмга олиб жўнатганди ҳам. Укам билан ўша манзилни топиб бордик. Ва асл ҳақиқатдан хабар топдик.

Эрим ва Расул қабиҳ кишиларнинг қўлига тушиб қолган экан. Улар эрим иккисини Сурияга жангга отланишга ундашган. Ҳатто, Туркияга учиш учун чипталар ҳам олиб беришади. Эрим билан Расул эса аэропортга олиб боришаётганларида қочишади-ю, аммо юрагига ёвузлик уруғини эккан кимсалар уларни машинада қувишади. Бегзод акам автоҳалокатдан кейин икки ойдан буён комада ётар, Расул эса ҳеч нарсани эслай олмасди. Мен Бегзод акамнинг ҳақ йўлдан адашмаганига шукр қилиб, кўзда ёш билан шифохонага кирарканман, шифокорларнинг жонлантириш бўлими олдида чопиб юришганидан оёғимнинг учигача музлаб кетдим. Эримнинг исм-фамилиясини айтганимизда эса сочларига оқ оралаган шифокор менга қараб узоқ кутган одамини кўргандек нигоҳларини тикди.

— Сиз Муҳаббатмисиз? У ҳозиргина ҳушига келди ва кўзларини очиши билан «Муҳаббат, келдингми?» деди.

Шифокорнинг исмимни бузиб талаффуз қилгани ортидан эримнинг овозини эшитгандек бўлдим. Шоша-пиша эгнимга халат илиб муҳаббатини кутиб ётган муҳаббатим томон отилдим... Қулоғимга самимий шифокорнинг ўз тилидаги айтган сўзлари эшитилди. Мен ҳам беихтиёр унинг иборасини такрорладим.

— Муҳаббатнинг ташрифи баҳор...

МУХЛИСА қоғозга кўчирди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии