my5
Sevimli

2014 йилда 534 километр узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади

ЖАМИЯТ 23.05.2014, 14:35
2014 йилда 534 километр узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади

Мамлакатимизда ҳар йили ўртача 220-270 километр йўл янгидан қурилмоқда ва реконструкция қилинмоқда. Автомобиль йўлларини такомиллаштириш орқали уларнинг қуйи техник тоифадан юқори тоифага ўтказилиши транспорт оқимига хизмат кўрсатиш даражасини муттасил ошираётир.

Мустақиллик йилларида қуриб, фойдаланишга топширилган 175 кўприк, 19 йўл ўтказгич каби транспорт боғланмалари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилаётир, деб ёзади ЎзА мухбири. Цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламали йўллар узунлиги қарийб 22 минг 650 километрга етди. Автомобиль йўлларининг тоғли ҳудудлардан ўтадиган қисмида йўлсозларимиз бешта довон йўлини бунёд этди.

Ҳозир мамлакатимизда 184 минг километр автомобиль йўллари мавжуд. Шундан 42 минг 654 километри умумий фойдаланишдаги йўллар бўлиб, унинг 2 минг 755 километри Ўзбекистон миллий автомагистрали тармоғидир. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий автомагистраль таркибига кирадиган йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг жадал амалга оширилаётгани халқаро, транзит ва мамлакат ичида юк ва йўловчиларни йил давомида бир маромда ташиш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 21 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни  жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори йўл инфратузилмаси ҳамда сервисини такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган дастурга кўра, мамлакатимизда 2011-2015 йиллар мобайнида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи 2 минг 306 километр узунликдаги йўллар халқаро талаблар асосида янгидан қурилиши ва реконструкция қилиниши белгиланган. Унинг 1 минг 410 километри тўрт тасмали, 288 километри икки тасмали қилиб, цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламаси асосида бунёд этилади. Магистраль бўйлаб кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар, транспорт боғланмалари барпо этиш кўзда тутилган.

Қурилаётган йўл объектларининг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини 2013 йилда фойдаланишга топширилган Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган автомобиль йўли мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу лойиҳа туфайли Тошкент-Ўш йўналишидаги йўллар 12 километрга қисқариб, асосий транспорт оқимининг Қўқон шаҳри, шунингдек, Данғара, Учкўприк, Бувайда туманлари марказларига кирмасдан ўтиши таъминланди. Бу мазкур аҳоли пунктлари экологик ҳолатининг яхшиланиши, ҳудудда йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига, энг муҳими, ҳайдовчи ва йўловчилар учун кўплаб қулайликлар яратилишига хизмат қилаётир.

Дастурга асосан жорий йилда олтмишдан зиёд объектда 534 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қурилиш-реконструкция ишларини бажариш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Жумладан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи йўлларнинг 503 километри реконструкция қилинади. Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау автомобиль йўлининг 116 километр қисмида, Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи 100 километр қисмида ана шундай қайта қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Шу ўринда айтиш керакки, аввалги йўллар автотранспорт воситасининг битта ўқига 10 тонна оғирлик тушишига мўлжаллаб қурилган бўлса, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи янги қурилаётган 896 километрлик автомобиль йўлларининг қопламалари ва геометрик ўлчамлари ушбу кўрсаткични 13 тонналик меъёрга чиқаришга мослаштирилади.

“Ўзавтойўл” компанияси корхоналари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг 341-350 километр ва 450-475 километр қисмларидаги 8 километр, Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 962-982 километридаги 20 километр автомобиль йўллари реконструкция қилинди. Компания томонидан ушбу даврда умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник соз ҳолатда сақлаб, транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз қатновини таъминлаш борасида 171,1 миллиард сўмлик, 2013 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 38,7 фоиз кўп йўл қурилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ташқи пудрат ишлари бажарилди.  

– Жорий йилда Инвестиция дастури асосида “Ўзавтойўл” компанияси таркибидаги пудратчи корхоналар томонидан 257 километр автомобиль йўлини қуриш-таъмирлаш ишлари учун 503,4 миллиард сўмлик шартномалар тузилиб, юмушлар давом эттирилмоқда, – дейди компаниянинг қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёвуддин Умаров. – Энг катта бунёдкорлик ишлари М-39 Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз, А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау, А-373 Тошкент-Ўш, М-37 Самарқанд-Ашхабод халқаро автомобиль йўлларида амалга оширилади. Шу мақсадда тизимдаги корхоналар учун тўрт юз қирқдан ортиқ замонавий техника ва механизмлар харид қилиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Йўл қурилиши билан боғлиқ бундай кенг кўламли ишлар туфайли 2014 йилнинг 1 май ҳолатига «Ўзавтойўл» компанияси тизимида иш ўринлари сони 1 минг 267 тага кўпайди.

Умумий фойдаланишдаги халқаро, республика ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида 2014 йилнинг биринчи чорагида сақлаш ва жорий таъмирлаш бўйича 118 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Жумладан, автомобиль йўллари ҳолатини сақлаш бўйича 49,8 миллиард, йўллар атрофини ободонлаштириш ишларига 1,3 миллиард, автомобиль йўлларини жорий таъмирлашга 52,8 миллиард сўм сарфланди.

Мазкур маблағлар ҳисобидан автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда зарур бўлган 2 минг 207 дона йўл белгиси ўрнатилди, қарийб олти минг дона эскирган йўл белгиси алмаштирилди, 161 кўприкда, 748 қувурда ҳаракат хавфсизлиги таъминланди, 374 жойда пиёдалар ўтиш жойи белгиланди, 111  йўл туташмалари ободонлаштирилди.

Компания  тизимидаги саноат ва ёрдамчи ишлаб чиқариш корхоналари йилига 1,5 миллион тоннадан зиёд асфальт-бетон ва қоришмалар, 30 минг метр кубдан ортиқ темир-бетон конструкцияларини автомобиль йўллари ва улардаги сунъий иншоотларни қуриш ва таъмирлаш ишлари учун етказиб бермоқда.

Темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Қўйлиқ кўприклар темир-бетон қурилмалар тажриба заводида 30,1 минг тонна йиғма темир-бетон конструкциялари ва жиҳозлари, асфальт-бетон ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Тошвилйўлсаноат” корхонасида 4,1 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди ва буюртмачиларга етказиб берилди. 2015 йилгача компанияга қарашли 24 корхонанинг ишлаб чиқариш ва саноат базаларини модернизациялаш режалаштирилган бўлиб, бу кўплаб янги иш ўринлари яратишга, тармоқни жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

– Компанияга қарашли корхоналарда иш сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 444 энг замонавий йўл қуриш ва сақлаш техникаси харид қилиш режалаштирилган, – дейди компаниянинг автомобиль йўлларидан фойдаланишни транспорт ва механизация ҳамда техник таъминлаш бошқармаси бош мутахассиси Отаназар Жуманиёзов. – Соатига 100 тонна асфальт-бетон қоришмаси ишлаб чиқарувчи ускуналар, зичлагичлар, металлга ишлов берадиган ва айланма барабанли машиналар, автогрейдер, экскаватор ҳамда автогудронаторлар шулар жумласидандир.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон миллий автомагистрали лойиҳаси таркибига кирадиган цемент-бетон қопламали 474 километрлик автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш учун хорижий сармоялар ҳам кенг жалб этилмоқда. Жумладан, Осиё тараққиёт банки билан 600 миллион доллар миқдорида кредит маблағларини жалб қилиш тўғрисида шартнома имзоланган. Бу юртимизда йўл қурилиши соҳасида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларининг изчил давом этишига улкан ҳисса бўлиб қўшилади.

Бундан ташқари, компания таркибидаги корхоналар томонидан маҳаллий аҳамиятга эга ички йўлларни қуриш ва ободонлаштириш бўйича 143 миллиард сўмлик иш бажарилиши режалаштирилмоқда.

Айни пайтда йўл ёқаларида кўплаб автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, авария-чақирув ва тиббий тез ёрдам хизмати пунктлари, автомобиллар тўхташ майдонлари, сайёҳлар учун меҳмонхоналар ҳамда туризмнинг барча талаб ва шароитларига эга уч юзга яқин объект қурилди. Бу йўл инфратузилмаси ва сервисини янада ривожлантиришда, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси