Ташкент +27° Sat 10:08
Долзарб мавзулар Фото

«Қалблари қуёш яхши одамлар…»

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 09.03.2018, 14:58

Ер юзидаги инсонлар бир-бирига бегона дея назар солмаса, мудом тинчлик ҳукм сурарди. Келинг, шу фикрга амал қилишни оиладан, маҳалладан бошлайлик. Атрофимиздаги яқин-узоқ инсонларга меҳр-оқибат кўрсатайлик...

Қўшнининг илтифоти

«Оиламизда қиз фарзанд йўқлиги учун тўрт ака-ука роса тортишардик. Рўзғор ишлари устида-да, албатта. Онам кун бўйи ишда. Эрталаб ҳамма юмушларни тайинлаб, ҳатто, қай бирини қайсинимиз қилишимиз кераклигин айтиб кетади. Лекин мактабдан қайтгач — икки акам менга, мен укамга буйруқ бериш билан кунни кеч қиламиз. Қўшнимизнинг қизи Рисолат опа тўполонимизни эшитиб, бизга илтифот кўрсатармиди ё катталар ҳазиллашганидек акамда кўнгли бормиди, ҳовлимиз олдини ўзлариникига қўшиб супуриб қўярди. Йиллар ўтди. Ҳаммамиз алоҳида уй-жойли қилиб кетдик. Ота-онам ҳам дунёдан ўтишди. Барака топгур (онам шундай дуо қиларди) Рисолат опа ҳам маҳалламизга келин бўлди. Яқинда укам уйни отамдан кейин ўз номига ўтказиши кераклигини айтиб қолди. Учаламизнинг розилигимиз керак экан. Аслида, укам икки йилдан бери бу ҳақда хаёлига ҳам келтирмаганди. Хижолат тортганми, аммо вақтида ҳужжатларни расмийлаштирмаса, жарима солинаркан... Биз уч акаси эса шайтоннинг қутқусига учдик. «Отамдан катта ҳовли қолди», дея улуш талаб қила бошладик. Ҳатто, маҳалла раисига учрашишгача борибмиз, а? Бир куни укам билан дангал гаплашиб олиш учун ота уйимга бораётсам, Рисолат опа билан юзма-юз келдик. Опамдек бўлиб қолган, сўрашдим.

— Акром, уч ака-ука ҳам уй-жойли бўлсангиз. Укангиз ҳали оёққа туриб ҳам олмаган. Шу катта ҳовлининг эшиги доим сизларга очиқ турса, нега энди меҳр-оқибатни унутиб, уй талашаяпсизлар? — деди онамдек дона-дона қилиб гапириб.

Негадир, илк бор қилаётган ишимиз учун мулзам тортдим. Укамнинг уйига кирдим-у розилигимни айтдим. Келиннинг «Овқат сузаётгандим», дейишига ҳам қарамай, акаларимникига йўл олдим...»

Ўзбекона рақс

«Болалик йилларим туман кутубхонасига жин кўчалардан ўтиб бориларди. Балким шу сабаб ҳам доим у ер сув қуйгандек жимжит бўлгандир. Шевамизда жуда чиройли ва равон гапирадиган Надежда опанинг мени кўришлари билан кўзлари чақнаб кетарди. Одатда китобларни ҳам ўзи танлаб берарди. Корейс миллатига мансуб бу аёл қачон борсам, ўғлига «Алпомиш»ни ўқиб бераётган бўларди. Ўғли ўзига умуман ўхшамасди, қоракўз, қорақош бола.

Мактабда бир гап эшитиб қолиб, ҳаммасини тушундим.

— Ойи, Надежда опа, боласини асраб олган, а? — дедим ойим билан сомса тугаётиб.

— Йўқ, — ойим мен томонга бир қаради-ю яна хамирларни бир текис қилиб ёйишда давом этди.

— Мактабда эшитиб келдим-ку, ўзларининг фарзанди бўлмагач, асраб олишган экан. Ўшанда маҳалладошлари боласига ўйинчоқлар, кийим-кечалар олиб чиқиб беришган экан, — далиллар келтиришга ўтдим.

Бироқ ойим гапимни инобатга олмади, йўқ, дея қатъий айтди-ю, бошқа бунақа гап-сўзларга учмаслигимни тайинлади. Энди тушунаяпман, онам бу гап тилдан-тилга ўтиб, Ҳакимбекнинг қулоғига етишини истамаган.

Яқинда Ҳакимбекнинг тўйи бўлди. Надежда опага меҳрим бўлакча бўлгани учун болаларимга қайнонамдан қараб туришни илтимос қилдим. Борсам, Надежда опа адрас кўйлак кийиб олган. Умр йўлдоши ҳам қўллари кўксида меҳмонларни кутаяпти. Ҳофиз миллий қўшиқларни куйлай бошланганда, доим тўйларда «Сизлардек ўйнай олмайман, азизлар», дея ўзини четга тортадиган Надежда опа шундай чиройли ҳиром айладики, кўз узолмай қолдим.

— Уч ойдан бери рақс тўгаракларига қатнашиб ўрганибди. Ўғлимни уйлантирсам, қудаларим билан рақс тушишим керак, дея, — деди ёнимда ўтирган хола ҳавас-ла даврага қараб».

Шоира ВАФОЕВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

21.06.2018, 07:42
20.06.2018, 09:48