my5
Sevimli

Иқтисодиётнинг турли соҳаларига АКТнинг жорий этилиш ҳолати танқидий баҳоланди

ЖАМИЯТ 27.05.2014, 14:42
Иқтисодиётнинг турли соҳаларига АКТнинг жорий этилиш ҳолати танқидий баҳоланди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2014-2015 йилларда иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий таъминотларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар ва лойиҳалар ижросини ўз вақтида таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Иқтисодиёт вазирлиги масъул ходимлари, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази масъуллари, шунингдек лойиҳа ижрочилари – акциядорлик компаниялари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ассоциация вакиллари иштирок этдилар, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси ахборот хизмати.
Акциядорлик компаниялари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ассоциациялар томонидан мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган бирламчи вазифаларнинг амалга оширилишига доир ишлар танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, техник вазифаларни ишлаб чиқиш, АКТ ва дастурий таъминотларни жорий қилиш орқали кутилаётган иқтисодий самарадорлик акс эттирилган техник иқтисодий асосномани шакллантириш бўйича ишларни ўз вақтида бажарилмаётгани юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Чора-тадбирларни амалга оширишга доир вазифаларга совуққонлик билан муносабатда бўлаётган масъул ташкилотларга қатъий огоҳлантириш берилиб, ўз вақтида чораларнинг кўрилмаслиги лойиҳаларнинг кечикишига сабаб бўлиши таъкидланди.
Шу билан биргаликда, муассасаларда ахборот-коммуникация технологияларига масъул бўлинмаларнинг мавжуд эмаслиги ёки бу вазифаларнинг фақатгина АКТ га масъул бўлинмалар зиммасига юклаб қўйилганлиги, йирик ташкилот раҳбарлари томонидан тизимни автоматлаштириш юзасидан манфаатдорликнинг йўқлиги боис ички ҳисоботларни рўйхатга олинмаслиги бу йўлдаги чора-тадбирларни амалга оширилишда асосий тўсиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Лойиҳаларнинг техник иқтисодий асосномаларида АКТ нинг жорий қилиниши натижасида кутилаётган самарадорлик, ишлаб чиқаришнинг ўсиши, маҳсулот ёки хизмат тан нархининг пасайиши, сифатининг кўтарилиши, корхона рентабеллилигининг мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида иқтисодиётнинг барча муассасалари – акциядорлик компаниялари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ассоциация вакилларига мазкур масала юзасидан зудлик билан тегишли чора-тадбирларни қабул қилиш, техник иқтисодий асосномаларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплексига киритиш юзасидан топшириқлар юкланди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси