Му5
8

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари очиқ деб эълон қилинди

СПОРТ 30.05.2014, 10:17
3996
“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари очиқ деб эълон қилинди

Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2014” республика спорт мусобақалари  бошланди.

Наманганнинг “Навбаҳор” стадионида “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради ЎзА.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва ёшларимизнинг севимли спорт анжуманига айланган уч босқичли спорт мусобақалари 2000 йили Универсиада билан Наманганда бошланган эди.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида йигирма мингдан зиёд томошабин қатнашди.

Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг терма жамоалари кириб келади.

Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг давлат маслаҳатчиси Х.Султонов  ўқиб эшиттиради.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари иштирокчилари бўлажак  беллашувларда ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қиладилар.

Бу борада “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларидан иборат узлуксиз спорт тизимининг аҳамияти беқиёс. Мазкур уч босқичли ноёб спорт тизими мутахассислар томонидан янги педагогик технология сифатида эътироф этилиб, бугун кўплаб давлатлар катта қизиқиш билан ўрганаётир.

Мазкур тизимнинг ўрта бўғини – “Баркамол авлод” спорт мусобақалари  олтинчи маротаба ўтказилмоқда. Мазкур мусобақага илк маротаба 2001 йилда Жиззахда старт берилган эди. Мусобақанинг мамлакат босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашади. “Баркамол авлод” беллашувларида қайд этилаётган натижалар, кўрсаткичлар, рекордлар йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спортдаги салоҳияти юксалаётганидан далолатдир.

Мусобақаларга Андижон, Чирчиқ, Нукус ва Термиз шаҳарлари мезбонлик қилди. Уларда қатнашган ёшларнинг иқтидори ва маҳорати мунтазам ошиб бораётганини кўплаб спортчиларимиз халқаро майдонларда салмоқли ютуқларга эришаётганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Жамшид Искандаров ва Игорь Сергеев футбол бўйича мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси сафида Осиё ва жаҳон чемпионатларида тўп сурди. Бадиий гимнастикачи Комила Тўхтаева, Вероника Есипова ва Равиля Фархуддинова, шахматчи Нодира Нодиржонова, Ҳулкар Тоҳиржонова, енгил атлетикачи Руслан Қурбонов, Зарнигор Ортиқова, сузиш бўйича Ўзбекистон рекордчиси Юлдуз Қўчқорова қитъа миқёсидаги мусобақаларда кўп бор шоҳсупага кўтарилди. Полвонларимиздан  белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров, кураш бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Шаҳбоз Саидмуродов каби спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда эришаётган натижалари  мухлису мутахассислар томонидан юксак баҳоланмоқда. 

“Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинлари оловини бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шоҳиста Рашидова ва белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров ёқади.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан “Кичик Олимпиада”, деб таърифланган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ўтказилади. Эътиборлиси, бу йилги мусобақалар аввалгисидан тўртта кўп, яъни спортнинг ўн олти тури – баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, белбоғли кураш, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, сузиш ва шахмат бўйича ўтказилмоқда.

“Баркамол авлод” мусобақалари дастурига киритилган спорт турлари бўйича иншоотлар, иштирокчилар жойлаштириладиган меҳмонхона, ётоқхона ҳамда бошқа ижтимоий-маиший объектлар замонавий андозаларда таъмирланиб, жиҳозланди. Жумладан, “Дўстлик” теннис корти мажмуасида 8 очиқ ва иккита ёпиқ корт, Наманган Олимпия захиралари коллежининг баскетбол зали, “Паҳлавон” спорт мажмуасининг бадиий гимнастика зали, “Баркамол авлод” спорт мажмуаси, футбол, волейбол, қўл тўпи, енгил атлетика, оғир атлетика майдонлари, сузиш ҳавзаси, шахмат павильони, Олий спорт маҳорати мактабининг бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши залларида мусобақаларнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш учун барча қулайликлар яратилди.

Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-педагогика, Наманган муҳандислик технология институтлари ва бир қатор коллежларнинг турар-жойлари ва спорт заллари, иншоотларида кенг кўламдаги таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Мусобақа иштирокчилари учун ўқув юртларининг ётоқхона мажмуалари таъмирланиб, қулай шарт-шароитлар яратилди.

“Баркамол авлод – 2014” беллашувларининг финал босқичи қатнашчилари учун қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларга бой катта маданий дастур тайёрланди. Унда таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар, турли концертлар, бадиий фильм ва спектакллар намойишлари, “Истиқлол” дизайн маркази, “Ифтихор кийим саноат”, “Нестле Ўзбекистон” каби замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништириш сингари тадбирлар кўзда тутилган.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев  иштирок этди.

                                     

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz