Ташкент +18° Thu 02:19
Долзарб мавзулар Фото

Сиғинди кўнгил

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 28.04.2018, 18:22

Иш билан пойтахтга келдим. Бир оз муҳим юмушларим ҳам чиқиб қолди. Кўп ўқиб, кўзимни толиқтириб қўйибман шекилли, узоқни яхши кўролмаяпман. Дурустроқ врачга кўринсам девдим. Шу сабаб энди ўзимга қиз болабоп бирон бир бошпана топмасам бўлмайди.

Хайрият, худо етказдими, курсдошларимдан бирини тасодифан учратиб қолдим. Ўқишни тугатиб кетганимгаям тўрт ойга яқин вақт ўтибди. Анчадан бери кўришмаганимиз учун бир-биримизни саволга кўмиб ташладик:

– Турмушга чиқмадингми? – сўради ўртоғим Фозил.

– Йўқ, ҳозирча буни ўйламаяпман, олдин яхшироқ ишга жойлашиб олай.

– Э, оддий ўқитувчиликка ўқиганимиздан кейин барибир эмасми?! Бу касбнинг катта-кичик лавозими йўқ. Ўзингни маорифга бағишладингми, раҳбармисан ё ўқитувчи, бир хилда заҳмат чекасан.

– Гапинг тўғри, – маъқулладим мен.

– Тошкентда қанча юрасан? – сўради у.

– Икки ё уч ойлар чамаси. Зерикиб қоладиганга ўхшайман. Лекин даволанмасам бўлмайди. Соғлик баридан муҳим.

– Турадиган жойинг борми? Эндиям ётоқхонага боролмайсан-ку!

– Билмадим...

– Уйимга олиб кетай десам, қиз боласан, – деди у ўйланиб. Кейин бир қарорга келдими, деди: – Юр, мен билан. Бирга ишлайдиган ҳамкасбимга учрашиб кўрайлик.

Фозил мени шаҳар чеккасидаги оддийгина оилага жойлаштириб қўйди. Ўзи эса “Икки ойлик тикувчилик курсини ҳам гаплашиб қўяман, қиз болага ҳунар ҳам керак бўлади. Бўш вақтингда қатнайверасан”, деб қўшиб қўйди.

– Кўнглимни тоғдай кўтардинг, миннатдорман, – дедим хурсанд бўлиб.

– Ҳечқиси йўқ. Эсингдами, менга имтиҳонларда роса ёрдам берардинг, – деди у самимият билан.

* * *

Уй эгалари очиқ кўнгил одамлар экан. Бири-биридан ширин уч нафар қизлари бор. Улар билан тез тил топишиб кетдик. Қизалоқлар бирам шўхки, худди улоқчаларнинг ўзгинаси. Бир ҳафта-ўн кун ичида мен чинакамига бу оиланинг аъзосига айланиб қолдим. Бизнинг аҳил-иноқлигимиздан қизларнинг отаси ва кўзларида доимо қандайдир дард акс этиб турувчи уй бекаси ҳам беҳад шод эдилар.

Бир куни шу аёл билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, гап орасида ўринсиз савол бериб қўйдим:

– Турмуш ўртоғингиз билан бошқа-бошқа вилоятлардан экансиз. Ота-онангиз сизни узоқ жойга турмушга беришга қийинчилик билан рози бўлган бўлишса керак.

У индамади. Фақат кўзларини ерга тикиб, бир хўрсиниб қўйди. Бошқа бу ҳақда чурқ этмадим. Кунларимиз шу зайлда бир текис ўтаётган паллада қизлардан бири шундай деб қолди:

– Опажон, бугун уйимизга Холида холам келарканлар. Уларни биз ҳам кўрганмиз-у, лекин ҳозир эслай олмаймиз. Ойим айтдиларки, кичкина холам бизникига борган пайтларда ҳали ёш бола эканмиз.

– Ундай бўлса, меҳмонни кутиб олиш учун тараддуд кўрамиз. Мен деразани артаман. Сиз хоналарни йиғиштиринг, – дедим.

Ойна ювишга латта ҳўллаётсам, аёл оҳиста ёнимга келди. Ундан-бундан гапирган бўлди-да:

– Ҳалитдан узр сўраб қўяй, синглимнинг феъли ғалатироқ. Ўзи сиз қатори қиз. Ўйлайманки, уни тўғри тушунишга ҳаракат қиласиз. Дадам вафот этгач, ойим якка ўзлари катта қилдилар. Тарбияси бўш, кўнгли ярим, – деди.

– Буёғини ўзимга қўйиб беринг, синглингиз билан қалин дугона бўлиб кетамиз, мана кўрасиз, – дея хушҳол жавоб қайтардим.

Бир оз вақт ўтгач, эшик қўнғироғи жиринглади. Аёл бориб эшикни очди. Озғин, қошлари чимирилган, сарғимтир тусли, ёши йигирмани қоралаб қолган қиз билан катта ёшли бир жувон кириб келди. Улар бир-бирларига анча тикилиб туриб қолишди. Сўнг аёл ўзини жувоннинг бағрига отди, бир оз йиғлаб олишгандан кейин сўрашиш навбати қизга келди.

Опа-сингилларнинг ўзаро муносабати мени қизиқтирарди. Мана, ҳозир неча йиллардан бери кўришмаган эгачилар яна қанча кўз ёши қилиб олишса керак, деб ўйладим. Бироқ қиз “Салом”, деб аёлнинг ёнидан бепарво ўтди-ю, уларга пешвоз чиққан поччасига эринибгина қўл чўзиб қўяқолди. Эшикдан уришиб-туртишиб келган қизлар ўзларини холажонининг қучоғига отишди, бегонасирашмадиям. Аммо уларни эркалаб, ўпиб қўйиш у ёқда турсин, “Боринглар, ташқарида ўйнанглар!” дейишдан нарига ўтмади. Мен томонга-ку, ақалли назар ҳам ташлаб қўймади. Ана холос!

Тавба, ростдан ҳам ғалатироқ қиз экан. Унинг кўнглига қўл солиш бамисоли ўтмас арра билан дарахт қирқишдек гап бўлса керак. Ҳайтовур, шериги — ўрта ёшлардаги қорачадан келган жувон қуюққина сўрашди. Бу аёл ҳам уларга қариндош экан. Чой-пойга уннаётсам, уй бекаси ошхонага меҳмон аёлни бошлаб кирди. Улар паст овозда нималарнидир пичирлаб гаплашишарди. Ёнгинасида турганим учун, хоҳласам-хоҳламасам гаплари қулоғимга чалиниб турарди. “Мен бугун қайтмасам бўлмайди”, деб нималарнидир уқтира бошлади меҳмон. “У ёқда қиладиган зарур ишларим кўп. Бунинг ҳар кимникида тентираб юрибди. Эт-билан тирноқни ажратиб бўлмайди. Шу ёшгача қишлоқдан бошқа жойга чиқмади. Имконинг келса, бирон ўқишга жойлаб қўй. Сенгаям, унгаям ичим ачиганидан олиб келдим. Болани бошқа қийнама, ахир”, – деди куйиниб.

Бека унга жавобан бош ирғашдан нарига ўтмасди. Менга парвоям қилишмади. Бир соат ўтар-ўтмас, жувон кетиши кераклигини айтиб уй эгаларидан узр сўради.

– Шунча узоқ йўлдан келдингиз, бир-икки кун дам олинг, шаҳар айлантирамиз, – деди оила бошлиғи.

– Шундоғам қайнсинглингизни ташлаб кетяпман. Ўқийман, девди. Энди Холидага ўзинглар қарашворарсизлар. Тушунган одамсиз, мен йўриғини билмайман.

Шундай деб ўрнидан турди. Биз уларни кузатиб қўйдик.

* * *

Машғулотларга ҳафтасига олти кун бир соатдан қатнаётган эдим. Қўлим тикишга анча ўрганиб қолди деганимда, доктор “Даволанаётган пайтда кўзингизга зарар” дея униям ман қилди. Энди буёғига кун бўйи уйда ўтираман. Мен, Холида ва қизлар уйда қоламиз. Дарвоқе, олдинига меҳмон қизнинг феъли тор экан, деб кўнглим совиганди. Кейин эса ростини айтсам, унинг табиати, феъл-атворига роса қизиқиб қолдим. У менга ёқди, десам ҳам бўлаверади. Ўтаётган кунларда опа-сингилнинг бирон марта гаплашиб ўтирганини кўрмадим. Гўё тўқнаш келиб қолишдан қўрққандек ўзларини олиб қочишарди. Нима бўлгандаям, менинг таажжубланиб қўйишдан бошқа иложим йўқ эди.

Бир куни эрталаб ҳовлига чиқдим. Эр-хотин барвақт туриб ишга кетиб бўлишганди. Қизлар қий-чув солиб қувлашмачоқ ўйнашаяпти. Нарироқда тош устида уларни холаси паришонгина кузатиб ўтирибди. Аста ёнига бориб чўккаладим. Кичкинтойларнинг беғубор қўзичоқдай сакрашига ҳавасим келганидан беихтиёр:

– Қандай ажойиб қизлар, – дедим. Диққатини бўлганим учунми, “ҳамроҳим” кўз остидан норози қиёфада қараб қўйди. Уни гапга солишнинг айни мавриди эканини билиб, бепарво оҳангда гапимни давом эттирдим:

– Шунақа ширин жиянларингиз борлигидан бошингиз осмонга етса керак?

У жавоб ўрнига сукут сақлашни лозим топди. Суви сиқилган лимондай “пучайиб” қолдим. Муғамбирлигим тутиб:

– Биламан, роса яхши кўрасиз, – қўшиб қўйдим бўш келишни истамай.

– Ҳеч қачон яхши кўрмайман, – деди у кутилмаганда томдан тараша тушгандай қилиб қўрс оҳангда ва кўзимга тик қараб гапини давом эттирди:

– Улар менинг жиянларим эмас, душманларим! Кўришга кўзим йўқ уларни, – деди-ю, шарт ўрнидан туриб, қизлар томонга қараб кетди.

Негадир шу тобда ойимга тақлид қилиб ёқамни ушлаб қўйдим. Бекорга уларни эслаганим йўқ. Юрган йўлимда насиҳатларини қулоғимга қуйгани қуйган: “Қизим, ака-опангнинг болалари сенга туғишган ука-синглинг кабидир. Жигарбандингнинг боласи ўз болангдан кам бўлмайди”.

Уйга кирганимда ташқаридан Холиданинг бақириб-чақиргани, қизларнинг йиғлаган овози эшитилди. Уришиб қолишди шекилли.

Ҳаш-паш дегунча бир ярим ой вақт ўтиб кетганини сезмай қолибман. Менга булар қанчалик меҳрибонлик қилишмасин, барибир уйимни жуда соғиниб кетдим. Айниқса, ойимни. Шуни ўйлаганим ҳамоно пиқиллаб йиғлаб юбордим.

– Нега йиғлаяпсан?

Холида хонага қачон кирди экан?! Кап-катта қиз қилиғимдан уялиб кетдим.

– Уйимни соғиндим, – дедим ўзимни аранг тўхтатиб ҳиқиллаганча. Бир нафас жим бўлиб қолдик.

– Мен ҳам, – дея пичирлади овози бўғзига тиқилиб гапида давом этди: – Лекин кимни? Буни ўзим ҳам билмайман. Тўғрисини айтинг, опамга ўхшайманми?

– Эътибор бермаганман... Ўхшасангиз керак. Ҳарҳолда опа-сингилсизлар.

– Ҳечам опа-сингил эмасмиз. Манави жинқарчалар менинг ҳеч қанақа жиянларим эмас, сингилларим бўлади.

– Айтгандим-ку, уларни яхши кўрасиз деб.

– Мен буни гапираётганим йўқ. Тўрталамизни битта аёл дунёга келтирган демоқчиман.

– Нима сизларни асраб олишганми?

– Сиғинди бўлганимдан кўра асранди бўлганим минг карра афзал эди. Бир куни кимгадир кўнглимни очишим аниқ. Сизга ҳаммасини гапириб бераман.

“Ҳа, шулар менинг ўрнимни эгаллашган. Қанчалик ҳаракат қилмай, яхши кўролмайман уларни. Гўёки, ҳаммасига қизалоқлар айбдордек. Аслида-ку, бу норасидаларда заррача ҳам гуноҳ йўқ. Ўша сиз опам деб ўйлаган аёл — менинг туққан онам. У бир пайтлар ҳозирги кўринишидан минг чандон гўзал бўлган. Ишонмасангиз, мана кўринг — унинг сурати. Доим ёнимда олиб юраман. Ўша пайтда қишлоқнинг энг олди қизи бўлганлигидан ўзига бино қўйиб, ота-она раъйига ҳам қарамай, ўзи севган йигит билан турмуш қуради. Шуниси ёмонки, оилада қайнанасининг гапини бир пулга қиммат деб билади. Сабаби, у ўзини ҳуснда ва ақлда тенгсиз деб ҳисоблаган. Оқибат, келишмовчилик, майда гап кўпайиб, эр-хотин ажрашишга мажбур бўлган. Ўртада норасида гўдак етим қолади. Шу чақалоқ мен эканман.

Онам эса мени ташлаб, пойтахтга жўнаб кетган. Ниятига етиб нуфузли олийгоҳ талабаси бўлади. Ўтмишини ҳаммадан қаттиқ сир тутиб, ўзини бокира, яхши тарбия кўрган жиддий қиз қилиб кўрсатганлар. Ўзини қай мақомга солганини билмадим-у, худди шу таассурот билан ҳозирги эрига, ҳали уйланмаган содда қишлоқ йигитига тегиб олади.

Бора-бора мени ҳам, бошқаларни ҳам бутунлай унутган онам янги ҳаётига сингиб кетган.

Мени эса бувим ва бобом раҳматли кичик фарзандимиз, деб ҳужжатлаштиришади. Уларнинг боласи эмаслигим жуда қаттиқ сир тутилган. Аслида кимлигимни олтинчи синфда ўқиб юрган пайтларимда билганман. Қўшни дугонам билан ниманидир устида тортишиб қолдик. Бирдан сочимга чангал солиб, қаттиқ тортди. Йиғлаб юбордим. “Ойимга айтиб бераман” деб йиғлаб кетаётсам, орқамдан:

– Сенда она нима қилади? Ташлаб кетган экан-ку, етимча — етти кулча, – деди хунук тиржайиб.

– Ёлғон, – дедим кўз ёшларимни артиб. – Ўзингдан тўқима.

– Ҳеч ҳам тўқиётганим йўқ-да. Анув куни ойинг бизникига кирганида айтдилар. “Катта қизим телеграмма жўнатиб, қизини бериб юборишимни сўрабди. Кафтимда тутиб ўстирган боламни қандай бериб юбораман? Бермай десам, ўз онаси”, дедилар. Билиб қўй, Холи! Ман кўп нарсани биламан. Шунақа!

– Йўқол, бўлмаган гапни гапирма, – деб уй томонга чопиб кетдим. Эшикдан кирибоқ ойимга, ҳозиргина дугонамнинг айтиши бўйича эса бувимга дуч келдим. Ҳаммасини сўрамоқчи эдим-у, ботинолмай, қучоғига бош қўйиб йиғлаб юбордим. Боя айтилган гаплар ҳақиқат бўлиб чиқишидан қўрқдим, жуда қўрқдим.

У киши менга тасалли бериб:

– Нима бўлди қизалоғим? Яна бирон ким билан уришдингми? Йиғламасанг, сенга зўр бир хушхабар айтаман. Катта опанг бир ўзи ёш болаларига қарашга қийналаётган экан. Сени жўнатишимни сўраб, телеграмма юборибди. Эртага эрта билан аканг сени олиб йўлга чиқади, бошингни ювиб ол, қизим, – дедилар мени юпатган оҳангда.

Тушундим. Сўрамасам ҳам борини билдим. Мен бу аёлнинг қизи эмас эканман.

Эртаси куни йўлга чиқдик. Уларникига ҳақиқий ота-онамни топиб олгандай ҳаяжон ва қўрқув билан борувдим. “Демак, мен онамга керак эканман”, деган болаларча соддалик бор эди юрагимда. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Муддаоси — ёш болалари ва уйига қараб ўтириш учун қўл-оёғи чаққонроқ югурдак топиш эканлигини ўн кун ҳам ўтмай англаб етдим. Бошқа яшай олмай, ортимга қайтиб келдим. Вақт ўтиб уларни Тошкентга — мана шу ҳовлига кўчиб кетибди, деб эшитдик.

Мени оқ ювиб, оқ тараган бувим вафот этгач, куним тоғам ва холаларимга хизмат қилиш билан ўтадиган бўлди. Ота-онасига керак бўлмаган фарзандга ким ҳам меҳр берарди. Мени сал уришишса ҳам тоғдай ботиб кетади. Ҳар бирининг эшигида кун кўриш жонимга тегди. Ўз отамнинг-ку кимлигиниям билмайман. Ҳеч бўлмаса онам тирик, болам деб бағрига босар, деб таваккал йўлга чиқдим. Мана кўриб турганингиздек, мени ташлаб кетган онамни излаб келиб нимагаям эришдим. Гарчи катта опам деб билган одамимдан: “Мен сенинг онангман”, деган гапни эшитиш нечоғлиқ оғир бўлсаям, худди шу бир жумла гапни эшитиш учун келгандим. Йўқ, айтмадилар. Бунга ҳаққи йўқлигини яхши билгани учундир, балки. Ўз онамни фалончи опа деб чақираман, поччам менга ўгай ота эканлигини хаёлигаям келтирмайди. Ота-она меҳрига қониб улғайган бу кичкинтойлар эса мени ҳеч қачон тушуна олишмаса керак”.

Шундай дея у бошидан ўтганларни менга ҳикоя қилиб берди.

* * *

Эр-хотин олдинма-кетин ишдан қайтиб келишди. Хуш кайфият билан кечки овқатга ўтирдик. Ота қизлари билан суҳбатлашгиси келиб, уларнинг кенжасини сўроққа тутди.

– Биз йўғимизда одобли қиз бўлиб юрдингми, шириним?

Шундоғам “тўлиб-тошиб” ўтирган қизча бийрон тиллари билан бидирлаб кетди:

– Дада, холамга айтинг, уйимиздан кетсин. Сиз кетганда роса уришди. Бизни ёмон кўради. Ўзини дадасига борсин, – деди.

– Ойимга айтсак, фақат айб ўзларингда, дейдилар. Холамнинг ёнини олиш учун бизни уришадилар, – гапга аралашди ўртанчаси.

Катта қизи аввалига индамай ўтирди-ю, бўлмади. Уям юрагидагини тўкиб солди:

– Худди анавинда ўқиб берган эртагингиздаги Зумраднинг ўгай опаси Қимматга ўхшаб турткилайверадилар.

Жиблажибонларнинг холаси кўзида ёш қалқди. Аёлга тикилиб, кўзлари билан ундан нажот излади. Пушаймонлик, қўрқув, изтироб, ваҳимадан бўлак ҳеч нарса тополмагач, юзи қатъий тус олди. Тўсатдан рўпарасида ўтирган “поччаси”га қараб деди:

– Биз тарафга кетадиган поезднинг соатини аниқлаб беринг!

Уй эгаси ўнғайсизланиб жавоб қайтарди:

– Нималар деяпсиз? Бу чақимчиларга эътибор берманг! Ўз опангизнинг уйи, бегонаникидамассиз. Ёш бола-да, нима деганига ақли етармиди! Хотин, кел ўзинг гапир синглингга!

– Шунча йилда сени зўрға уйимга опкелдим деганимда, энди қўйиб юбораманми? Қишлоқда чанг ютиб, қора меҳнатда юрганинг яхшими? Онанг ўрнида она бўлишга тайёрман, лекин кетаман дема.

– Узр опа, – деди Холида алам билан. – Онанинг йўриғи бошқа экан. Опалар уларнинг ўрнини босолмаслигига амин бўлдим. Менга кўрсатмоқчи бўлган меҳр-муҳаббатингизниям қўшиб фарзандларингизга беринг. Ахир, улар ўз болангиз, мен эса бор-йўғи бир сингилман, холос. Йиллар давомида бегоналашиб кетибмиз. Энди ҳам бир-биримизсиз ўлиб қолмасак керак.

Аёл надомат билан ич-ичидан оғриқли жавоб берди:

– Сен... Сен ҳали ҳеч нарсани билмайсан-ку. Шу... жиянларингга меҳрлироқ бўлсанг нима қиларди?!

– Меҳр олиш учун олдин уни бериш керак. Оналар, кимлигидан қатъий назар, фарзандларига меҳрини тенг тақсимлашга мажбурдирлар. Қалби она тафти билан исимаганларнинг қаҳри қаттиқ бўлса, ҳеч ажабланманг.

Ҳеч нимани тушунмай ўтирган ўгай отасига қараб:

– Кетдикми почча, – деб ўрнидан турди. Нигоҳи қизларга тушиб, бир зум тўхтади.

– Билиб қўйинглар, – деди у. – Сиз ўқиган эртакдаги ўгай она Зумрадни ёмон кўрсаям, ҳеч бўлмаса, ўзи дунёга келтирган қизи Қимматни жонидан ортиқ кўради. Афсоналарда оналар боласининг бахти учун юрагини суғуриб беради. Ҳаётда эса акси. Баъзи оналарга ўзи дунёга келтирган фарзанди ортиқча юк бўлиб қолади. Улар боласидан кўз юмиш эвазига бахтли ҳаёт кечирадилар. Бир бахтиқарони нима учун дунёга келтирганини ўйлаб ҳам кўришмайди. Илоҳо, тирик етимлик ва ўз онасининг ўгай қарашларидан Тангри сизларни асрасин! – деди-ю, чиқиб кетди.

Хайрлашиш илинжида ўрнимдан турдим. Бироқ у, шу хонадонга кириб келган куни сингари кетаётиб ҳам мен томонга қараб қўймади.

Бутунлай кетди. Бир-икки кун ўтгач, уни тез соғиниб қолдим. Хат ёзиш учун ён дафтарчамни очиб қарадим. Илгарироқ унга, яшаш жойингизнинг манзилини ёзиб беринг, деб илтимос қилган эдим. Лекин манзил ўрнида унда шундай сатрлар битилган эди:

Бувимга боламан, онамга сингил,

Отамни танимай ўтиб кетаман.

Ўртада сарсонман ташландиқ кўнгил,

Айтинг, бу дунёда яшаб нетаман?!

Хосият РАЖАБОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

11.09.2018, 21:43
04.09.2018, 20:15