Ташкент +18° Thu 03:19
Долзарб мавзулар Фото

Виждон азоби

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 02.05.2018, 13:39

Ит ўлди. Виждон, инсоф, диёнат ҳам...

Аёл шуларни хотирлаб ўйга ботди. Мана чорак аср умр кўрибди. Кимнингдир дилини оғритган бўлса бордир. У ҳам ҳам ҳақгўйлиги, ҳалоллиги учун бўлган. Лекин руҳи ҳеч қачон ҳозиргидай азоб топмаган. Хаёлида фақат бир савол чарх уради: “Гуноҳи болаларига урса-я?”

Бўлмағур фикрларидан ўзи ҳам қаттиқ қўрқди. Ич-ичидан Худога ёлворди: “Эй, Тангрим! Биламан, яхши-ёмон ишларимиз учун жазоимиз тайин. Ўзим қандай балога гирифтор бўлсам ҳам майли. Фақат қилмишимнинг қасосини болаларимдан олмасанг, бас. Акс ҳолда...”

Эшик тақиллади. Очса, синглиси экан. У синглисидан ҳеч қачон сир яширмаган. Ҳозир эса айтиш-айтмаслигини ўйланиб қолди.

– Бир гап айтсам, ҳеч кимга айтмайсанми? – деди охири иккиланиб.

– Тинчликми? – хавотирланди сингил.

– Қўшнимнинг ити — Шарик... ўлди.

– Яхши бўпти. Уйингизга бемалол келиб-кетадиган бўлибман. Қачон қарама, мени кўрди дегунча акиллаб югурарди. Қаёққа қочишимни билмай қолардим. Ўша қўшнингиз ҳам итини боғлаб қўйса, бир жойи камайиб қоладими! – куйиб-пишиб гапирарди синглиси.

Синглисининг гапларидан бир оз таскин топгандай бўлиб, деди:

– Кеча уй эшигим олдини ахлатга тўлдирибди. Уйга биров бемалол келиб-кетолмайди. Болаларимга югургани югурган. Тишлаб олса, ё бирор касал юқтирса нима бўларди? Қачонгача чидаш мумкин?! Эгаларининг бўлса парвойи палак, – деди гуноҳкорона.

– Шунга мотам тутиб ўтирибсизми? Ўлса ўлар, қутулибсиз қайтанга, – деди сингил опасига тасалли берган каби.

– Нима қилай, жон аччиғида увиллаб, ўзини уй эшигимизга ура-ура, қийналиб тинчиб қолганини унутолмаяпман, – деди ҳазин товуш билан.

– Нима, итлар увиллаб ўладими? – ҳайрон бўлди сингил. – Ё қутурганмикан?

– Қаёқда... Доридан ўлди.

– Қанақа дори?

– Маргимуш!

– Ким берибди?

– Биз... Поччанг иккимиз...

– Эсингиз жойидами? Ахир бу гуноҳ-ку!

– Бошқа иложимиз йўқ эди.

– Нега бўлмас экан?! Уни қишлоқдаги қариндошларимизга бериб юборсангиз ёки узоқроқ бирон жойга ташлаб келсанглар ҳам бўларди-ку. Сиз мен билган одамлар орасида энг ҳалоли эдингиз-ку! Наҳотки шу ишга қўл урдингиз-а? Худодан қўрқмадингизми? Болаларингиз бор, ахир!

– Худди мана шу мени азоблаяпти. Минг пушаймонман. Жонивор шунчалик қийналиб жон таслим қилишини билмаган эканман. У кўз олдимдан кетмаяпти.

– Энди бўлар иш бўлибди. Худо йўлига садақа қилиб, қилмишингиз учун тавба қилиб, Яратгандан кечирим сўранг.

– Шундай қиламан, – деди шоша-пиша. – Бугунги кунгача ўзимни кечиролмаслик даражасида ҳеч қандай иш қилмагандим. Мана, энг оғир гуноҳга ботиб ўтирибман.

– Бошқа бундай қилманг, опа.

– Ҳеч қачон, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тавба қилдим. Оллоҳ яратган яхши-ёмоннинг ҳар қилиғига сабр қиламан.

...У тирик жонга озор бермасликка қасам ичди. Буёғига хотиржам яшаётгандай. Болалари ҳам тинчгина ўйнаяпти. Ҳув нарида нарида эса, қўшни бола итини эслаб кўзларини ёшлаяпти. Синглиси ҳам бемалол келиб-кетадиган бўлди. Чунки энди ит йўқ. У ўлди, ахир...

Хосият РАЖАБОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

11.09.2018, 21:43
04.09.2018, 20:15