2018 йил 22 май куни жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг Қувасой шаҳар 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида, очиқ сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбланган Азизов Фарзали Қўчқоровичга оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси бўлиб ўтди.
Суд мажлисида судланувчи Ф.Азизов жиноят йўлига адашиб кириб қолганлиги, тенгдошлари билан бирга Қирғизистон Республикаси ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жуда кўп миқдордаги товарларни ўтказиш жиноятини фақатгина пул ишлаб топиш мақсадида қилганлиги, содир этган жиноятидан сўнг Россия Федерациясига ишга кетганлиги, у ерда ҳам қийналиб, сарсон бўлиб юрганлиги, унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олиш қўлланилганини отаси Қ.Азизовдан эшитиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тушуниб етиб, айбига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб келганлигини баён этди.
Ишнинг судда аниқланган ҳолатларига кўра, Ф.Азизов 2017 йил 09 май куни соат 2100ларда ўзига тегишли отга миниб, Қувасой шаҳар, Найман қишлоғидаги давлат чегарасига яқин ҳудудда жойлашган қабристон ёнида жиноий шериклари А.Саидғозиев, А.Мусаев, Р.Носиров, М.Айбашовлар билан учрашиб, дастлабки тергов ва судда шахси аниқланмаган Қирғизистон Республикасида яшовчи “Оқжўл” исмли шахс ва бошқа шахслар томонидан олдиндан келишилган жами 18 та қоп ва 10 та қоғоз қутилардаги товарларни давлат чегарасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтказилишини кутиб туриб, товарлар чегара тўсиғи симлари устидан махсус чуқурликка ташланганлиги ҳақидаги хабарни эшитгач, жиноий шериклари А.Хакимов ва А.Саидғозиевлар ҳарбий хизматчилар келиб қолмаслиги учун атрофни кузатиб турганлигидан фойдаланиб, ўзи А.Мусаев, Р.Носиров ва М.Айбашевлар билан ушбу товарлар ташланган чуқурликка бориб, Қувасой шаҳар, Найман қишлоғидаги мевали боғ ичида “Дамас” русумли 40 Р 751 DA давлат белгили автомашинасида келгусида Марғилон шаҳрига етказиб берилишини таъминлаш учун жиноий шериги А.Собитхоновга ташиб бериш ва ташиб берилган ҳар бир қоп учун 40.000 сўмдан пул олиш мақсадида товарларни отларига юкламоқчи бўлиб турган вақтда шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар келиб қолганликлари сабабли жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида товарларни чуқурликда қолдириб, жиноий шериклари билан бирга воқеа жойидан қочиб, яширинган.
Ҳарбий хизматчилар томонидан расмийлаштирилган баённомага асосан воқеа жойидан 18 та қоп ва 10 та қоғоз қутиларга жойлаштирилган 4 хил турдаги товарлар ашёвий далил тариқасида олинган.
Фарғона шаҳар “Континент-имкон баҳо” МЧЖнинг 2017 йил 20 июль кунги 322-сонли ҳисоботига кўра, М.Айбишев ва бошқалардан ашёвий далил тариқасида олинган 4 хил турдаги товарларнинг баҳолаш санасида тавсия этилаётган умумий қиймати 278.166.000 сўмни ташкил қилган.
Суд судланувчининг ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, тарафларларнинг музокара нутқларини, судланувчининг музокара, ҳимоя ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, Ф.Азизовга нисбатанЎзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси2-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57, 62-моддалари тартибида 4.568.137,5 сўм жарима жазоси тайинлади.Ф.Азизов суд залидан дарҳол қамоқдан озод қилинди.
Иш бўйича раислик этувчи судья Р.Зариповнинг фикрига кўра судланувчи Ф.Азизовга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги, содир қилинган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, ёши, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани инобатга олинган ҳамда оғир шахсий, оилавий шароитларда жиноят содир этганлиги, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ҳамда ўз ихтиёри билан тергов органларига келганлигини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида баҳоланиб, судланувчи Ф.Азизовга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўлланиб, мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинланган. Мазкур ҳукм 2018 йилнинг 02 июнь куни қонуний кучга киради.
Шундай экан, жиноят йўлига адашиб кириб қолган ва ҳозирда афсусда, чет эл давлатларида сарсону-саргардон бўлиб юрган шахслар Муқаддас Ўзбекистонимизга қайтсалар, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлсалар ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам берсалар, ўз номларига тушган доғни оқлашлари, тинч ва осуда ҳаётга қайтишларига яна бир бор имконият берилиши мумкин бўлади.