АсосийJamiyat

Марказий банк: май ойида нарх-наво пасайди

'Марказий банк: май ойида нарх-наво пасайди'ning rasmi

Республика истеъмол бозорларидаги нархлар ўзгаришини аниқлаш бўйича Марказий банк томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган ўрганишлар натижалари май ойининг дастлабки тўрт ҳафтасида танланган товар ва хизматлар гуруҳи бўйича ўртача нархлар 0,6 фоизга пасайганлигини кўрсатди. Бунда озиқ-овқат товарлари 1,1 фоизга ва ноозиқ-овқат товарлари 0,9 фоизга арзонлашган бўлса, хизматлар 1 фоизга қимматлашди.

Нархларнинг ўзгариши асосан миллий валюта қадрининг ошиши, ташқи савдо шароитларининг ва рақобат муҳитининг яхшиланиши, истеъмол бозорига сабзавотлар янги ҳосилининг кириб келиши каби омиллар таъсирида шаклланди. Шунингдек, аҳоли ва корхоналарнинг инфляцион кутилмаларининг пасайиши ҳам нархлар тушишига таъсир этувчи омилларидан бўлди.

Кузатиш даврида озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ўртача нархларида пасайиш кузатилган бўлсада, алоҳида маҳсулот нархлари ўзгариши турли хил йўналиш касб этди. Хусусан, помидор, бодринг ва картошка янги ҳосилининг бозорларга кўп миқдорда кириб келиши, ушбу сабзавотлар нархларининг мос равишда 63,8, 30,2 ва 27,6 фоизга арзонлашишига сабаб бўлди. Шунингдек, сариёғ нархи 2,4 фоизга ва парранда гўшти нархи 1,3 фоизга пасайди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари, хусусан маиший техника ва шахсий гигиена товарларинархлари республикада айниқса чегара ҳудудларида ташқи савдо ҳажмларининг ошиши, истеъмол бозорининг ушбу сегментида рақобат муҳитининг яхшиланиши ҳамда миллий валюта қадрининг ошиши каби омиллар таъсирида шаклланди.

Ушбу товарлар гуруҳлари таркибида телевизорлар 8,0 фоизга, чангютгичлар 4,4 фоизга, совутгич ва электр чойнаклар 1,8 фоизга, атир совун 3,5 фоизга ва шампунь 1,9 фоизга арзонлашди.

Апрель ойидаги табиий газ тарифлари ошиши автотранспортда юк ва йўловчи ташиш хизматлари нархларига ўз таъсирини кўрсатди. Шаҳар ичидаги автобусда йўл кира ҳақи, айрим ҳудудларда тўловларнинг сезиларли ошиши ҳисобига 13,7 фоизга, автомобилда юк ташиш хизмати эса 1,6 фоизга ошди. Шунингдек, тиббий хизматлар нархлари 2,4 фоизга ошиши кузатилди.

Эслатма

Қайд этиш лозимки, юқорида келтирилган истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ўзгариш динамикаси иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни таҳлил қилиш мақсадида Марказий банк томонидан олиб бориладиган кузатувларга асосан ҳисобланган. Республика бўйича истеъмол нархлари индекси Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳисобланади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар