АсосийJamiyat

Мактаб ярмаркалари иш бошлади

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1885 та мактаб ярмаркалари ташкил этилди.

Мактаб ярмаркаларининг 979 таси умумий ўрта таълим мактабларида (уларга 6298 та мактаблар бириктирилган) ташкил этилиб, улардан 2,8 млн нафар ўқувчи, 232 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказиладиган ярмаркалардан 1,5 млн нафар ўқувчи, 398 та аҳоли гавжум бўлган бозорларда, 276 та йирик савдо мажмуаларида ташкил этиладиган ярмаркалардан қарийб 1,7 млн нафар ўқувчилар фойдаланади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларга 130 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Мазкур маҳсулотларнинг аксарият қисми юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда 6 млн. нафар ўқувчилар учун эҳтиёжлар заҳираси шакллантирилмоқда.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ” компанияси етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.  Ярмаркалар ташкил этиладиган таълим муассасаларининг ҳовли ва фойеларида алоҳида жойлар ажратилиб, зарур жавонлар билан жиҳозланган.

Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш ҳамда аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 1885 та барча турдаги тўлов терминаллари ўрнатилиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар