Қўғирчоқ театрининг ватаманимиз болажонларининг тарбиясида тутган ўрни, маданий меросимиздаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда 2014 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика қўғирчоқ театри биносини мукаммал таъмирлаш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг 99-банди ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Қарорда театрни мукаммал таъмирлаш учун давлат бюджетидан 15 миллард сўм миқдорида (шундан, 2014 йилда 400 миллион сўм) маблағ ажратиш белгиланган.
Қарорда таъкидланишича, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Давархитектқурилиш» қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Республика қўғирчоқ театри биносида мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш доирасида буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясини белгиланган.
Бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади. Тошкент шаҳар ҳокимлигига Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда иншоотда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган давр мобайнида Республика қўғирчоқ театри ўз фаолиятини олиб бориши учун унга қулай шароитларга эга бўлган бинони вақтинчалик ажратилишини таъминлаш вазифаси топширилди.