Долзарб мавзулар Фото

Олча: юрак, бўғим ва шамоллашда фойдали

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 18.06.2018, 10:47

Барчамизга болаликдан таниш бўлган олчанинг бирталай фойдали хусусиятлари борлигини биласизми? Олча фақат камқонликни даволайди ҳамда шамоллашда кор келади, деб ўйласангиз, у ҳақида ҳеч нарса билмайсиз, ҳисоб. Ватани Осиё бўлган олча дарахтининг дунё бўйлаб юзлаб турлари мавжуд. Олчани шарбат, компот, мураббо, морс кўринишида маза қилиб истеъмол қиламиз. Аммо бу тариқа мевани ейиш мумкинми ўзи? Балки бугунги мақоламизни ўқигач, олчани кўпроқ хомлигича истеъмол қилишга киришарсиз. Ҳар ҳолда, унинг кимларга фойдаю кимларга зарар келтириши, хомлигича ҳамда мураббо ҳолида қанча муддат сақлаш мумкинлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлишингиз тайин. Бу ҳақда Наманган вилояти «Халқ табобати маркази» мутахассиси, табиб Абдуҳалил Баннаев маълумот беради.

БЎҒИМ ОҒРИҒИДА ФОЙДА

Олча меваси яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи, терини тозаловчи, қонни кўпайтирувчи хусусиятга эга. Юрак уришини маромига келтирувчи, иммунитетни кўтарувчи мевадир. Таркибида яллиғланишга қарши моддалар борлиги сабаб, олча меваси шарбати ҳамда банди ва шохчасидан тайёрланган дамлама артрит, ревматизм, артроз касалликларида бўғимдаги оғриқнинг тезроқ тўхташига, шишларнинг йўқолишига ёрдам беради. Агар узоқ вақтдан бери бел оғриғидан қийналсангиз, олча дарахтининг пўстлоқ қисмини қайнатиб, ичиш керак.

!Олча шохчасидан тайёрланган дамлама ёзда кўп кузатиладиган ичкетар, қорин оғриғида шифо бўлади. Бунинг учун бир сиқим олча меваси бандини 2 пиёла сувда қайнатиб, кун давомида ярим пиёладан ичилади. Бу дамлама ҳайз кўп келганда, оғриқ кучли бўлганда ҳам ёрдам беради.

ОЗМОҚЧИМАН ДЕНГ...

Таркибида В гуруҳ витаминлари, пектинни сақлаган олча нафақат тинчлантиради, уйқуни тиниқлаштиради. Балки яхшигина оздиради ҳам. Бу мевани кунига 3 маҳал, 10 донадан овқатдан олдин есангиз, ой давомида 5-8 кило вазн ташлашингиз аниқ. Яна 10 дона олча тановули бир дона аспирин дорисининг ўрнини ҳам босишини билиб қўйинг. Яъни, олча қонни суюлтириб, тозалайди, сийдик йўлларини яллиғланишдан халос қилади, гемоглобинни кўпайтиради ва юрак хасталикларининг олдини олади.

БАРГИНИ ҚАЙНАТАМИЗ!

Вирусга қарши хусусиятлари борлиги сабаб, олча барги қайнатиб истеъмол қилинса, грипп, иситма, йўталдан тезроқ тузалишга ёрдам беради. Ёш болалар ва кексаларда оғирроқ кечадиган бронхит касалида олча мевасини қайнатиб ичиш тавсия этилади. Олча барги қайнатмаси аёллардаги жинсий йўллардаги шамоллаш, эркаклардаги простата бези аденомасида ҳам айни муддаодир.

Олча баргини сутда қайнатиб ичиш изтиробли йўталда, ўт пуфаги яллиғланишида, сариқ касалида, жигарнинг ёғ босишида фойдаси бор.

ҚАНДАЙ ТАНЛАЙМИЗ?

Мевани танлашда унинг шохчаси (банди) яшил бўлишига эътибор беринг. Бу меванинг янги узилганини билдиради. Хомлигича олчани совитгичда атиги 2 кун сақлаш мумкин. Ҳатто бунинг учун ҳам мевани яхшилаб ювиб, қуритиб кейин совуткичга солиш керак. Агар узоқроқ сақлашни истасангиз, данагидан ажратиб музлатиб қўйинг. Шу ҳолатда олчани 6 ойгача сақлаш мумкин.

КИМЛАРГА ЗАРАР?

!Олча мураббосига данагини олмасдан ишлатманг. Сабаби, данаги ва олча уруғи таркибидаги амигдалин моддаси узоқ сақланса ва одам уни беихтиёр ютиб юборса, организмни заҳарлаши мумкин. Олчадан тайёрланган мураббо, компотни бир йилдан кўп сақламаслик зарур. Сабаби, олча данаги таркибидаги амигдалин моддаси соғлиққа зарар қилиши, юрак уришини тезлаштириши мумкин.

Ёдда тутинг: олчани ҳаддан зиёд кўп ейиш тиш эмалининг бузилишига олиб келади.

Ошқозон яраси, қандли диабет, панкреатит, ўпка яллиғланиши, тери касалликлари, псориазда бу мевани имкон қадар камроқ ейишни тавсия қиламиз.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии