Sevimli

Хитойда панда бирваракайига 3 та пандани дунёга келтирди

ДУНЁ 13.08.2014, 18:35
Хитойда панда бирваракайига 3 та пандани дунёга келтирди

Гуанчжоу шаҳридаги "Чанлун" ҳайвонот боғида оламшумул ҳодиса юз берди. Сичуань провинциясидан келтирилган Цзюйсяо исмли панда 29 июль куни тонгда учта пандани дунёга келтирган. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар беради. 

15 кун ичида панда болаларининг аҳволи яхшиланди. Айни дамда бу дунёда тирик қолган ягона эгизак пандалардир. Бу ҳақида оммавий ахборот воситаларига 12 август куни хабар берилган. 

“Цзюйсяо апрел ойида ҳомиладор бўлиши керак эди. Аммо мутахассислар унинг ҳомиладорлиги амалга ошгани ёки ошмагани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасдилар. Бирваракайига 3 нафар пандачанинг туғилиши барчамизни хурсанд қилди” - дейди Чанлун ҳайвонот боғининг бош директори Дун Гуйсинь.

Она панда болаларини дунёга келтиргач, жуда ҳолсизланди. Аммо айни кунларда у ҳайвонот боғи ёрдамчилари кўмаги билан болаларига ғамхўрлик қилаяпти. Пандачаларнинг жинси матбуотга ошкор этилмаган. Ҳайвонот боғи мутахассислари ушбу “мўжиза”ларга катта эътибор билан қарашмоқда. Чунки илк ойлар улар ҳаётини ҳал қилиши мумкин.

Хитой пандалар муҳофазаси тадқиқот маркази раҳбари Чжан Хэминь пандалар ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: “Эгизак пандаларнинг тирик қолиш эҳтимоли кам фоизларни ташкил этади. 50 йил ичида дунё бўйича 400 та панда дунёга келган. Улар ичида 3 мартагина бирваракайига 3 та панда дунёга келган. Бироқ ушбу учликларнинг ҳеч бири тўлалигича тирик қолмаган”. 

Гарчи мутахассисларнинг фикрлари факт ва далилларга асосланган бўлсада, биз ушбу уч панда болаларининг яшаб кетишига умид қилиб қоламиз. 

Шарҳлар