41

Қутлуғ кунлардаги халқаро анжуман: мунозаралар, мушоҳадалар, кашфиётлар...

ЖАМИЯТ 20.06.2018, 15:11
9995
Қутлуғ кунлардаги халқаро анжуман: мунозаралар, мушоҳадалар, кашфиётлар...

6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро конгресси бўлиб ўтди.

Халқимизнинг бой ва бетакрор меросини янада кенгроқ тарғиб этиш ва чуқур ўрганишга бағишланган ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси (ЎзЭОВМА), Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, “Eriell Group” халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компанияси, “Zamon press info” нашриёт уйи ҳамкорлигидаўтказилди.

Унда дунёнинг қирққа яқин давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, машҳур музейлар вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Анжуман таассуротлари хусусида “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари, ЎзЭОВМА раиси Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлашдик.

Муборак кунлардаги мунавваранжуман

— Қутлуғ Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида ўтган Конгрессиштирокчилар томонидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти таъсис этилди. Сизни ушбу жамиятраиси этиб сайланганингиз билан муборакбод этамиз.

Албатта, билдирилган юксак ишонч учун конгресс иштирокчиларига миннатдорлик билдираман. Зиммамдаги шарафли ва масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламан. Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар дунё бўйича бундай тузилма бўлмаган. Бундан кейин ҳам ижодий гуруҳимиз, хориждаги ҳамкорларимиз билан бирга маданиятимиз, аждодларимиз меросини кенг миқёсдаги ўрганиш ва тарғиб этишда давом этамиз.

Айтиш лозимки, бу конгресс мамлакатимизда халқимиз маданий меросини асраб авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилаётган юксак эътибор самараси бўлди. Конгресс барча мусулмонлар учун қутлуғ кунларда, Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида ўтказилди. Халқимизнинг маданий мероси ҳам Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам БМТнинг юксак минбаридан туриб, бутун дунё жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб этишэнг муҳим вазифамиз эканини таъкидлаганлар.

— Демак, мазкур конгресснинг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан маърифий ислом ва унинг инсонпарварлик ғояларини акс эттириш экан-да?

Тўғри. Конгресс давомида юртимиздаги Ислом цивилизацияси, динимизнинг инсонпварлик ғояларига бағишланган маърузалар тингланди. Ана шу йўналишдаги фильмлар, китоблар тақдимоти ўтказилди, қатор кўргазмалар ташкил этилди.

Ушбу конгресс юртимиз маданий ҳаётида ҳам, иштирокчи олимлар, мутахассислар, биз билан ҳамкорлик қилган музейлар ва илмий муассасалар учун ҳам жуда фойдали бўлди. Халқимиз маданияти ва тарихини тадқиқ қилаётган олимлар янгидан-янги маълумотларга эга бўлишди, ҳамкасблари билан ўзарофикр алмашишди.

Конгресс кунлари Санкт-Петербургда очилган кўргазмалар Россияда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати кунлари ҳам ўз ишини давом эттиради. Демак, минглаб футбол мухлислари шаҳар музейларига саёҳат асносида халқимизнинг бой ва бетакрор маданияти, шунингдек, Ислом маданияти ва маърифатибилан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.

“Музей омборидаги дурдоналар”

— Конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги олтита музейда Ўзбекистонга оид кўргазмалар ташкил этилди. Улар орасида Давлат дин тарихи музейидаги кўргазма ўзига хос тарзда ўтди. Очиғи, у ерда Ўзбекистондаги ислом маданиятига оид экспонатлар борлиги ҳайратланарли.

— Дин тарихи давлат музейи – ўта ихтисослашган музей. Қизиғи, музейходимлари унингфондида сақланаётган “ўзбекона” экспонатларидан бехабар экан. Биз икки йил илгари уларга Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатларни кўрсатишни сўраганимизда, елка қисишди: “Нима учун бизда шундай экспонатлар бор деб ўйлаяпсиз?”. “Сиз нима учун йўқ деб ўйлаяпсиз? Хориждаги бошқа музейларда ҳам шу масалада мурожаат қилганимизда ҳам шунақа дейишганди. Музейларнингзаҳира фондларини ўрганганимизда кўплабқимматли ашёларни топганмиз, сизам яхшилаб қараб кўринг”, дедик. Улар рози бўлишди.

— Натижа қандай бўлди?

— Музей фондидан бирин-кетин жуда антиқа буюмлар топила бошлади. Ходимлар ҳар бир топилма ҳақида бизга маълумот бериб туришди. Улар ҳатто Бухоро амирининг зардўзи чопонини ҳам топишди. Миноралар, гумбазлар, ҳужраларнин меъморий чизмаларини айтмайсизми? Энг қизиғи, музей фондларидан ўрта осиёлик дарвишларга оид кўплаббуюмлар, ўтган асрларга оид суратларни ҳам топдик.

Мазкур музейдан нафақат ислом, балки Ўзбекистон ҳудудидан топилган зардўштийлик, буддавийлик, яҳудийлик динларига оид экспонатлар ҳам ўрин олган. Бу эса, азал-азалдан Ватанимизда диний бағрикенглик анъаналари мавжуд бўлганини кўрсатади.

Бебаҳо мерос – шоҳона туҳфа

— Ўзбекистондан келган кўплаб олимлар конгресс доирасида Ислом оламидаги энг табаррук қўлёзмалардан бири, Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”нинг асл нусхаси билан ҳам танишишди. Ушбу нодир дурдона ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.

Бугун дунёнинг турли ҳудудларидаҚуръони каримнинг беш дона энг қадимий мўътабар нусхалари сақланмоқда. Шундан иккитаси бевосита Ўзбекистонга тегишли. Биринчиси Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган “Усмон мусҳафи” бўлса, иккинчиси мана шу, “Катта Лангар Қуръони” ҳисобланади.

Мазкур қўлёзма, пергаментда, Кўфий-ҳижозий хат турида, ўн уч аср илгарибитилган. Дастхатдаги фарқларга қараганда, бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган.

— Қўлёзманинг қадимий экани қандай исботланган?

— 2000 йилнинг май ойида Голландиянинг Гронинген университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган.

Тахминларга кўра, қўлёзманинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси етиб келган. Қўлёзманинг 81 саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковскийнинг ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари ўрин олган. Биз тайёрлаган факсимиле нусхасига манбанинг айнан Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган қисми асос қилиб олинган.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида, биттаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида, 12 варағиКатта Лангар қишлоғида сақланади.

— Қўлёзманинг қолган қисми қаерда бўлиши мумкин?

— Бу ҳозир олдимиздаги энг катта жумбоқлардан бири бўлиб турибди. Маълумотларга кўра, саҳифалар узоқ вақт Қашқадарё вилояти Катта Лангар қишлоғида сақланган. Қўлёзманинг бир қисми ўтган аср бошларида Ўзбекистондан ноаниқ сабабларга кўра олиб чиқиб кетилган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш бошлангач, тегишли идораларнинг кўрсатмасига биноан Катта Лангар зиёратгоҳидаги тарихий буюмлар, қадимий қўлёзмалар ҳам мусодара қилинган. Ўша йилларда қишлоқ оқсоқолларидан бири қўлёзманинг 12 саҳифасини асраб қолишга муваффақ бўлади. Мустақиллик йилларида ушбу муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилди.

Ефим Резван айтганидек, “Катта Лангар Қуръонининг қолган қисмлари Ўзбекистонда, кимларнингдир хонадонида шахсий коллекцияларда сақланаётган бўлиши мумкин”.

Ҳозирга қадар қўлёзманинг яна 109 саҳифаси йўқолган деб қараларди. Анжуман давомида яна бир янгиликка дуч келдик. Конгрессда иштирок этган Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова худди шу китобнинг бир саҳифаси Давлат Божхона қўмитаси томонидан музейга топширилганини айтиб қолди. Бу саҳифани мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетишмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолишган.

Бироқ, божхона ходимлари миллий меросимизни асрашга янада кўпроқ ёрдам беришлари, маданий ёдгорликларимизнинг ҳеч бирини ташқарига олиб чиқилишига йўл бермасликлари лозим.

— Конгресс доирасида ушбу қўлёзманинг факсимиле нусхалари Санкт-Петербургдаги қатор маданий-маърифий муассасаларга совға қилинди. Факсимиле ўзи нима дегани?

— “Факсимиле” сўзи лотин тилидан сўзма-сўз таржима қилинганда, “ўхшашини яса” деган маънони беради. Нодир қўлёзмалар, суратлар, ҳужжатлардан худди аслидагидек кўринишда кўчирилган нусхалар факсимиле деб аталади. Бугунги кунда турли давлатларда ана шундай нусха кўчириш билан шуғулланувчи корхоналар фаолият кўрсатади.

Биз “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида бир қатор нодир қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини энг сўнгги технологиялар ёрдамида тайёрлаб, мамлакатимиздаги нуфузли даргоҳларга ҳадя қилдик. Бунда бизга Австриядаги Mueller & Schindler нашриёти яқиндан ёрдам берди.

“Катта Лангар Қуръони” нусхаси ҳам ана шу нашриётда тайёрланган. Нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм билан бу нодир нусха устида узоқ вақт иш олиб бордик. Шарқ қўлёзмалари институтида сақанаётган асл нусхадаги ҳар битта чизги, ҳар битта доғни аслидагидек чиқариш учун жаноб Вильгельм Санкт-Петербургга уч марта келиб кетди. Натижада биз ўн уч аср муқаддам яратилган қўлёзмага жуда яқин кўринишдаги нусхаларга эга бўлдик. Бунинг учун нашриёт уйи ходимлари энг замонавий технологиялар, махсус қоғоз ва бўёқлар, қўл меҳнатининг нозик усулларидан фойдаланишган.

— Адашмасам, Қуръони карим қадимий қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари ноёб дипломатик совға сифатида қадрланаркан.

— Бугунги кунда асл нусхаси Тошкентдаги “Ҳазрати имом” мажмуасида сақланаётган “Усмон Қуръони” ҳам бир пайтлар Чор Россияси генерали Абрамов томонидан Россияга юборилган, 1905 йилда ундан 50 та нусха кўчиртирилиб, турли мамлакатлар раҳбарларига ҳадя сифатида жўнатилган. Бу анъана ҳозир ҳам сақланиб қолган.

Ефим Резваннингайтишича, ушбу китобнингбиргина саҳифаси факсимилесиВладимирПутин томонидан Эрон Ислом Республикаси Олий раҳбарига, олтин билан зийнатланган яна бир кўчирма саҳифаси Саудия Арабистониқиролига туҳфа сифатида жўнатилган.Шу мисолларнинг ўзи бу қўлёзманинг қанчалик бебаҳо эканини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда яна бир янгиликни эслатиб ўтмоқчи эдим. Биз Кунсткамера музейи директори ўринбосари, профессор ефим Резван билан ҳамкорликда юртимизга тегишли бўлган, айни пайтда дунёнинг турли музейларидаги сақланаётган 114 нодир Қуръони карим нусхалари ҳақида махсус альбом каталог устида иш бошлаганмиз.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” – эътибор марказида

— Конгресс доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги чоп этилган китоб альбомлар Россиядаги бир қатор музейлар, илмий муассасаларга топширилди. Аввало тўпламнинг яратилиш тарихи ҳақида тўхталиб ўтсак.

— Мазкур тўплам асносида кўплаболимлар, фотограф, муҳаррир ва таржимонлардан иборат ижодий гуруҳнинг бир неча йиллик машаққатли меҳнати натижасида юзага келди. Тўпламни яратиш асносида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги обидалар битиклари ўрганилди, таржима қилинди ва кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Ҳали бундай кенг иш дунёнинг бирор давлатида амалга оширилмаган.

Бевосита бу тўпламнинг яратилишга тўхталадиган бўлсак, Самарқандда туғилиб, ўсганим учунми, қадимий ёдгорликлардаги сирли битикларни тадқиқ этиш бўйича кенг қамровли лойиҳага қўл уриш истаги узоқ йилларданбери менга тинчлик бермай келган.

— Бу орзуни амалга оширишга қачондан киришилди?

— 2007 йилда бир тадбир арафасида Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш мустақил дирекцияси раҳбари Беҳруз Маъруфий ушбу мажмуадаги битикларни таржима қилдиргани ва китоб ҳолида чоп этмоқчи бўлиб юрганини айтиб қолди. Ўша пайтларда Хаттотлик санъати тарихи ҳақидаги китоб устидабир гуруҳ мутахассислар ҳамкорлигида иш бошлагандик. Шу тариқа ана шу улуғвор ва хайрли ғоя дунёга келди. Даставвал Регистондаги битикларга бағишланган китобни чиқардик.

Кейинчалик бу лойиҳанинг қамрови кенгайиб, сафимизга Шайх Абдулазиз Мансур, Бахтиёр Бобожонов, Баҳром Абдуҳалимов, Комилжон Раҳимов сингари малакали мутахассислар қўшилди. Бирин-кетин бошқа вилоятларга бағишланган китоб-альбомлар ҳам чоп этила бошланди. Айни пайтга қадар ушбу китобнинг 13 жилди ўқувчилар қўлига етиб борди. Ҳали бу борадаги ишларимиз, изланишларимиз яна давом этяпти. Бу туркумдаги китобларнинг 3000 нусхага яқини жаҳоннинг ўнлаб музейлари ва илмий муассасаларига беғараз тарқатилган.

Ушбу китоб россиялик мутахассислар эътиборини қай даражада торта олди?

— Конгресс доирасида мазкур тўпламларшаҳардаги бир қатор музейларга, институтларга, Санкт-Петербург жоме масжидига ҳам ҳадя қилинди. Сизга биргина мисолни айтишим мумкин. Россиялик исломшунос олим, профессор Ефим Резван ҳам“ҳар қандай илмий китобда муаллифнинг, тадқиқотчининг ҳиссиётлари акс этади. Аммо, бу тўплам ҳиссиётлар, шахсий ёндашувлардан холи, илмий-оммабоп, кенг қамровли, мукаммал китоб бўлибди” деганди. Жаҳонга машҳур Давлат Эрмитажи директори Михаил Пиотровскийга конгресс пайтида бу китоб-альбомнинг бир тўпламини топширганимизда, уўз муовинига “китобларни музей кутубхонасига эмас, менинг кабинетимга, столим устига қўйинглар, буларни ҳар биттасини ўқиб чиқишим керак” деганини эшитдим.

Темурийлар даври нодир дурдонаси – факсимиле нусхаларда

— Конгресс доирасида Шарққўлёзмалари институтида Ҳусайн Бойқаро девони факсимилеси ҳам топширилди. Шу қўлёзма ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Бу қўлёзма Темурийлар даврининг энг нодир дурдоналаридан бири саналади. Мутахассислар фикрича, қўлёзма Ҳирот хаттотлик мактабининг етук вакили Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Ундаги миниатюраларни “Шарқ Рафаэли” номини олган буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод чизган. Девоннинг ўзи бевосита Ҳазрат Навоийнинг маслаҳатлари билан тузилганига шубҳа йўқ. Бу нодир қўлёзмага Навоий бобомизнинг муборак назарлари тушган, қўллари теккан. Кўряпсизми, бу қўлёзма тўрт буюк аждодимизнинг меҳнати, қалб қўри, кўз нури эвазига дунёга келган.

Эҳтимол, бу Темурийлар даври маданиятининг энг сўнгги шоҳ асаридир? Чунки, бу китоб Ҳусайн Бойқаро ҳаётининг сўнгги йилларида яратилган. Унинг ўлимидан сўнг Темурийлар салтанати тамомила таназзулга учраган. Мовароуннаҳр ва Хуросон шайбонийлар қўлига ўтган. Тўғри, шайбонийлар ҳам маданиятни ривожлантиришга бирмунча эътибор қаратишган. Аммо, маданий ҳаёт, жумладан китобат санъати у қадар тараққий этмагани тарихдан яхши маълум.

— Ҳусайн Бойқаро шахсиятига алоҳида эътибор қаратилганининг сабаби нима?

— Сиз Ҳусайн Бойқарони ким деб биласиз? Совет даврида уни золим,калтабин, ишратпараст ҳукмдор сифатида жонлантиришган. Кўпчилик уни Алишер Навоийни саройдан ҳайдаган ҳукмдор деб билади. Ўша даврда яратилган экран ва саҳна асарларида Навоийнинг бошига тушган мусибатларда Бойқарони сабабчи қилиб кўрсатишган. ШҚИ архивларидан топилган дурдоналар бунинг аксини исботлади. Худди ўша Девоннинг ўзи ҳам бевосита Ҳазрат Навоийнинг кўрсатмалари, масалаҳатлари билан битилган. Ундаги кўплаб ғазалларда Навоийга хос оҳанглар яққол сезилади.

Биз юқорида тилга олган қўлёзмадаги мана бу байтни қаранг:

Гар Ҳусайнийға бир ўтлуқ юз ғами ўт солмаса,

Бас нечук оламни куйдурди Навоийвор ўти?

Яъни, агар Ҳусайний кўнглига бир олов юзлининг (бу ўринда илоҳий ишқ, Яратганнинг жамоли назарда тутилаётгани аниқ – Ф.А.) ғами ўт солмаганида, унинг юрагидаги оташ худди Навоийникидек оламни куйдирмаган бўларди.

Дарҳақиқат, Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг яқин дўсти ва маслакдоши эди. Навоийнинг камолотида Бойқаронинг ҳиссаси катта.

Ҳусайн Бойқаро ҳам ота, ҳам она томонидан Соҳибқирон авлодидан эди. У ҳам истеъдодли саркарда, ҳам фан ва маданият ҳомийси бўлган.

Ҳазрат Навоий туркий тилда бетакрор асарлар битган бўлса, Ҳусайн Бойқаро туркий тилда ижод қилишни рағбатлантиришга оид фармон чиқарган. Унинг ўзи ҳам барча шеърларини Ҳусайни тахаллуси билан туркийда ёзган.Бу ҳам ҳар икки бу юк зотнинг бир хил фикрлашидан дарак бермайдими? Шарқ қўлёзмалари институтида Ҳазрат Навоийнинг ўта даражада мукаммал тарзда ишланган, шоҳона безаклар билан зийнатланган қўлёзмалари мавжуд. Буларнинг барчаси шоирнинг султон Ҳусайнга яқин, унга ҳаммаслак, елкадош бўлганини кўрсатади.

— Мазкур қўлёзманинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Бу қўлёзма Темурийлар даврининг энг нодир дурдоналаридан бири саналади. Мутахассислар фикрича, қўлёзма Ҳирот хаттотлик мактабининг етук вакили Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Ундаги миниатюраларни Камолиддин Беҳзод чизган. Девоннинг ўзи бевосита Ҳазрат Навоийнинг маслаҳатлари билан тузилганига шубҳа йўқ. Бу нодир қўлёзмага Навоий бобомизнинг муборак назарлари тушган, қўллари теккан. Кўряпсизми, бу қўлёзма тўрт буюк аждодимизнинг меҳнати, қалб қўри, кўз нури эвазига дунёга келган. Эҳтимол, бу Темурийлар даври маданиятининг шоҳ асаридир? Чунки, бу китоб Ҳусайн Бойқаро ҳаётининг сўнгги йилларида яратилган. Унинг ўлимидан сўнг Темурийлар салтанати тамомила таназзулга учраган. Мовароуннаҳр ва Хуросон Шайбонийлар қўлига ўтган. Тўғри, шайбонийлар ҳам маданиятни ривожлантиришга бирмунча эътибор қаратишган. Аммо, маданий ҳаёт, жумладан китобат санъати у қадар тараққий этмагани тарихдан яхши маълум.

Эрон-Россия урушини тўхтатган қўлёзма энди рақамли форматда

— Россия Миллий кутубхонасида Навоийнинг “Илк девон”ига кўзимиз тушди. Бу қўлёзманинг ҳам антиқа тарихи бор экан...

— Бу кутубхонада Ҳазрат Навоий қаламига мансуб 25 нодир қўлёзма сақланади. Уларнинг аксарияти шоирнинг ҳаётлигида кўчирилган. Улардан бири 1460 йилларда Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган“Илк девон”дир. Маълумотларга кўра, бирмуддат бу қўлёзма Эрондаги Қожорлар сулоласи кутубхонасида сақланган. 1828 йил февраль ойида Теҳронда Россия элчиси, ёзувчи Александр Грибоедов ўлдирилгач, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий вазият ўта кескинлашади. Улар ўртасидаги аввалги урушлар Эрон учун жуда катта талафотларга сабаб бўлган, навбатдаги уруш ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Эрон шоҳи Фатҳалишоҳ элчининг хуни эвазига кўплаб қимматбаҳо совғалар қатори бир қанча нодир китобларни ҳам жўнатади. Улар орасида энг қимматлиси, шубҳасизНавоийнинг “Илк девон”и эди. Шундан сўнг, Николай Биринчи Эронга қарши уруш очиш ниятидан қайтган, дарё-дарё қонлар тўкилишига сабаб бўлувчи муқаррарурушнинг олди олинган экан.

— Грибоедовнинг Эронда фитна сабабли ўлдирилгани, Эрон шоҳи хун баҳоси сифатида Россия императорига қимматбаҳо совғалар ҳаттоки қимматбаҳо “Шоҳ” олмосини юборганини кўпчилик эшитган.

— Албатта, Россия-Эрон муносабатлари тарихи ҳақида маълумотлар етарли бўлса-да,Эрон шоҳи Россияга юборган ҳадялар ичида буюк бобомизнинг мўътабар китоби борлигини деярли ҳеч ким билмасди. Ҳазрат Навоийни ҳар иккала ҳукмдор яхши танигани, унга ҳурмат билан қарагани аниқ. Қолаверса, Алишер Навоий ўз асарларида ҳамиша тинчликни, дўстликни, ҳамжиҳатликни улуғлаганлар.

Олам аҳли, билингизким иш эмас, душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизға ки, эрур ёрлиғ иш.

Ҳазратнинг ушбу мисраларида ҳам адоват эмас, дўстлик эътиборга молик иш экани айтилади. Бинобарин, мамлакатлар ўртасидаги урушнинг тўхташига, минглаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинишга ушбу китобнинг аҳамияти катта бўлган.Бу фактайнан Россия Миллий кутубхонаси ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар туфайли юзага чиқди.

Конгресс иштирокчиларини йиғлатган воқеа

— Дарвоқе, Конгрессда Давлат Эрмитажи раҳбари Михаил Пиотровский ҳам иштирок этиб, илиқ фикрларни билдирди.

— Албатта. У конгрессда маъруза қилганидаёқ мен буни тушундим. У нафақат ўзбекистонлик мутахассислар Эрмитажга келиши, ҳатто Эрмитажнинг ўзи Тошкентга бориши мумкинлигини айтди. Яъни пойтахтимизда Эрмитаждаги нодир экспонатларнинг кўргазмаси очилиши мумкин.

У яна бир таъсирли воқеани ҳикоя қилиб бердики, кўпчиликнинг кўзидан ёш чиқиб кетди.Тасаввур қилинг. Иккинчи Жаҳон урушийиллари. Ленинград қамалда қолган. Болалар, аёллар, қариялар очликдан тутдек тўкилаётган пайт. Ана шундай даҳшатли дамларда шаҳарда Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи ўтказилади. Навоийнинг шеърларини ўқишади. Ахир бу тадбир қаердан ўтган? Уни ўтказиш кимнинг хаёлига келган? Ўлим билан олишаётган бир пайтда Навоийни эсга олган бу одамлар ким эди?

Бугун ана шулар ҳақида гаплашишимиз керак. Биз тез орада Эрмитаж ходимлари билан ҳамкорликда, юртимизда ўша машъум пайти қамалда қолган Ленинградда ўтказилган Навоийхонлик кечасини қайта жонлантирмоқчимиз. Ҳаммаси, худди ўша қамал пайтидагидек бўлади. Ўша пайтдаги муҳит, очарчилик, ертўлада, шамлар ёруғида ўтган анжуман... Халқимиз ҳар қандай пайтда ҳам Навоийни севиши, уни ўқиши, ундан мадад олиши лозимлигини биз кўрсатиб беришимиз керак.

Соҳибқиронни англашга йўл

— Конгрес давомида иштирокчилар Шарафиддин Али Яздийнинг машҳур “Зафарнома”си энг қадимий нусхаларидан бирини кўришга муяссар бўлишди.

— Дарҳақиқат, бу жуда нодир қўлёзма. Буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темурнинг ёнида юрган, унинг ғалабалари, бунёдкорлик ишлари, яхши ёмон-кунларига шоҳид бўлган тарихчи томонидан битилган шоҳ асар. “Зафарнома” Амир Темур даври тарихи, маданиятини ўрганишдаги энг ишончли ва мўътабар манбалардан саналади. Биз мана шу тарихий асарнинг ҳам факсимиле нусхасини яратишга киришдик. Насиб этса, бу бебаҳо асарнинг аслиятдагидан қолишмайдиган нусхаларини Ватанимиздаги илмий тадқиқот муассасаларига, шунингдек дунёнинг энг машҳур илм-фан масканларига тарқатишни ният қилганмиз. Шунингдек, биз бундай нодир қўлёзмаларнинг рақамли электрон нусхаларини ҳам яратиш устида иш олиб боряпмиз. Бу тадқиқотчиларимиз мустақил равишда бу манбалар билан бемалол ишлай олишлари учун имкон беради.

Питер бағридаги бир парча ватан

— Санкт-Петербург жоме-масжидига ташриф Конгресс кун тартибидан ўрин олган муҳим тадбирлардан бири бўлди...

— Дарҳақиқат, шаҳарнинг қоқ марказида, Кронверк проспектида, Нева дарёси бўйида жойлашган бу масжид мовий гумбазлари ва миноралари билан Самарқанду Бухородаги тарихий обидаларни ёдга солади. Дунёнинг энг шимолий нуқтасидаги жоме масжидининг юртимиз билан боғлиқ жиҳатларини кўпчилик билмасди.

Биз олдинги ижодий сафарларимиз давомида ушбу масжиднинг тарихини атрофлича ўргандик. У ҳақда зарур фактрлар ва маълумотларни тўпладик. Алоҳида ҳужжатли фильм суратга олдик.

Аниқланишича, Петербург билан яхши муносабатлар ўрнатган Бухоро амири Абдулаҳадхонунингқурилишига муносиб улушини қўшган. Бугун масжид биноси жойлашган ер ҳудуди Бухоро амирлиги хазинаси ҳисобидан сотиб олинган. 1910 йил 3 февралда шахсан Амир Абдулаҳадхон иштирокида унингбиринчи ғишти қўйилган. Аммо, афсуски, амир масжиднинг очилишида иштирок этолмай,ўша йили дунёдан ўтган.

— Ўша пайтларда Россия ҳукумати пойтахтда масжид қурилишига қандай муносабатда бўлган?

— Албатта, у пайтлар Россияда ҳам ҳозиргидек диний бағрикенглик муҳити мавжуд эмасди. Қолаверса, Чор Россиясининг мусулмон мамлакатлари билан муносабатлари ҳам яхши бўлмаган. Шу сабабли кўплаб мулозимлар, жамоатчилик вакиллари масжид қурилишига қарши чиқишган. Ана шундай вазиятдаБухоро амиринингПетербургда масжид қурилишига бош-қош бўлиши катта жасорат эди.

Масжиднинг миноралари, гумбазлари, қурилиш тарихи, шакл-шамойилидан унинг қурилишида ўзбек меъморлари, уста ва наққошлари қатнашганинианглаш мумкин.

Ўз даврида ушбу масжид архитектураси кўплаб петербургликлар, ҳатто подшо хонадони вакилларини ҳам лол қолдиргани аниқ. Акс ҳолда, Нева дарёсининг нариги соҳилида, шундоққина масжид рўпарасидақад ростлаган Буюк Князь Владимир саройидаги бир хонани князнинг рафиқаси Мария Павловна шарқона услубда жиҳозламаган бўларди.

Биз муборак рамазон кунларида аждодларимиз қадами етган, халқимиз маблағи эвазига сотиб олинган ҳудуддаги қадамжони зиёрат қилганимиз хайрли ишлардан бири бўлди. Имом-хатиб Равил ҳазрат Панчеевнинг айтишича, масжид жамоатининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қиларкан. Бизнинг сафаримизасносида масжид тарихидан хабар топган намозхон ҳамюртларимизнинг кўзларида қувонч ва ифтихор аксини кўрдик. “Катта Лангар Қуръони” факсимиле нусхаси ҳамда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомлар жамланмаси ҳам масжидга ҳадя қилинди.

Ҳамкорларимиз сафи кенгаяверса...

— Албатта, бундай улуғ ишларни амалга ошириш, жуда катта олимлар жамоасини жамлаш, мамлакатимизда ва хорижда йирик анжуманлар ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун энг аввало жуда катта маблағ керак бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллий меросимизни чуқур ўрганиш, аждодларимиз яратиб қолдирган маънавий меросни чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, айниқса ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш сингари масалаларга катта эътибор қаратиляпти. Ана шу мақсадда бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилинди. Йирик илмий-маърифий марказлар тузилди.

Санкт-Петеребургда ўтган анжуман ниҳоясида ҳам дунёдан 30 дан ортиқ мамлакатидан келган юзлаб олимлар Президентимизга мурожаатнома йўллаб, илм-фан, маданиятга қаратаётган улкан эътибори учун ташаккур айтишди. Бизнинг бу йирик лойиҳаларимиз ҳам айнан шу мақсадларни кўзда тутади.

Бироқ, маданий меросимизни ўрганиш, илм-фанни ривожлантириш сингари масалаларни фақат давлат муассасалари зиммасига юклаб, қараб ўтириш тўғри эмас. Бунда жамоат ташкилотлар, хусусий сектор, тадбиркорларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак.

“Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳасини амалга оширишда тегишли вазирлик ва идорлара қаторида нефть қазиб чиқариш билан шуғулланувчи “Эриелл груп” компанияси жуда катта моддий ёрдам кўрсатмоқда. “Даракчи информ сервис” МЧЖ ҳам ҳомийларимиздан бири саналади. Умуман олганда, бу каби ижтимоий масъулиятли бизнесвакиллари маънавиятни ошириш, маданиятни бойитиш сингари савобли ишларга ҳисса қўшишса, ҳомийларимиз сафи кенгайса, биз янада кўпроқ натижаларга эришган бўлардик.

Ҳали дунёнинг ўнлаб мамлакатларида Ўзбекистон маданий меросининг минг-минглаб намуналари сочилиб кетган. Улар ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. Хориждаги меросимизни тадқиқэтиш учун ёш тадқиқотчиларни жўнатиш керак. Бунинг учун эса, маблағ керак бўлади. Ана шу ишларга бошқа, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, саховатпеша ҳамюртларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишса, нур устига аъло нур бўларди.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Рустам Жабборов суҳбатлашди

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+22° ясно
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz