АсосийDunyo

Банк ходимаси йўқолган “Boeing” йўловчилари ҳисобидан пул ечиб олди

Малайзия полицияси банк ходимаси ва унинг турмуш ўртоғини ҳибсга олди.  

Улар шу йилнинг март ойида Ҳинд океани атрофида сирли тарзда ғойиб бўлган Malaysia Airlines авиакомпанияси самолёти йўловчиларининг ҳисобидан пул ечиб олганликда айбланишмоқда.

Malaysia Insider нашрининг ёзишича, эр-хотин йўловчилар ҳисобидан 35 минг АҚШ доллари миқдорида пул ўғирлашган.  Малайзия полициясининг иқтисодий жиноий ишлари бўйича бўлими бошлиғи Изани Абд-Ғанининг маълум қилишича,  банк ходимасини 14 август куни ўз уйида қўлга олишди. Қайд қилинишича, аёл банкда 10 йилдан буён ишлаб келган.

Полиция ходимлари унинг эри ҳам жиноий ишга алоқадор эканлигини айтишмоқда.

Маълум бўлишича, банк ходимаси рухсатсиз уч йўловчи ва бир нафар экипаж аъзоси ҳисобидан пул ечиб олган. Уларнинг тўрт нафари ҳам битта банк мижози бўлган. Ушбу пуллар ягона ҳисобга ўтказилиб, бир неча банкомат орқали нақд пул қилиб олинган.

Воқеадан сўнг, полиция йўқолган лайнер йўловчилари қариндошларига ҳисоб рақамларни назорат қилишни тавсия этди.

Эслатиб ўтамиз, 8 март куни Малайзия авиакомпаниясига қарашли бўлган самолёт парвозга чиққанидан икки соат ўтгач, сирли тарзда ғойиб бўлган. Лайнер бортида 227 нафар йўловчи ҳамда 12 экипаж аъзоси бўлган.

    Бошқа янгиликлар