Кеча, 4 июль куни ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот органи ходими ўғриликда шубҳаланган аёлни ҳақоратлаган видеотасвир тарқалган эди. Унда ўзи кўринмаëтган эркак киши камера қаратилган аëлни қаттиқ ҳақорат билан кийимларини ечишга мажбур қилиб, дўқ-пўписа қилган.
Маълум бўлишича, бу воқеа 3 июнь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг биносида бўлган. Ҳақорат ва таҳдид остида аëлни ечинишга мажбурлаган шахс ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров эканлиги айтилди.
Мажбуран ечинтирилган аёллар вилоят прокурорига шикоят қилган.
Ушбу масала юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғландик. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг айтишича, айни пайтда ушбу масала қатъий назоратга олинган.
Айни пайтда терговчи қўлга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилиши) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Каттақўрғон ИИБ раҳбариятига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
«Бу кишини ғазаблантирувчи ҳолат. Мансаби ва ваколатидан қатъи назар бундай ишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мазкур иш бош прокурорнинг алоҳида назоратига олинган», — деди Сурайё Раҳмонова.
Мазкур видео ижтимоий тармоқларда кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Тергов органларининг бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳатто жиноят содир этган шахсга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин эмас. Айби судда исбот этилмаган ҳеч бир фуқаро жиноятчи ҳисобланмайди. Қолаверса, тергов ходимининг бу ҳаракати инсонийлик мезонларига ҳам зиддир.






