АсосийJamiyat

​«GM Uzbekistan» автомобиллар сотувини қайта йўлга қўйди, нархлар ўртача 7,7 фоизга оширилди

'​«GM Uzbekistan» автомобиллар сотувини қайта йўлга қўйди, нархлар ўртача 7,7 фоизга оширилди'ning rasmi

Ўзининг автомобиль саноатига эгалиги мамлакатнинг миллий ғурури ва хавфсизлиги саналади. Ушбу тенденциялар соҳа ривожига давлат кўмаги ажратилаётган, юқори тараққий этган ва шиддат билан ривожланиб бораётган дунё мамлакатлари учун маълум.

Мамлакатимиз Ҳукумати ёрдамида, вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, шу жумладан халқаро мутахассислар иштирокида, аҳоли фикри ва муносабатини ўрганиш орқали "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархининг шаклланиши тамойиллари ва нархга доир ҳисоб-китобларнинг нечоғли асосланганлиги ўрганилди.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида, айрим автомобиллар нархини ўртача 7,7фоизга ошириш бўйича оғир ва жамоатчилик ўртасида у қадар яхши қабул қилинмаслиги мумкин бўлган қарор қабул қилинди.

Шу ўринда айтиш жоизки, «Спарк», «Нексия» ва «Кобальт» каби ҳамёнбоп ва ҳаммабоп автомобилларнинг нархи ўзгаришсиз қолди.

Мазкур қарор қабул қилинаётганда “GM Uzbekistan” АЖнинг оғир молиявий аҳволи ҳамда айрим моделларнинг ишлаб чиқарилиши норентабеллиги ҳисобга олинди, лекин акциз солиғининг оптималлаштирилиши ҳамда диллерлар маржасининг пасайтирилиши ҳисобига нархларнинг кескин кўтарилишига йўл қўйилмади.

Таъкидлаш жоизки, автомобилларнинг чакана нархлари ҳамда акциз солиқ ставкаси сақлаб қолинган тақдирда компания, демакки, асосий акциядор бўлмиш давлат 2018 йил охирига келиб катта зарар кўриши ва бу зарарлар кейинчалик ҳаттоки автомобиль сотиб олмаган оддий солиқ тўловчига ҳам юк бўлиб тушиши мумкин эди.

Хавфсизлик ва қулайлик тизимини ошириш мақсадида яқин келажакда автомобиллар мижоз истагига кўра орқа салонни шамоллатиш, йўналиш турғунлиги тизими, ўриндиқлар ва олд ойнани иситиш каби қўшимча опциялар билан жиҳозланиши йўлга қўйилади.

Шу ўринда, 2018 йилнинг 1 август санасига қадар 85% жисмоний шахслар ва 100% юридик шахслар томонидан тўлов амалга оширилган шартномалар бўйича автомобилларни етказиб бериш шартномада кўрсатилган нарх ва муддатларда амалга оширилади.

Қабул қилинган қарорга ва автомобиль саноатининг келажагига юқори жавобгарликни ҳис қилган ҳолда “Ўзавтосаноат” АЖ соҳада фаолият юритаётган корхоналарнинг самарадорлигини ошириш, автомобиллар савдо механизми шаффофлигини кучайтириш, моделлар қаторини кенгайтириш, локализацияни чуқурлаштириш, янги ҳамкорлар ва инвесторларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб боради.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар