Ташкент +15° Sat 14:47
Долзарб мавзулар Фото

​Сингилнинг ор–номуси учун ака етти йилга қамалди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 12.09.2018, 15:14

2017 йил июль ойида Дилшод ишлаш учун Россияга кетади. Ноябрда уйга қайтиб келгач, қўни-қўшнилар синглисининг қадам ташлаши бежо эканлигини айтиб, ҳар хил гап қилишади. Дилшод синглиси шу қишлоқлик Аҳмад исмли йигит билан учрашиб юрганини билиб қолади. Онаси ҳам бу маълумотни тасдиқлайди ва ўғлига «Аҳмад билан гаплаш, нияти жиддий бўлса совчи юборсин, одамлар гапиряпти», дейди.

Бир неча кундан сўнг маҳалла инспектори ёнидан қайтаётган йигит тасодифан синглисининг ошиғини учратиб қолади.

— Ука, бундай юришинг яхши эмас. Қўни-қўшни гап қиляпти. Совчиларингни юбор, катталарнинг рози-ризолигида синглим билан бошингизни боғлаб қўяйлик, – дея Дилшод Аҳмадга маслаҳат солади. Аммо йигит пинагини ҳам бузмай бу ҳақида кейинроқ ўйлаб кўришини айтади. Йигитнинг ўзини тутиши Дилшодга ёқмайди. Аммо сир бой бермаслик учун «Яна гаплашамиз», деб хайрлашади.

Уйда молларга қараётган Дилшод дарвозадан йиғлаб кириб келган синглиси ва отасига кўзи тушади. Нима гаплигини сўраганида синглиси Аҳмад қўнғироқ қилиб нафсониятига тегадиган гаплар қилгани, қиз телефонни отасига берганида у баттар ҳақорат қила бошлаганини сўзлаб беради. Дилшод «Бу йигит билан жиддий гаплашиб қўйиш керак экан», деб хаёл қилади. Аммо шу куни учрашишга фурсат бўлмайди.

2017 йилнинг 10 декабрь куни тоғдан ўтин олиб қайтган Дилшод онасини паришон аҳволда кўради. Аёл қизи Салиманинг мазаси қочиб, тили орқага кетиб қолганини айтади. Шу куни оила бошлиғи қизини туман марказий шифохонасига олиб боради. Дилшод синглисидаги ўзгаришларни англолмаётган бўлса-да, бунда Аҳмаднинг қўли борлигини тахмин қиларди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Аҳмад Салимага қўнғироқ қилади. Иккиси ниманидир келиша олмади чоғи, қиз «Ўзимни ўлдираман, бундай юрганимдан кўра ўлганим яхши», дея бақира бошлайди. Синглисини кузатиб турган Дилшод ундан нима бўлганини суриштиради. Салима:

– Ака, у номусимга тегди. Мени кечиринг, яшашни хоҳламайман, дея вазиятни тушунтирган бўлади.

Уяли телефон мусиқаси янграй бошлаганида кўзи қонга тўлган ака «Сен тегма, ўзим жавоб бераман», дея синглисига имо қилади.

— Аҳмад, шу гаплар ростми? Сен...сен синглимнинг номусига тегдингми?

— Ҳа, нима гапинг бор? Зўр бўлсанг, «Асомиддин» тўйхонасига кел, юзма- юз гаплашамиз, – дейди Аҳмад.

— Салима, нима қилиб қўйдинг? Бизни шарманда қилдинг-ку. Нимани ўйладинг, синглим, – дея аламдан аранг ўзини назорат қилаётган Дилшод ота-онасининг тўйдан қайтганини сезмай қолади.

— Ўғлим, бу ерда нима бўляпти? Нега бу аҳволдасан? Салима, нима гап?

— Мен келдим, ука, юр, ташқарида гаплашиб оламиз – дейди Дилшод ортиқча шовқин кўтармай. Аҳмад ортига қараб қоча бошлайди.

Дилшод оғзига келган гап билан Аҳмадни ҳақорат қилади, сўнг қўлидаги телефонни улоқтиради.

Отасининг саволларига жавобан, Дилшод, Аҳмад билан бўлган воқеанинг учини чиқаради. Юрагини чангаллаган ота «Қизим, элу юрт олдида шарманда қилдинг-ку, энди қандай қилиб бош кўтариб юрамиз», деганча деворга суяниб қолади ва «Мени ўлдирдинг, қизим, ўлдирдинг!», дейди.

Отасининг аҳволидан қаттиқ таъсирланган Дилшод шу тобда нима қиларини билмасди. «Асомиддин тўйхонасига кел, деганмиди, бораман, таъзирини бераман. Номусга тегиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман!».

Шу хаёллар билан Дилшод ошхона пичоғини кўйлагининг енг қисмига яширади. Кўчага чиқиб, танишининг «Дамас» машинасида тўйхонага етиб олади.

Дилшод тўйхонадан Аҳмадни топа олмайди. Эндигина ортига қайтиб кетмоқчи бўлиб турганида унинг ўзи Дилшодга рўбарў келади.

Дилшод уни тутиб олиш учун қўлига илингудек бирор нима қидиради. Шу маҳал енгининг ичидаги пичоқ отилиб чиқади-ю, Аҳмадни жароҳатлайди. Пичоқ икки марта чап қўлнинг билак соҳаси, бир маротаба орқа томондан қорин бўшлиғининг чап томонига санчилади. Одамлар бақир- чақиридан ҳушини йиғиб олган Дилшод нима қилиб қўйганини англаб, қочмоқчи бўлади. Аммо уни тутиб олишади.

Тўйхонада Аҳмадга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Йигит зудлик билан шифохонага олиб кетилади. Аҳмад тирик қолган.

Тўй бўлади, аммо...

Содир этилган жиноят юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Аҳмад Мелибоев, Салима Шукурова билан қай тариқа танишгани, у билан бир неча маротаба жинсий алоқада бўлганини сўзлаб берган. Унинг кўрсатмасида айтилишича, йигит отаси сафардан қайтиши билан қизнинг уйига совчи юбормоқчи бўлган. Маълум бўлишича, бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Аҳмад ва Салима унаштирилган. Судда, А. Мелибоев қизга уйланиши ҳақида кўрсатма беради.

Оилалар ўртасида юзага келган ёқимсиз вазият ечимини топган бўлса-да, Дилшод Шукуров содир этилган жиноятда айбли деб топилиб, ЖКнинг 25, 97 – моддаси 2 – қисми «л» банди билан ЖКнинг 57 – моддасини қўллаб етти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бебош қиз ниятига етди, у энди севиклиси билан турмуш қуради. Аммо акасининг қамалишига сабаб бўлган сингил бахтли бўла олармикан? Акаси озодликка чиққач, қандай қилиб кўзларига қарайди? Куёв-чи, у бу оилада ҳурмат топа оладими? Буниси бизга номаълум. Билганимиз, ўйламай ташланган қадам бир инсон умрининг заволига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати ҳамда жиноят ишлари бўйича

Бойсун туман суди судьяси Жасур Худойбердиев билан ҳамкорликда тайёрланди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии