my5
Sevimli

Халқаро мусобақа ғолибига ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилди

ЖАМИЯТ 01.11.2018, 15:12
Халқаро мусобақа ғолибига ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим этилди

Халқаро мусобақа ғолибига ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши томонидан бир жавон китоб ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди

Жорий йилнинг 22-июль санасида Россия федерацияси Москва шаҳрида “АЛОҲА мантиқий арифметика халқаро мусобақаси” бўлиб ўтган эди. Мусобақада 39 та мамлакат (Бангладеш, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Малайзия, Непал, Португалия, Россия, Испания ва бошқалар) дан ташриф буюрган 5 ёшдан 13 ёшгача бўлган 600 нафардан ортиқ болалар қатнашишди.

Дунёнинг кўплаб етакчи давлатлари билан бир қаторда бизнинг Ўзбекистондан ҳам муносиб вакил - Муҳаммадазиз Собиров ҳам фаол иштирок этиб, ғолиб бўлган эди.

Куни кеча ўз билими, намунали хулқи билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган Риштон туманидаги 27-мактабнинг 2-синф ўқувчиси бизнинг қаҳрамонимиз Муҳаммадазизга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда бир жавон китоблар тақдим этилди.

Тадбирда Муҳаммадазизнинг ота-онаси, устозлари ва тенгдош дўстлари иштирок этишди.

–Ўғлим қатнашган халқаро мусобақа ҳали ҳам кўз ўнгимдан кетмайди. У Россия Федерацияси Президентининг табрик хати билан очиб берилган эди. Мусобақа шартига мувофиқ, ҳар бир иштирокчи 5 дақиқа давомида 70 та арифметик машқларни ҳеч қандай ускуна ва қоғозларсиз мантиқий ҳисоблашлари лозим эди. Фарзандларини тўғридан-тўғри кузатиб турган 1500 нафардан ортиқ ота-оналар ичида мен ҳам фарзандимни ич-ичимдан дуо қилиб турдим. У биринчилардан бўлиб ҳакамлар берган математик амалларни тўғри ва аниқ ечди. Ва ўғлим 39 та мамлакат ёшлари ичида ғолибликни қўлга киритди. Фарзанд камолини кўриш қандай бахт эканини ўшанда англаб етдим, – дейди Муҳаммадазизнинг отаси Акмалжон Оҳунов.

Муҳаммадазиз мактабдан ташқари расм чизиш ва тил ўрганиш тўгаракларига ҳам қатнашади. Муҳаммадазизнинг айтишича, ҳозирда инглиз тилини ҳам ўрганишга бел боғлаган. Чунки халқаро миқёсдаги мусобақаларда инглиз тилини билиш ҳам катта аҳамият касб этади.

Ўзи жажжи, аммо орзулари катта Муҳаммадазизнинг олдинда режалари кўп. Биз унга фақат омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+-5° снег
Валюта курси
10500.81
USD 27.61
12682.88
EUR -113.28
142.66
RUB 1.37