Бугун, 10 ноябрь куни Халқ депутатлари Ангор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Сессиясида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов, туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда туманни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ибатов Бахтиёр Кенжаевич бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ангор тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Турапов Усмон Янгибаевич Ангор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.
Сессияда сўзга чиққанлар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш борасида туман фаоллари олдида турган долзарб вазифалар аниқ кўрсатиб берилгани, ана шу амалий кўрсатмалар асосида ишни тўғри ташкил этиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилиш ва кўзланган марраларга эришиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари ҳам қатнашди.






