Ташкент +4° Tue 07:23
Долзарб мавзулар Фото

Келинг, бирга яшайлик, дадажон! (ҳаётий воқеа​)

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 18.12.2018, 11:19

Ёр-ёр садолари остида даврага кириб келган келин-куёвнинг бахтини кўриб кўнгиллар орзиқиб кетади. Қадира ҳам бир пайтлар ана шундай бетакрор лаҳзаларни бошдан кечирган эди. Ҳозир эса ажрашганига саккиз йил бўлди. Негадир энди тўйларга боришни истамай қолган. Ҳамма уни қўлини бигиз кўрсатаётгандек туйилаверади. Бугун мажбур бўлди: акаси келин тушираётгани учун мезбонлар қаторида туриши керак.

Аслида, ажрашишни истамаганди. Турмуш ўртоғи Бахтиёр онасининг гапига кириб, уни уйдан ҳайдагач ҳам ўғли Бунёдбек учун кечирим сўраб, келин бўлиб тушган хонадонига бир неча бор борди. Бир гал дарвозани очган қайнопаси:

— Сенда ўзи ор-номус борми? Укам сен билан яшашни хоҳламайди, деб неча марта айтиш керак?! Бошқа бу ерга келма! Алимент тўлайди, сенга шу керакми? — дея ўшқириб берди. Шундан сўнг Қадира энди ортга йўл йўқлигини англади.

Бахтиёр эса дарвоза остонасида қўлида эмизикли гўдаги билан турган хотинини уйга киритишга журъати етмади. Онасига қарши бош кўтара олмади. Опасига рўзғоримга аралашманг деёлмади. Отадан эрта етим қолганлари боис онаси уларни деб умри ўтгани ҳурмати кўнглини ранжитишдан қўрқди.

Орадан бир ой ўтиб, Бахтиёрнинг коллежда ўқийдиган қизга уйланганини айтишди.

Қадира ўғлини бағрига босиб, юм-юм йиғлади. Ўша-ўша ота-онасининг уйида яшаб қолди. Бунёдбекнинг тили чиққач, отаси ҳақида сўрайдиган бўлди. Айниқса, кейинги пайтлар ҳар куни «Дадам қачон Россиядан келади?» деб қийнайди. Ўзини катталардек тутиб, одамларга қўшилолмай турган ўғлини кузатаркан, Қадира ўйланиб қолди: «Унга ҳақиқатни айтишим керак».

Тўй авжида. Кимдир қуда томон меҳмонлардан бир аёл сизни сўраяпти, деб қолди. Қадира балки бирор нарса керакдир, деган хаёлда хабар келтирган кишига эргашди. Меҳмонлар столига яқин борди-ю, қайнонасини кўриб қотиб қолди. Кўришаркан, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Одамлар орасидан онасини топиб олиб эргашиб келган Бунёдбек йиғлаб кўришаётган аёлнинг кимлигини билмагани боис тортиниб турарди.

— Саломлаш, бу киши бувинг бўладилар...

— Бўйларингдан ўргилай болам, Бунёджоним... — Буви боланинг пешонасидан ўпди. Унинг иссиқ бағри болакайга бирам ёқимли туйилдики, қувонганидан маҳкам қучоқлаб олди.

— Даданг ҳам шу ерда.

Бунёд ялт этиб онасига қаради. Қадира иложсиз қолгани боис ҳеч нарса деёлмади. Сочларига оқ оралаган аёл одамлар орасидан баланд бўйли келишган одамни кўрсатиб: «Ана даданг», деди.

Тўй якунига етай деб қолган, аксарият кишилар ширакайф. Ўғлининг ҳар замонда келиб «Юринг, сизни бир киши сўраяпти», деган гапидан билдики, Бахтиёр чақиряпти. «Акам кўриб қолса, нима деб ўйлайди? Йўқ, чиқа олмайман» хаёлидан ўтказди Қадира. Аммо кўзлари мўлтираб турган ўғлига сир бой бергиси келмади.

— Ким экан у? Боравер ҳозир чиқаман, – деди.

Орадан беш дақиқа ўтиб, синглиси билан янгаси кириб келди. Кўзлари жиққа ёш.

— Туринг, чиқмасангиз бўлмайди. Бахтиёр ҳаммани йиғлатди, — деди акасининг хотини.

— Нега? — наҳотки ўғлимга отаси эканлигини айтди.

— Бунёдбекни ҳали кўтаради, ҳали қўлидан ушлаб ,бағрига босади. Акангиз ўзи айтди, чиқаркансиз.

— Фарзанди йўқ экан-да. Хотини ҳам кетиб қолибди, — деди Назира гапга чечанлик қилиб.

Мусиқа садолари тиниб, тўйхонада фақат мезбонлар қолишди. Ҳамма ҳозир нимадир воқеа содир бўлишини кутаётгандек эди. Бир четдаги столда Ҳазора опа ўғли Бахтиёр билан ўтирар, уларнинг атрофида уч-тўрт чоғли киши.

— Бу ер гапнинг ўрни эмас. Худо хоҳласа, икки – уч кунда бориб, Қодир аканинг олдидан ўтамиз, тушунтирамиз. Ҳаётда нималар бўлмайди, Бахтиёржон.

— Ҳеч бўлмаса, Қадиранинг ўзини чақиринг, ҳол–аҳвол сўрай, бошқа бир сўз десам, ўлай агар...

— Бунёдбек ҳам ҳайрон. Бола бечора...

Қадира акасининг гапидан сўнг ўзини қўлга олди. Бунёдбекнинг қўлидан ушлаб дадил юриб келди-ю, стол олдида таққа тўхтади.

— Ассалому алейкум, Бахтиёр ака. Мана биз келдик, - деди. Ичида йиғламаслигим керак, деган ўй кечаркан, кулимсираб давом эттирди. Бу ўғлингиз...

Бунёдбек кўзлари чақнаб бир онасига, бир унга қараб турган ҳайратли нигоҳларга боқди-ю, ўзини Бахтиёрнинг қучоғига отди.

— Албатта, бирга яшаймиз, мени кечир, мени кечир, Қадира! Айб менда... Мени кечиринглар,

— Бахтиёр ўғлини қучоқлади.

Отасига маҳкам ёпишиб олган Бунёдбек уни қўйиб юборса, яна кетиб қоладигандек, ҳар замон «кетиб қолмайсиз-а», дерди.

Мана, Қадира келин бўлиб тушган хонадонига қайтганига икки ой бўляпти. Худди 10 йил илгариги келинлик даврларидек ийманади. Қайсидир иши қайнонасига ёқмай қолишидан қўрқади. Бироқ Ҳазора опа ўн йил бурунги қайнона эмас, у энди ҳаётнинг синовларида пишган, анча босиқ, мулоҳазали онага айланиб улгурганди. Меҳмонга келган қизи нимадир демоқчи бўлса: «Жим, бир сўз дема! Бу рўзғорга қўшилма», деб дакки берганини эшитиб, шундай хулосага келди.

Қайнона ранги бироз синиққан келинига қаради-ю, юраги шув этди. Ҳазора опанинг кўзига келини ҳомиладорга ўхшаб кўринди. Нонушта дастурхони йиғилмай туриб қўшни дугонаси кириб келди.

— Ассалому алайкум, ўтирибсизларми меҳрибонгина бўлиб, айланай?

— Қадирахон, чой қўйиб юборинг, ширинликлар чиқаринг, — деди даҳлизнинг очиқ эшигига қараб.

«Хўп бўлади, ҳозир, ойижон», деган овоз келди ичкаридан.

— Янга, худонинг суйган бандасисиз-да. Энди кўнглингиз хотиржам ҳаж сафарига бораверсангиз бўлади.

— Э, ўргилай, қайда кўнглимга сиғади,— деди овозини иложи борича пастлатиб.— Нозимахонни ўйлайман. Бахтиёримга турмушга чиққач, икки боласи нобуд бўлди. Беш йил кутдик, бўлмади. Кейин бошқага турмушга чиққан, биламан. Аммо ўша фарзанд кўриб, бахтли бўлмаса... мен ўзимни айбдор санайвераман, — кўзлари ёшланди Ҳазора аянинг.

— Ҳали эшитмадингизми? Нозимахон ҳам иккиқат экан. Поликлиникада укамнинг хотини ишлайди. Ўша айтди «Кўчаларингизга тушган келинчак Нозимахон ҳомиладор экан, ҳомиласини соғлом дебди “УЗИ”да», деди.

Эшик ортида қўлида патнис кўтарган Қадира бу гапларни эшитгач, илтижолари Аллоҳга бориб етганидан хурсанд бўлди. Беихтиёр томчилаган кўз ёшларини артиб, чойни қайтариб, қўшни аёлга узатди. Юраги остида бахт бўлиб, шодлик бўлиб, дунёга келаётган митти юракча дук-дук уриб қўйди...

Моҳира Шакарова,

“Оила” ИАТ марказининг Бухоро вилояти бошқармаси бош мутахассиси

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии