Му5
46

Ўзбекистон-Германия: мамлакатларни бирлаштирувчи маданий ҳамкорлик

МАДАНИЯТ 13.01.2019, 16:41
1558
Ўзбекистон-Германия: мамлакатларни бирлаштирувчи маданий ҳамкорлик

Ҳар доим маданият турли халқлар ва мамлакатлар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган. Унинг халқаро муносабатларга ижобий таъсири ҳам аллақачон ўз исботини топган. Мамлакатлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик бир-бирларини яхшироқ тушунишга, бир қатор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий масалаларда муроса қилишга, ҳар икки томонга мос келадиган фойдали ечимларга эришишга ёрдам беради.

Бундай ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бу - Ўзбекистон ва Германия. Мамлакатларнинг жуда бой маданий мероси минг йиллар давомида шаклланган бўлиб, ҳозирги вақтга келиб мамлакатларнинг маданиятига бўлган ўзаро қизиқишлари янги мазмун билан бойимоқда.

Ўзбекистонда немис маданияти ва тилини ўрганишга қизиқиш катта. Ва айнан немис тили мамлакатимизда ўрганилаётган тиллар орасида иккинчи оммалашган хорижий тилдир.

Халқлар ўртасида маданий-таълим алоқаларини ривожлантириш мақсадида 1998 йил 27 ноябрда ташкил этилган “Ўзбекистон-Германия” қўмитаси ва дўстлик жамиятининг фаолияти мамлакатларимиз ўртасида кучли кўп қиррали алоқаларни ўрнатишда катта роль ўйнайди. Бунга асосан Ўзбекистон ва Германия миллий байрамларининг ўтказилиши, ўзбек ва немис усталари ижросида концерт дастурларининг ташкил этилиши, турли ижтимоий-сиёсий мавзулар ва бошқа тадбирлар бўйича ўқув семинарларининг ўтказилиши ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги самарали маданий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин далили сифатида мамлакатда уч йил давомида амалга ошириб келинаётган "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" ягона мультимедия лойиҳасини кўрсатиш мумкин. Лойиҳада тарихчи олимлар, археологлар, санъатшунослар, Германия ва Ўзбекистон музейлари ходимлари фаол иштирок этмоқда.

Ушбу лойиҳа мазмуни ва кўлами бўйича чиндан ҳам ноёбдир. У уч (ўзбек, инглиз, рус) тилдаги китоб-альбомларни чоп этиш, шунингдек Ўзбекистон ҳудудидан келиб чиққан ва хорижий тўпламларда сақланаётган моддий ва бадиий маданият объектларига бағишланган фильмларни яратишни кўзда тутади. Бу ҳам халқаро миқёсда эътироф этилган дурдоналар, ҳам кенг оммага ва мутахассисларга кам маълум бўлган ёки мутлақо номаълум бўлган артефактлар бўлиши мумкин. Келиб чиқиши ўлкамиз тарихи билан боғлиқ бўлган ноёб артефактлар ва бебаҳо қўлёзмаларнинг тақдимоти географик ва хронологик миқёсда биринчи бор амалга оширилмоқда.

Лойиҳа асосини ушбу қадимий ўлкада яратилган, лекин айни пайтда муайян сабабларга кўра хорижда - Россия, Европа, Осиё, Америка, Африканинг турли музейлари ва хусусий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарини каталоглаштириш ва тушунишнинг новаторлик ғояси ташкил қилади. У археологик артефактлар, ноёб миниатюраларга эга нодир қўлёзмалар, турли хил амалий санъат асарларини ўз ичига олади.

Жорий йил 15 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик сўзи битилган "Ўзбекистон маданий мероси Германия коллекцияларида" безакли китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Айнан ушбу китоб-альбом Ўзбекистоннинг китобат тарихига замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда чоп этилган биринчи китоб сифатида киради, уни нафақат ўқиш, смартфон ёрдамида ундаги 3D ўлчамидаги тасвирлар ҳамда видеолавҳалар билан танишиш мумкин.

Мазкур китоб-альбом Германия Федератив Республикасининг музей тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон бадиий меросини тақдим этади. Битта жилд ўз ичига Берлин давлат кутубхонаси, Берлиндаги ислом санъати музейи, Берлин этнологик музейи, Штутгартдаги Линден музейи, Гамбург санъат ва ҳунармандчилик музейи, учта этнологик музей: Лейпциг, Дрезден ва Хернхутдан иборат Саксониянинг давлат этнологик коллекциялари (SES), шунингдек Ганзанинг Любек шаҳри этнологик коллекциясини бирлаштирилган. Хусусий коллекциялар фахрий сенатор Манфред Бумиллер (Бамберг)га тегишли ислом даври ёдгорликлари тўпламини тақдим этади.

Тўпламларнинг ҳар бири ўзига хосдир. Масалан, Берлин Давлат кутубхонаси бошқа ёзма ёдгорликлар билан бир қаторда Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларини тақдим этади. Берлиндаги этнологик музейга энг кўп келиб тушган буюмлар машҳур сайёҳ ва Ўрта Осиёнинг анъанавий санъати ихлосманди Вилли Рикмер Рикмерс томонидан тўпланган.

Аждодларимиз томонидан яратилган барча ажойиб буюмлар - ноёб қўлёзмалар ва меъморий безак намуналари, сопол идишлар, ўйма нақш, заргарлик буюмлари ва тўқимачилик маҳсулотлари альбом саҳифаларида муҳрланган. Тасвирий материалнинг тақдим этилиши тасвирланган буюмлар ўртасидаги вақт фарқини ҳисобга олган ҳолда, иложи борича хронологик принципга амал қилади.

Китобда Х аср - XIV асрнинг биринчи ярми артефактлари (архитектура ва кулолчилик керамикаси, ўйма нақш)билан бир қаторда темурийлар давридаги ёдгорликлари, хонликлар даврининг буюмлари тақдим этилган. Альбомда ўрта аср дурдоналари билан бирга ХХ асрнинг анъанавий санъатига оид айрим намуналар ҳам ўрин олган.

Ушбу китоб-альбомининг чиқарилиши икки мамлакат ўртасида маданий соҳада дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш борасида кўйилган муносиб қадам бўлади.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° туман
Валюта курси
rightuz