Му5
46

Севара Солиева: Партнёрим турмуш ўртоғимга ёқмаса, ролдан воз кечаман

ШОУ-БИЗНЕС 16.01.2019, 16:14
9651
Севара Солиева: Партнёрим турмуш ўртоғимга ёқмаса, ролдан воз кечаман

Муштарийларимизнинг талаб ва таклифларига биноан актриса Севара СОЛИЕВАни суҳбатга чорладик. Айтишларича, актриса санъатни ташлаб бизнес билан шуғулланаётган эмиш...

— Сўнгги суратга тушган фильмингиз «Салом рашк» бўлди. Адашмасам, Азиз Раметов билан илк бор партнёр бўлдингиз?

— Ҳа. Ушбу картинада Азиз Раметов билан биринчи марта партнёр бўлдик. Мен уни ҳинд актёрларига ўхшатдим. Ижро маҳорати, съёмка жараёнида ўзини тутиши менга ёқди. Ролини ижро этаётган маҳали устозода санъаткор эканлиги билинади. Ростини айтсам, баъзи сабабларга кўра фильм премьерасида қатнаша олмадим. Лекин турли фикрлар бўлганидан хабарим бор.

— Масалан, нималар дейишди?

— Танқидий фикрлар бўлмади. Мабодо, сиз нимадир эшитган бўлсангиз, айтаверинг.

— Фильм ҳақида ёмон гап эшитмадим. Фақат Азиз Раметов билан экрандаги жуфтлигингиз баъзилар учун эриш туюлди.

— Бўлиши мумкин. Ахир бу илк ҳамкорлигимиз.

— Турмуш ўртоғингиз актёр ва хонанда Маъмур Султонов съёмка майдончасида сизни Азиз Раметовдан рашк қилган эмиш...

— (кулади) Умр йўлдошим мени ҳаммадан рашк қилади. Нафақат Азиз Раметовдан балки бошқа фильмдаги партнёрларимдан ҳам қизғонади. Лекин мен буни тўғри қабул қиламан.

— Дейлик, Маъмур суратга олиниши режалаштирилаётган фильмдаги партнёрингизни ёқтирмади. Шу сабаб бўлиб, ролдан воз кечишингиз мумкинми?

— Агар турмуш ўртоғим партнёримни ёқтирмаса, у билан битта фильмда суратга тушишимга қарши бўлса, албатта, ролдан воз кечаман. Мен учун оилам хотиржамлиги ҳар нарсадан муҳим.

— У ҳам сиз учун шундай қилган бўлармиди?

— Йўқ! Турмуш ўртоғимнинг феълини яхши биламан. У менинг гапим билан кинодаги партнёри ёки қилаётган ишидан воз кечмаган бўлар эди. Бир тарафдан тўғри ҳам қилади. Негаки, у эркак киши. Биз, аёллар эса ҳамиша жуфтимизнинг фикрини ҳурмат қилишимиз керак.

— Севара, кинода кам суратга тушаётганингизнинг боиси нима?

— Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги пайтларда фильмлар кап ишланяпти. Режиссёрлар, асосан, янги қиёфаларни кашф қилишга уринишмоқда. Тўғри, таклифлар бўляпти, аммо кўпчилиги мен айтган гонорарга рози бўлмайди.

— Бундан чиқди, «Севара роль учун катта гонорар сўраяпти», деган гаплар рост экан-да?..

— Нокамтарликка йўйманг-у, аммо кўп йиллардан буён ижод қилиб келаётган профессионал актрисаман. Доим ўз устимда изланаман. Маҳоратимни ошириб боришга ҳаракат қиламан. Озми – кўпми, мухлисларим бор. Шундай экан, роль учун маълум миқдорда гонорар белгилашга ҳақлиман, деб ўйлайман.

— Тушунарли. Театрдан таътилга чиққандингиз, ишга қайтдингизми?

— Йўқ, театрга қайтмадим. Бирйўла ишдан бўшадим.

— «Актриса театрда чарҳланади» дердингиз-у, ишдан бўшашингизга нима сабаб бўлди?

— Ҳали ҳам шу фикрдаман: актриса театр саҳнасида чарҳланади, маҳорати ошади. Аммо ҳозир театр билан кинони биргаликда олиб боришга қийналяпман. Шу боис ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Насиб қилса, кейинчалик театр студияларидан бирида иш фаолиятимни давом эттираман.

— Ҳамкасбларингиз «Киночи-да, театрда ишлашни эплолмади», дейишмадими?

— Шахсан ўзимга гапиришмади. Балки ортимдан гап – сўз бўлгандир, яна ким билади, дейсиз. Ҳозир бор диққатимни кинодаги ролларимга қаратмоқчиман.

— Тўйларда бошловчилик қилаяпсиз-а?

— Ҳа! Бир мен эмас, кўпчилик актёр – актрисалар тўйга чиқишади. Мени хурсанд қилаётгани, одамлар тўйларда бошловчилик қилишимизни яхши қабул қилишяпти.

— «Битта сиз қолгандингиз шу ишни қилмаган», дегувчилар ҳам бўлгандир?

— Бундай гаплар бўлмади. Тўғри, бир неча йиллар олдин актёр – актрисаларнинг тўйларда иштирок этишини ҳамма ҳам тўғри тушунмас эди. Аммо ҳозир ундай эмас. Аксинча, бирор бир актриса тўйда бошловчилик қилса, ташриф буюрганлар мамнуният билан қарши олишмоқда.

— Яхши. Севара, сиз ҳақингизда яна бир гап эшитдим.

— Хўш, хўш нима экан?

— Савдо марказларидан бирида дўкон очганмишсиз...

— Хўжайинимнинг кўп йиллик орзуси амалга ошиб, ресторан очди. Мен эса реклама борасида унга ёрдам беряпман. Ресторан савдо марказларидан бирида жойлашган. У ерда мени кўрганлар Севара бизнес билан шуғулланяпти, деб ўйлаган бўлишса керак. Аслида, бу турмуш ўртоғимнинг лойиҳаси.

— Омадини берсин!

— Айтганингиз келсин!

— «Сал қолишига сал қолди» фильми премьераси қачонга мўлжалланяпти?

— Биласиз, картина турмуш ўртоғимнинг ғояси асосида суратга олинди. Насиб этса, кейинги ойларда премьераси бўлиб ўтади.

— Бош ролда ўзингиз бўлсангиз керак?

— Йўқ, бу сафар кичикроқ роль ижро этдим. Фильм катта экранларга чиққач, қаҳрамоним билан яқиндан танишасиз.

— Келишдик.


Севаранинг «ЭНГ» лари

Энг ёмон кўргани — одамларнинг асоссиз гап – сўзлари.

Энг қувонган куни — кайфиятни кўтариш мақсадида ўзи учун бирор нима қилган он

Энг катта камчилиги — жаҳли тез

Энг яхши одати — яхшилик қилган инсонларни сира ҳам унутмайди.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° туман
Валюта курси
rightuz