my5
Sevimli

"Темирйўлобод": Эл дастурхони бут бўлишида хизмат қилмоқда

ЖАМИЯТ 27.01.2019, 20:09
"Темирйўлобод": Эл дастурхони бут бўлишида хизмат қилмоқда

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Хоразм вилоятининг Шовот туманида жойлашган “Темирйўлобод” чорвачилик ва паррандачилик мажмуасига медиатур ташкил қилинди. Жамоа фаолияти, чорвачилик ва паррандачилик соҳасида эришилаётган ютуқларни кенг оммага етказиш мақсадида мажмуага 20 дан зиёд оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюришди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган 5 та ёрдамчи хўжаликларда бугунги кунда 5 минг 500 бошдан ортиқ қорамол, 60 минг бош парранда, 500 бош қўй ва эчки, 18 бош от ҳамда туялар боқилмоқда. “Темирйўлобод” чорвачилик ва паррандачилик мажмуаси, “Гулобод-мева” сабзавот, полизчилик ва чорвачилик хўжалиги, “Сардоба” агросаноат мажмуаси унитар корхонаси, “Наврўз-наслчилик” чорвачилик мажмуаси, ҳамда “Қўнғирот-Устюрт” паррандачилик хўжаликларида етиштирилаётган гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, полизчилик, мева ва сабзавотлар темирйўлчилар билан бир қаторда маҳалий аҳолига ҳам етказиб берилмоқда.

Тасарруфдаги энг йирик хўжалик бу “Темирйўлобод” чорвачилик ва паррандачилик мажмуаси ҳисобланади. Мажмуа 1 минг 119 гектар ер майдонига эга бўлиб, шундан 950 гектарини экин майдони ташкил қилади.

Хўжаликда 2018 йилда буғдой, янги беда, жавдари, маккажўхори, лавлаги, қовоқ ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик экинлари экилиб, юқори ҳосил олинди. Шунингдек, 10 гектар майдонда янги боғ ташкил этилди.

Ушбу чорвачилик мажмуасида бугунги кунда жами 2 минг 300 бошдан ортиқ қорамол мавжуд. Бундан ташқари, мажмуада 30 минг бошдан ортиқ парранда, 170 бош қўй ва эчки ҳамда 6 бош от парваришланмоқда. Шунингдек, подада йилига 5 минг килограммгача сут берадиган сигирлар 80 бошни, 8 минг килограмдан ортиқ сут берадиган сигирлар эса 35 бошни ташкил қилади. 2018 йил мобайнида мажмуадаги соғин сигирлардан жами 1700 тоннага яқин сут соғиб олинди.

Хўжаликда ўтган йили 60 тоннадан ортиқ гўшт, 8 миллион дона тухум олинди. Ушбу маҳсулотлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларга, шунингдек, маҳаллий аҳолига етказиб берилди.

Мажмуада 2018 йилда 450 бош бузоқ олинди. Бу 2017 йилдагига қараганда 110 бошга кўпдир. Яқинда чорва мажмуасига Германия давлатидан Симментал зотига мансуб 300 бош қорамол олиб келинди. Ҳозирда наслдор молларни иқлим шароитига мослаштириш жараёни кетмоқда.

Айни кунларда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Бухоро” минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси негизида ҳам минг бош қорамолга мўлжалланган янги чорвачилик мажмуасини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу янги мажмуага ҳам хориждан 300 бош қорамол олиб келиши режалаштирилган.

Албатта, олиб борилаётган бу эзгу ишлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тараққиётига хизмат қилиш баробарида, эл дастурхонининг тўкис бўлишини таъминлашга замин яратади.

Шарҳлар