“Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг “Қамчиқ” довони қисмида 2014-2015 йиллар қиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига асосан, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, “Ўзавтойўл” компанияси ва Республика йўл жамғармаси билан биргаликда бу йилги қишки мавсумида А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг “Қамчиқ” довонини барқарор фаолият кўрсатишини, довон орқали автотранспорт воситалари ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳамда узлуксиз ҳаракатларини таъминлаш мақсадида, бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Режада белгиланган автойўл ёқасидаги автомобиллар тўхтаб туришига мўлжалланган 13 та фалокатли ҳолатларда чиқиш йўллари ва 7 та вақтинча тўхташ майдончалари тозаланиб, уларнинг ҳолати доимий назоратга олинган.
Шунингдек, “Қамчиқавтойўл” ИЙФКнинг берган маълумотига кўра, автомобил йўлида кечаю-кундуз хизмат қилаётган ишчилар учун 200 комплект иссиқ кийим, 400 жуфт оёқ кийим ва 450 жуфт қўлқоп захираси яратилган.
Шу билан бир қаторда, “VISATA GROUP” МЧЖ томонидан қор уюмлари тўпланадиган жойларда ўрнатилиши режалаштирилган 1 минг 710 та қор кўчкисидан химоя қилиш тўсиқларидан мингдан ортиғи ўрнатилди. Бу ҳақда ФВВ Матбуот хизмати хабар беради.