“Соғлом бола йили” давлат дастурининг 94-бандига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги томонидан илк маротаба ота-оналар учун болаларни мактабга тайёрлаш бўйича 5 та китоб яратилди, бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар беради.
Мазкур қўлланмалар фарзанди мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган ота-оналар учун мўлжалланган бўлиб, улар ёрдамида боланинг дунёқараши, мантиқий фикрлаши ва нутқи ривожлантирилади, уни шахсий гигиена қоидалари билан таништиради.
Қўлланмалар “Болажон” таянч дастури асосида рангли-безакли шаклда тайёрланган ва Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика маркази қошидаги илмий кенгаш томонидан тасдиқланган. Қўлланмалар 5 та китобдан иборат бўлиб, жами 2,5 млн. нусха (ҳар бир китоб 446 минг нусхадан) чоп етилди ва 436 130 нафар оилаларга бепул тарқатилмоқда. Булар:
1.“Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш”;
2.“Математик тасаввурларни шакллантириш”;
3. “Шеърий асарлар тўплами”;
4.“Насрий асарлар тўплами”;
5.“Соғ танда - соғлом ақл”.
Жойларда туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил етиш бўлимларининг мактабгача таълим услубчилари, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди ва бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари билан биргаликда мактабгача таълимга қамраб олинмаган 5-7 ёшли фарзандли оилалар рўйхати шакллантирилиб, ҳозирда уларга мактаб кутубхоналар орқали қўлланмалар бепул тарқатилмоқда. Ота-оналар қўлланмадан йил давомида фойдаланган ҳолда ўз фарзандини мактаб таълимига сифатли тайёрлайди. Бугунги кунда республика бўйича жами 4950 та мактабгача таълим муассасасига 581 539 нафар бола қамраб олинган.