Sevimli

Олмалиқ шаҳрида фирибгар аёл пластик карточкалардан 10 миллион сўмдан зиёд маблағни ўзлаштириб олди

ЖАМИЯТ 07.11.2014, 16:49
Олмалиқ шаҳрида фирибгар аёл пластик карточкалардан 10 миллион сўмдан зиёд маблағни ўзлаштириб олди

Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида бир неча одамни алдаб, пластик карточкадаги пул маблағларини ўзлаштириб олган аёлга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Олмалиқ ҳақиқати» хабар бермоқда, деб ёзади daryo.uz.

Пластик карточкалар кушандасининг чўпчакларига лаққа тушган оҳангаронлик аёл 710 минг сўм миқдорида пул маблағи бўлган пластик карточкасини нима учун икки қўллаб фирибгарга бериб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.

2014 йил 30 январь куни фирибгар аёл навбатдаги ўлжа сари ов бошлайди. Ўлжа ҳам тезда топила қолди. Олмалиқлик аёл атрофида гирдикапалак бўлаётган фирибгарнинг ширин гапларига тезда ишонди. Фирибгар «опагинам, тез кунларда нақд пул қўлингизда бўлади», — дея оз эмас, салкам беш миллион, яъни 4 миллион 954 минг сўм маблағи бўлган пластикни «гум» қилиб кетди.

Йил боши «баракали» келганидан кайфияти чоғланган фирибгар февралда яна ҳунарини кўрсата бошлади. 2014 йил 10 февраль куни яна бир содда аёл 400 минг сўмлик пластигидан жудо бўлди.

2014 йилнинг 20 февраль куни «овчи»нинг тузоғига йирик ўлжа — бир миллион сўмлик пластик карточка илиниб қолди. Пластик эгаси пискентлик аёл қандай қилиб нотаниш кимсага йирик миқдордаги маблағини бериб юборганини ҳалигача тушунмаётгани аниқ.

Жами 10 миллион 389 минг сўм маблағни ўзлаштирган пластик карточкалар кушандаси, фирибгар, судланувчи аёл умрининг уч йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси