Ташкент +4° Mon 22:44
Долзарб мавзулар Фото

​Шаҳзода Муҳаммедова: Турмуш ўртоғимнинг шартига кўндим...

Добавлено: 17.02.2019, 20:48

Унинг атрофида гап-сўзлар кўпайгани сари кўпайиб боряпти: «Энди Ўзбекистонга қайтиб келмасмиш», «Бизнесини топширганмиш», «Тўйини ўзи ўтказибди», деган мазмунда. Миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова билан телефон орқали боғландик. Тўйдан сўнг турмуш ўртоғи билан Москвага жўнаб кетган суҳбатдошим барча саволларга рўйи-рост жавоб берди.

— Турмушга чиққач, Москва шаҳрига жўнаб кетдингиз. Эр-хотин бўлак яшаяпсизларми?

— Ҳа! Аслида, тўйдан сўнг маълум муддат Тошкентда қолиб, қайнота-қайнонамнинг хизматида бўлишни ният қилгандим. Афсуски, бундай бўлмади. Тўй арафасида турмуш ўртоғим Тошкентда кўп вақт қолиб кетгани учун Москвада ҳал қилиниши керак бўлшган ишлари кўпайиб кетди. Шу сабабли тўйимизнинг эртасигаёқ жўнаб кетдик. Ҳозирда Россия давлатининг пойтахтида яшаяпмиз. Умр йўлдошим мактабни тамомлагач, коллеж ва институтни шу ерда тамомлаган. Асосий иш фаолияти ҳам Москва шаҳрида. Ким билади дейсиз, эҳтимол, қачондир Тошкентга қайтармиз.

— Келинлик вазифалари нима бўляпти? Аввалги суҳбатларимизда бу ҳақида кўп гапирар эдингиз...

— Турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари Тошкентда истиқомат қилишади. Биз, эр-хотин бўлак яшасак-да, келинлик вазифаларини бажаришга ҳаракат қиляпман. Чунки бу менинг қизлик орзуим! Ҳар куни турли хил пишириқлар, таомлару салатлар тайёрлайман. Аммо сепимга тиккан кўйлакларимни кия олмадим. Турмуш ўртоғим «Жуда кўп кўйлак тикканингизни биламан. Лекин мени олдимда дўппи ва яна шунга ўхшаш бошкийимларда юрманг. Қулай, замонавий кийиниб юринг», деди. Мен унинг талабини тўғри тушундим. Сепим учун яратилган либосларда эса ўзим учун фотосессия ўтказдим. Майли-да, эсдалик бўлиб қолади.

— Қайнота – қайнонангиз сизни қандай қабул қилишди?

— Шукр, улар мени яхши қабул қилишди. Гарчанд, хизматларини қила олмаган бўлсам-да, кунора интернет орқали қўнғироқлашиб, хабарлашиб турамиз. Қайнона-ойижоним замонавий аёл, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни биладилар. Қайнопаларим билан ҳам аҳилмиз. Тўй арафасида улар ательемизда либос буюртма қилишганди. Ана шунда улар билан яқин бўлиб қолдик.

— Инстаграмга кунора турли хил таомлару пишириқлар расмини жойлаяпсиз. Наҳот Шаҳзода пишир-куйдирдан ортмай қолган бўлса?

— Рассом-дизайнер бўлганим учун интерьер, уй жиҳозларини танлаш, пишир-куйдир масалаларига ижодкорона ёндашаман. Айниқса, ошхонада таом тайёрласам, у, албатта, ўзгача бўлишига ҳаракат қиламан. Бугун уй бекаси ролида маза қилиб таом тайёрлаяпман. Шу баҳонада ўзим ҳам дам оляпман. Бундан икки ярим ой олдин ҳаммаси тамоман бошқача эди: ҳар куни алламаҳалгача ательеда банд бўлардим, кечалари либос тикардим, чизма чизардим, яна вилоятларга тўй хизматларига ҳам бориб келардим. Буларнинг барчаси ниҳоятда катта куч талаб этар эди. Ательеда ёрдамчиларим кўп бўлса-да, либосдаги энг мураккаб ишни ўзим бажаришга одатлангандим. Бир сўз билан айтганда, тинимим бўлмасди. Аммо бундай ҳаёт тарзи мени ҳам руҳан, ҳам жисмонан зўриқтирган экан. Ҳозир асосий вақтим уй ишлари, пишир-куйдир билан ўтяпти. Билсангиз, бунинг ҳам ўзгача гашти бўларкан.

— Пазанда эканингизни кўп таъкидладингиз. Хўш, турмуш ўртоғингиз сиз пиширган қайси таомни мақтаб ейди?

— Ўзимизнинг миллий таомларимиздан хонимни ёқтириб ейди. У кўпроқ балиқдан тайёрланадиган овқатларни хуш кўради. Айниқса, балиқ шўрва жону дили. Очиғи, балиқдан «Ухо» деб номланадиган суюқ таом тайёрланишини билмасдим. Турмуш ўртоғим «Бугун овқатга «Ухо» тайёрланг», деганида, «Бу қандай таом экан?» деб ўйланиб қолдим. Кейин эса дарҳол интернетдан рецептини излаб топдиб, тайёрлашни ўрганиб олдим. Ҳозир анча қўлим келишиб қолган. Турмуш ўртоғимга ҳам тайёрлаган таомларим манзур бўляпти.

— Замонавий келинлар усулидан фойдаланибсиз-да?..

— Менимча, бугун ҳамма келинлар таомлару пишириқлар рецептини интернетдан ўқиб ёки видео дарслардан кўриб, ўрганишяпти. Бу жуда қулай.

— Яхши. Адашмасам, умр йўлдошингиз хонанда Манзуранинг клипида суратга тушган эди?

— Ҳа, шундай. Лекин турмуш ўртоғим актёр эмас, архитектор. Қурилиш компанияси раҳбари. Агар санъаткор бўлганида, у билан оила қурмаган бўлардим.

— Сабаб?

— Аввалдан буни хоҳламаганман. Санъаткорга турмушга чиқмайман, дердим, доим. Хонанда Манзуранинг клипида суратга тушиши эса тасодифан юз берган. Турмуш ўртоғим асосий иш фаолиятидан ташқари концертдастурларини ташкиллаштириш билан ҳам шуғулланади. Ўтган йил Манзура Москвада концерт берганида танишиб қолишган ва суҳбат давомида клипда суратга тушиш таклифи билдирган. Бор гап шу.

— Боядан бери тўй ҳақида гаплашаяпмиз-у, қандай танишганингиз ҳақида сўрамабман.

— Хабарингиз бор, икки марта «Мода России» халқаро мода фестивалида иштирок этдим. Мени у ерга халқаро маданият ишлари бўйича масъул шахс Сирожиддин Тоҳиров таклиф этганди. Самолётимиз Москва шаҳри аэропортига келиб қўнганида, бизни Сирожиддин Тоҳировнинг яқин дўсти, яъни «куёвбола» кутиб олган. Бизни таништиришган, бир-биримиз ҳақимизда қисқача маълумотга эга бўлганмиз.

— Шу йигит тақдирим бўлса-чи, деб ўйлаганмисиз?

— Йўқ. Ўшанда бор диққатим фестивалга қаратилганди. Хаёлимда 15-20 та кўйлакни дазмол қилиш, намойишни чиройли ўтказиш каби ўйлар чарҳ урарди. Севги-муҳаббат ҳақида умуман ўйламаганман.

— Хўш, кейин нима бўлди? Сиз Тошкентга қайтиб келдингиз, у эса Москвада қолди...

— Уйга қайтганимдан сўнг кўп ўтмай совчилар кела бошлади. Ўзимча «Ҳар доимгидек сўраб келишяпти-да», деб эътибор қилмадим. Ана шундай кунларнинг бирида онам «Москвада яшайдиган бир ўзбек йигитидан совчи келди», дедилар. «Совчи кимдан экан? Мен уни танийманми?», деганимда, онам бўлажак турмуш ўртоғимнинг исмини айтди. «Йўғ-э, бўлиши мумкинмас. Ахир унда менга нисбатан бирор илиқлик борлиги сезилмади-ку? Алоҳида эътибор кўрсатганини ҳам билмадим. Ҳатто телефон рақамимни ҳам сўрамади, қандай қилиб совчи қўяди?» – дея ўйлаб, ўйимга етолмасдим. Совчилар икки марта келиб, кетишганидан сўнг у менга «SMS» ёзди. Лекин мен унинг турмуш қуриш таклифини қабул қилмадим. «Биз бошқа-бошқа одамлармиз. Мени ўз олдимга қўйган мақсадларим, орзу-хавасларим бор», дегандим. У эса «Ҳеч нимадан хавотир олманг. Барчаси амалга ошади», деди. Кейин «Сиз мени танламаганингиздан ҳали афсус қиласиз», деб гапини давом этди. Тўғриси, унинг гап-сўзидан ўйланиб қолдим: «Шунчалик ўзига ишонадими? Уни рад этиб, кейин афсус қилсам-чи?», деб. Суҳбатимиз давомида «Менга ишонинг, мен сизни бахтли қиламан. Фақат бир шартим бор, нимагаки ўз меҳнатингиз билан эришган бўлсангиз, яъни машина, ателье, қимматбаҳо нарса-буюмлар – барчасини ота-онангизнинг уйида қолдириб келасиз. Бундан буёғига нима керак бўлса, барини ўзим муҳайё қиламан», деганида, унга нисбатан ҳурматим ошди. Қолганидан хабарингиз бор: фотиҳа, тўй...

— Ҳозир ателье ишлари билан ким шуғулланяпти?

— Бошқарувни онамга топширганман. Ательеда малакали ишчилар фаолият юритишади. Мен уларга тўлиқ ишонаман. Буюртма берган мижозларга интернет орқали либослар чизмасини жўнатиб турибман.

— Дарвоқе, актрисаликни давом эттирасизми?

— Фильм сценарийси менга ва турмуш ўртоғимга маъқул келса, кинода суратга тушаман.

— Мавзудан бироз четлашиб, сўрасам: яқин дугонангиз — Муқаддас Саъдуллаева иккинчи бор она бўлди. Инстаграмда биринчилардан бўлиб табриклаганингизга қараганда, Йигитали билан муносабатларидан хабарингиз бўлган?..

— Биласизми, ҳеч қачон дугонамнинг шахсий ҳаётига аралашмаганман. У доим ўзи учун ўзи қарор қабул қилган. Тўғриси, унинг фарзанд кутаётганидан хабарим йўқ эди. Балки бу масалада гапиришга хижолат бўлгандир.

— Ростан ҳам ҳеч нимани билмасмидингиз?

— Ҳомиладорлигини тўй арафасида билдим. «Кимга турмушга чиқдинг?» деб сўраганимда, у актёр Йигитали Мамажоновни айтди. Ҳайрон бўлиб «Нега айнан у?» деб савол бердим? Муқаддас «Шу инсон тақдирим бўлса керак. Бахт нима эканини энди ҳис қиляпман», деди. Шундан кейин ортиқча сўз демадим. Тўғри, Муқаддас билан дугонамиз, аммо шундай бўлса-да, унинг ҳаётига аралашишга ҳаққим йўқ. У шуни маъқул кўрибдими, бахтли бўлсин. Фарзандли бўлганида унинг учун хурсанд бўлдим.

— Яхши. Келинг, энди ўзимизнинг суҳбатга қайтсак, Шахзода тўйини ўзи ўтказибди, деган гап чиқди...

— Йўғ-э, жуда унчаликмасдир. Ростан шундай дейишяптими?

— Эшитганимни айтдим.

— Боя айтганимдек, турмуш ўртоғимнинг талаби билан бор «бисотим» ни Тошкентда қолдириб келдим. Умр йўлдошим жуда ғурурли йигит. Эркак киши оиласи, аёли, фарзандларини таъминлашга масъул, деб ҳисоблайди. Тўйимизни ҳам ўзи ўтказди. Мен бир сўм ҳам сарфламадим! Фақат тўй ғояси меники, холос. Борди-ю, бунинг акси бўлганида тўйни тўхтатар эдим. Чунки аёл кишининг пулига яшайдиган, ўз орзу-ҳавасларига эришадиган эркакларни умуман ҳурмат қилмайман.

— Хотиржам ва асосийси бахтли яшаётганингиздан хурсандмиз. Турмушингизга кўз тегмасин!

— Миннатдорман!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии