41

ОЛОЙ БОЗОРИНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ КЕРАКМИ?

ЖАМИЯТ 16.03.2019, 16:19
11611
ОЛОЙ БОЗОРИНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ КЕРАКМИ?

Кейинги пайтларда бир қатор интернет сайтларида пойтахтимиздаги эски масканлардан бири – Олой бозори номини ўзгартириш таклифи берилди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий веб-саҳифасида чоп этилган “Олой” — булғатувчи экан. Бозорнинг номини ўзгартириш таклиф қилинмоқда”сарлавҳали мақола кўпчиликнинг баҳс-муноазарасига сабаб бўлди.

Мақола муаллифининг айтишича, “олой” сўзи араб ёки форс тилидан олинмаган. Аксинча, асли туркий сўз бўлиб, “булғатувчи” деган маънони англатади ва омонимлар гуруҳига кирмайди.Халқимиз нутқида учрайдиган май олой (яъни май юққан) ва чеҳра олой (яъни қаллоб) каби иборалар бунга исбот бўла олади. Энди бир ўйлаб кўринг, пойтахтимиздаги нуфузли бозорни наҳотки шундай ном билан аташ мумкин бўлса?”

Аввало, ҳар бир таклиф, ҳар бир фикр ҳурматга лойиқ. Ушбу мақола уаллифининг фикрларини ҳам ҳурмат қилган ҳолда, айрим мулоҳазаларни баён қилсак.

Аввало Ҳазрат Навоийнинг қайси асарларида бу сўз шу тахлит ишлатилгани мисол тариқасида келтириб ўтилганда, яхши бўларди. Биз Навоий асарларидан бу мазмундагисўзни излаб тополмадик. Қолаверса, бозор номи айнан “булғатувчи” сўзидан олингани ҳали исбот этилиши лозим.

Учинчидан, бозор тарихидан хабардор одамларнинг айтишича, унинг номи ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Олой (Алай) водийси номи билан боғлиқ. (Маълумки, кўпгина туркий тиллардаги “а” товуши иштирок этган сўзлар ўзбек тили “о” товуши билан ифодаланади.)

Бугунги кунда қўшни юртда Олой тоғи, Олой тумани мавжуд. Россиянинг Саратов вилоятида ҳам шу ном билан аталувчи қишлоқ ва дарё бор.

“Манас энциклопедияси”да Олой қадимги қирғизлар яшаб келган тарихий макон сифатида тилга олинади. Қирғизистоннинг кўҳна водийларидан бирининг номи ҳам Олой деб номланади. ХIХ асрнинг70-80 йилларида Қўқон хонлиги ҳудудига Олой вилоятининг ҳокими Қурмонжон Додхо ҳам «Олой маликаси» номи билан машҳур бўлган, 1876 йилда Пўлатхон бошчилигидаги исёнчиларга қўшилган Қурмонжон додҳо рус саркардаси М.Д. Скобелев қўшинига кучли зарба берган, бироқ, кейинчалик хоинлик натижасида мағлубиятга учраган. Одамларининг айримлари асирга тушган, айримлари турли томонларга қочишга мажбур бўлган. Шуларнинг бир қисми ҳозирги Тошкентнинг Олой бозори ҳудудидан манзил топган ва савдо-сотиқ билан шуғулланишган. Кейинчалик улар шу ерда Олой бозори вужудга келган.

1928 йилдан Олой бозори номи билан расмий равишда бозорга асос солинган ва кейинги мустақиллик йилларида замонавий бозор тариқасида қайта қурилган.

Замонавий турк тилида “олой” (alay) сўзининг ўндан ортиқ маъноси бўлиб, асосан тўплам, жамоа, гуруҳ маъноларида ишлатилади. Ҳарбий истилоҳда “полк” маъносида ҳам ишлатилади. Шундай экан, “Олой” дегани булғатувчи экан, номини ўзгартирайлик” дейиш унчалик тўғри эмас.

Борингки, минг бир эҳтимол билан, “Олой” номи муаллиф айтгандек, “булғатувчи” маъносини берган тақдирда ҳам, уни ўзгартиришга шошилмаслик лозим. Зотан, мамлакатимизда ундан беш баттар маъноларни англатадиган жой номлари ҳам йўқ эмас. Ахир ўтмишда аждодларимиз бирор жойга ном беришда бугунги унинг сиёсий, ижтимоий, маънавий-эстетик томонларини ҳисобга олиб ўтирмаганлар. Ўзлари учун қулай, эслаб қолиш осон бўлган номлар билан атаб кетаверишган.

Борди-ю, бозор номи ўзгарган тақдирда ҳам, бу одамлар учун қанчалик ноқулайлик туғдириши, ортиқча оворагарчилик, расмиятчилик, ҳужжатбозликни келтириб чиқариши мумкинлигини бир кўз олдимизга келтирайлик. Биргина метро бекатлари номларидаги ўзгаришлар ҳали-ҳамон ҳар куни ўнлаб йўловчилар, (айниқса пойтахт меҳмонлари ва кекса ёшлилар)ни чалғитишини кўпчилик билса керак.

Хуллас, “Олой бозори”нинг номи аслидагидек қолгани тузук.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+16° ясно
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz