Му5
48

“УРИНГ, ЁШУЛЛИ, УРИНГ!”

МУТОЛАА 23.03.2019, 19:47
11393
“УРИНГ, ЁШУЛЛИ, УРИНГ!”

Ёхуд айрим ҳокимларимиз уриш ва сўкишдан нега воз кечмаяпти?

Ё ҳокимлик ўта асабий касб, ё бизнинг халқимиз аллақачон калтак билан муомала қилишга ўрганиб қолган. Бўлмаса, икки-уч йилдан бери ҳокимларнинг сўконғичлигию уронғичлиги бутун матбуотга дўмбира бўлса-да, бу ҳолатларнинг чеки кўринмаяпти.

Сўконғич ҳокимлар пойгаси

Икки йилча илгари Сирдарё вилоятида юз берган шармандаликни эшитмаган одам қолмади: кучи байрамга “одам олиб чиқмаган” мактаб директорларига етган “ҳокимча” эсингиздадир? Ҳа, балли! Зўравоннинг зўри элга ошкор бўлганидан кейин, мансабидан ҳам мосуво бўлди. “Отдан тушганидан” сўнг кўча-кўйда, тўй-маъракада юзи мушт туширган директор-у ўқитувчиларнинг юзига қандай қаради – буниси энди ўзигаю Худога аён.

Водий тарафларда яна бир “акамиз” борлар. Гапларига кирмаган ходим борки, “ишлашасанларми сенлар ўзи” деб, анжанчасига болохонадор қилиб сўкардилар. Аёл бўладими, эркакми, ёш бўладими, қарими – нима фарқи бор? Ақл, э узр, мансаб ёшдамас, бошда. Адашмасам, шу ўткир тиллари сабаб яхшигина дакки эшитдилар, судга бориб, беш-олти миллионни ҳам тўлаб келдилар-ов! Агар яқин орада эълон қилинган “ҳокимларнинг қанча маош олиши” тўғрисидаги маълумотларга ишонсак, анжанлик акамизнинг уч-тўрт ойлик маошлари “бурро” тиллари касратидан давлат кассасига қараб оқиб кетгани ҳақиқат. Лекин, узунқулоқ гапларга қараганда, ҳозир ҳам унда-бунда сўкиниб турарканлар, валлоҳу аълам!

Анча илгари Тошкент вилоятидаги бир туманда ҳам “ҳоким бува” пахта теримига одам чиқармаган маҳалла оқсоқолларининг “чангини чиқарган”. Хорижлик ҳамкасбларимизнинг аниқ фактларга асосланган статистик маълумотига кўра, ҳоким бува 45 дақиқа давомида 126 марта “изоҳли луғат”га кирмаган сўзларни ишлатган. Тўғри, тилимиз бағоят бой, имкониятлари кенг. Лекин, раҳбар зоти бу имкониятлардан “кенг фойдаланавериши” тўғри эмас-да!

“Ёшулли боламни урғони йўқ!”

Яқинда “ўргимчак тўри”да Хоразм томонларда яна бир раҳбарнинг йиғилиш вақтида фермерларни ҳақорат қилганлари ҳақида хабар тарқалди. Қалаштириб сўкканлари етмагандек, “Ёшулли” бир фермерга қараб ўзлари ўтирган стулни ҳам ирғитибдилар. Ҳокимниннг қаҳрига дучор бўлган фермер болага нима қилганини аниқ билмадиг-у, лекин стул синиб кетганидан хабаримиз бор! Ол-а! Одам боласини-ку, бир чақага олмас экансиз, битта стул қанча туришини биласизми, Ёшулли?

Kun.uz сайтининг маълумотига кўра, “Ёшулли” воқеага аниқлик киритиб, каттароқ мажлисда изза бўлганлари сабаб, “ижро интизомига амал қилиш мақсадида”, йиғилишга кеч келган фермерларга жаҳл қилиб, курсини минбардан пастга ирғитибдилар.

Фермернинг отаси ҳам мухбирнинг сўровига жавобан, интернетдаги хабарлар “бўрттириб юборилгани”ни айтиб, ҳокимдан хафа эмаслигини айтган. Ҳар қалай бир юртнинг одами-да, кирар эшигингни қаттиқ ёпма, деган мақолга амал қиладиган халқмиз.

Айтганча, бу ишни прокуратура органлари ҳам текширишга киришган. Лекин, калтак еган одам (агар ростдан ҳам калтак еган бўлса) бўйнини эгиб, “айб менда” деб турса, отаси “ёшулли боламни урғони йўқ” деб қўл қовуштирса, ҳуқуқ-тартибот органлари кимни айбласин? “Бўлар-бўлмас” шов-шув тарқатган журналистларними?

Эгилган бошни қилич кесмайдими?

Ундан сал аввалроқ, Бухородаям худди шунақа иш бўлган экан. Чекка туманлардан бирининг ҳокими яна бир фермерни дўппослаган, шўрлик фермер дўхтирхонага тушиб қолган. Кейин шов-шув кўтарилган. Ўртага “каттаконлар” тушган. Туман ҳокими фермернинг ёнига бош эгиб, “хай, энди от тепкисини от кўтаради-да, жўражон, биздан ўтибди” деб борганларида, фермернинг ҳам кўнгли юмшаб, “иби, ҳоким бово, сиз катта бошингизди кичкина қилиб кечирим сўропсиз, биз кечирмаймизми, охи” деб шартта кечирворипти. Кечиримлилик танамизга қон билан сингган-да! Айниқса, “катталар” бош эгиб узр сўраб турса-ю, “кичиклар” кечирмаса, ўзбеклигимиз қаерда қолади? Биз немис ё америкалик эмасмизки, бир оғиз ҳақорат учун депутат ёки вазирни ҳам судга бериб, «кўкида» фалон минг жарима ундириб олсак…

Ҳазил-ку, ўз йўлига, лекин Юрт раҳбари “халқ мансабдорга эмас, мансабдор халққа хизмат қилсин” деб турган бир пайтда, катта-кичик раҳбарлар ҳамон одамлар билан “мушт тили”да гаплашаётгани, қўл остидагиларга ноўрин муносабатда бўлаётганга ҳечам кўз юмиб бўлмайди.

“Сўкса индамайсан, урса йиғламайсан!,,,”

Мен-ку, ҳоким бўлиб кўрмаганман, бу амалнинг “паст-баланди”дан унча хабарим йўқ. Балки уларга ҳам осон тутиб бўлмас. Бир вилоят, шаҳар ёки туманнинг оғир-енгили, иссиқ-совуғини елкалаш осон эмасдир, ҳар қалай. Лекин нима бўлганда, мансаб курсисида ўтирган ҳар бир раҳбар тагидаги машинаси, эгнидаги қимматбаҳо костюми, кунда-кунора зиёфатлар (бошқа “имтиёз”лар ҳақида оғиз очганим йўқ, буниси ҳар кимнинг виждонига ҳавола) ана шу қўл остидаги одамлар, кечани-кеча кундузни кундуз демай ишлаётган ҳамюртлари ҳисобидан эканини унутмасалар, бас.

“Раҳбар шунақа бўлиши керак-да, қаттиқўл бўлмаса, иш битмайди?” дегувчилар ҳам топилар. Аммо, дунёда бизга қараганда ҳар жиҳатдан илгарилаб кетган мамлакатлар бор. Ўша юртларда ҳам турли рутбадаги “каттаконлар” ишлайди. Ўша мамлакатларда фермерлар, ўқитувчилар, оддий одамлар ҳам яшайди.

Лекин нимагадир, шу ёшга кириб, бирор марта Франциянинг Марсел шаҳар ҳокими байрамда байроқ кўтариб чиқмаган коллеж директорини онасини “эслаб”ди, АҚШда, Пенсильвания штатининиг фалон округидаги маккажўхори планини бажармаган фермерни аллақайси бошлиқ ўласи қилиб калтаклабди, Япониянинг Кюсю ороли губернатори “планни бажармаган” балиқчиларга тош кўтартириб, сувга туширибди”, Англиянинг Глостершир графлигида аллақайси лорд “кўча тозалаш”га чиқмаган ўқитувчининг юзига шапалоқ тортворибди” деган гапларни ҳозирча эшитганимиз йўқ! Агар биздаги “инновацион технологиялар”дан ибрат олиб, кейинчалик хорижда ҳам шу “усуллар” қўлланадиган бўлса, унда биз ҳам бемалол кўкрак керсак бўларди: “Мана, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, бизнинг тажрибамизни жаҳон тан олди” деб.

Хуллас... яна ўша гап: Ё ҳокимдан сўкиш эшитиб, калтак еган одамларнинг ўзида ҳам етарлича айб борки, урсаям, сўксаям индамай тураверади. Ё одамларимиз аллақачон “каттакон”ларнинг шу тахлит муомаласига кўникиб қолишган, кечирасиз-ку, улар бошқача муомалага лойиқ эмас... Бошқа яна нима дейиш мумкин? Раҳматли шоиримиз Муҳаммад Юсуфдан қолган икки мисра шеър ёдгша тушади:

Сўкса индамайсан, кўйми-тўқлисан,

Урса йиғламайсан, демак — ўғрисан!..

Соҳиб ИХТИЁР

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+10° небольшой проливной дождь
Валюта курси
rightuz