my5

“Ширин” дарднинг аччиқ ҳақиқатлари

САЛОМАТЛИК 17.11.2014, 15:47
11176
“Ширин” дарднинг аччиқ ҳақиқатлари

14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш кунига бағишланади

Бугун жаҳон миқёсида эрта ўлим ҳолатига сабаб бўлаётган хасталиклар ўнталигига қандли диабет ҳам киритилган. Зеро ушбу касаллик йиллар давомида бирор аломатларсиз ҳам организмни ишғол қилиши мумкин. Хўш, биз қандли диабет ҳақида нималарни биламиз? Сизни қизиқтирган саволларга тиббиёт фанлари номзоди, Дилфуза ОРТИҚОВА жавоб беради.

“Кўп ширинлик есанг, диабетга чалинасан?!” 

— Кўп ширинлик истеъмол қилиш қандли диабетга мойилликни келтириб чиқаради, дейишади. Бу фикр қанчалик тўғри?

Гуландон Собирова, Хива шаҳри

— Мунтазам ширинлик истеъмол қилиш қандли диабетга сабаб бўлмайди. Диабет аслида эндокрин хасталик бўлиб, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши сабаб келиб чиқади. У қонда глюкоза миқдорининг кўпайиб кетиши билан ифодаланади. Касалликда меъда ости бези инсулин моддасини ишлаб чиқаришга қийналади. Инсулин тақсиллиги юзага келгач , жигар ва мушаклар организмга кирган қандни гликогенга айлантира олмайди ва тўқималар қандни оксидлаш ҳамда унинг қувватидан фойдаланиш қобилиятини йўқотади.

“Грипп ҳам сабаб бўладими?”

— Куз-қиш мавсумида тез-тез шамоллаб тураман. Тиббий адабиётларда грипп асоратлари диабетга мойилликни юзага келтириши тўғрисида ўқигандим. Шунга аниқлик киритсангиз.

Холида Усмонова, Олтиариқ тумани

— Хасталик сабаблари қаторида турли омилларни кўришимиз мумкин. Нотўғри ва тартибсиз овқатланиш, углеводга тўйинган маҳсулотларни пала-партиш истеъмол қилиш ва натижада вазнининг меъёридан ортиши шулар жумласидан. Шунингдек, эндокрин тизими хасталиклари, ошқозон ости безининг яллиғланиши (панкреатит), инфекцион касалликлар: эпидемик гепатит, қизилча ва грипп вируси асорати ҳам организмни шикастлаб, диабетга йўл очиши мумкин.

“Ирсиятга боғлиқми?!”

— Онамда I тур диабет бор. Ушбу хасталик кейинчалик менда ёки фарзандларимда ҳам кузатилиши мумкинми?

Сарвар Комилов, Бухоро шаҳри

— Маълумотларга кўра, диабетбилмадимнинг I турига наслий мойиллик эҳтимоли ота томонидан 10 фоиз, она томонидан эса 3-7 фоизни ташкил этади. Агар ота ва онанинг иккиси ҳам диабетга чалинган бўлса, бу кўрсаткич бир мунча ортади.  Диабетнинг II тури наслий мойиллик даражасига кўра 60-70 фоизни ташкил этади. Аксарият ҳолларда хасталикнинг мазкур тури наслий мойиллик ва ташқи омиллар таъсирида инсон ҳаётининг исталган ёшида хавф солиши мумкин.

“Тез-тез қичиниш — диабет белгиси?!”

— Охирги пайтларда қўл-оёқларимда қичишиш кузатиляпти. Тунлари чанқаб уйғониб кетаман. “Қанд касалига йўлиқмадимми?” дея хавотирланаяпман.

Фаррух Ниғматов, Чирчиқ вилояти

— Қандли диабетга мойиллигингиз бор ёки йўқлиги ёхуд унинг белгиларини аниқлаш учун умумий аҳволингиз ва кун давомидаги ҳолатингизга диққат қилинг. Агар сизда тез-тез чанқаш, мунтазам оғиз қуриши, кўп пешоб ажратиш, ҳолсизлик ва дармонсизлик, терининг зарарланган соҳаси секин битиши, тери қуруқлашиб қолиши, қичиниш, тез очиқиш (очқаганда оёқ-қўлларнинг қалтираши) кузатилса, албатта шифокорга мурожаат қилинг.

“Кўз нури йўқоладими?”

— Отамда қандли диабетнинг II тури
бор. Сўнгги вақтларда узоқни ҳам, яқинни ҳам яхши кўролмаётганини айтаяпти. Хасталик ҳақиқатан ҳам кўзга таъсир этадими?

Гулчеҳра Омонова, Самарқанд шаҳри

— Ҳа, шундай. Диабетда ўзидан ҳам асоратлар оғирроқдир. Хасталик ривожланаётган даврда буйрак етишмовчилиги, иммунитет заифлашуви, кўриш қобилиятининг пасайиши, юрак ишемик касалликлари авж олиши, тишлар мўртлашиши юзага келиши мумкин. Касаллик зўрайиб борса, организм ҳимоя қобилиятини тўлиқ йўқотиб, оғир беҳушлик (кома) ҳолати кузатилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Диабет ривожланиши жадаллашганида эса теридаги кичик жароҳатлар ҳам газак олиб, бутун танага тарқаб кетиши мумкин. Шу боис, диабетга чалинган беморлар мунтазам шифокор назоратида бўлиши, буюрилган муолажаларни канда қилмаслиги лозим. Агар касаллик таъсири кўзга бераётган бўлса, шифокор билан бирга даволаш усулларини кўриб чиқиш керак.

“Беморларга қандай имтиёзлар бор?”

— Турмуш ўртоғимда қандли диабет аниқланди. Ҳозир даволанаяпти. Шифокор муолажа давомий, ҳатто бир умрлик ҳам бўлиши мумкин, деди. Шундай бўлган тақдирда, дори-дармонларни имтиёзли тарзда олса бўладими?

Шарифа Икромова, Тошкент вилояти

— Диабетга чалинган беморлар шаҳар ва туманлардаги эндокринология диспансерларида рўйхатдан ўтказилади. Шунга кўра, I тур қандли диабет билан хасталанганларга (болалар ва ўсмирлар) инсулин препарати бепул берилади. Улардан ортган инсулин II тур қандли диабетда инсулин билан даволанаётганларга тарқатилади. Шунингдек, беморларга қанд миқдорини туширувчи бошқа препаратлар ҳам берилади.

Биринчи ёрдам

Артериал қон босими кескин кўтарилиб кетса...

Кутилмаганда артериал қон босимининг кўтарилиши нафақат организмга зўриқиш беради, балки юрак фаолиятига ҳам ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Қон босимининг ортиши қуйидаги белгилар билан кузатилади:

  • бош соҳасида кескин ёки симиллаган оғриқ;
  • кўнгил беҳузур бўлиши, баъзан қайт қилиш;
  • бош айланиши, тана мувозанатини ушлаб туролмаслик;
  • қулоқларда шовқин;
  • юрак соҳасида оғриқ қўзғалиши;
  • пешоб ажралишининг секинлашуви кабилар.

Нима қиласиз?

  1. Биринчи галда артериал қон босимини ўлчанг. Танометр кўрсаткичи одатдагидан фарқ қилса, зарур чораларни бошлашдан аввал бемор тинчланиб олиши лозим.
  2. Тик турган ҳолатда бемор аҳволи ўнгланмайди. Яхшиси, бош қисмига баландроқ ёстиқ қўйиб, ётқизинг.
  3. Хона деразаларини очиб, ҳаво айланишини таъминланг.
  4. Артериал босимни тушириш учун симптоматик муолажа усулларини қўллаш мумкин. Масалан, оёқни иссиқ ванна қилиш, болдир соҳасига тиббий  хантал ёпиштириш кабилар.
  5. Қон босимини меъёрлаштириш учун мўлжалланган препаратларни қабул қилиш, юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлса, нитроглицерин таблеткасини тил тагига ташлаш мумкин.
  6. Суюқ дамланган кўк чой ҳам қон босими пастлашига ёрдам беради.

Нима мумкин эмас?

  1. Беморнинг зинадан юқорига кўтарилиб-тушиши.
  2. Асабийлашиши.
  3. Оғриқ қолдирувчи препаратлар қабул қилиши.
  4. Машина бошқариш.

Борди-ю кўчада кетаётганингизда қон босими кўтарилгандай туюлса, тўҳтаб, бирор ерга ўтиринг. Тинчланинг-да, чуқур нафас олинг. Шундан кейин қон босимини пастловчи дори воситаси қабул қилишингиз керак. Безовталиклар тарқамагунича ўрнингиздан қўзғалмаганингиз маъқул. Бу аҳволда жамоат транспортларида ҳаракатланиш ҳам тавсия этилмайди. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° ясно
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21