Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Пенсия жамғармасига суғурта тўловларини амалга ошириш бўйича фуқароларга яратилган эркинликлар ва уларнинг аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов суғурта тўловларини амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ва янгиликларга тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарорига мувофиқ белгиланган имтиёзлар ҳақида аввал хабар берган эдик. Низомга кўра якка тартибдаги тадбиркорлар, ёлланма ишчилар, қорамол боқувчиларнинг суғурта бадалларини ихтиёрий тўлаш тартибларида белгиланган ставкалар бироз юқори (бир йилда энг кам иш ҳақининг 12 баравари –2 млн сўмдан ортиқ) бўлгани сабабли ўзини ўзи банд қилган фуқароларни пенсия бадали тўлашга жалб қилишда қийинчилик туғиларди. 2018 йил 5 июлда президентимиз томонидан имзоланган 3839-сонли қарорга кўра эса олдинги ставкалар кескин камайтирилди. Яъни энди чет элда ишлаб келган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 4,5 бараварини (жами 952 минг сўм) тўлашса бир йиллик иш стажига эга бўлишади. Бундан мақсад фуқароларни пенсия тизимига ўз ҳиссасини қўшишга жалб қилиш ва келгусида пенсия ёшига етганда нафақа олиш имкониятини яратиб беришдан иборат.
Шуҳратжон Давроновнинг айтишича ҳозиргача ушбу имкониятдан фойдаланганлар сони 3000 нафардан ошган. Республикамиздаги барча абонентларга смс тарзида бу янгиликлар ҳақида хабар берилгани фуқароларнинг иш стажи ва пенсия борасида қизиқиши ортишига сабаб бўлди ва улар ўзларига пенсия олиш ҳуқуқини берувчи тўловни амалга оширишни бошлаб юборишди.
Аброр ХОЛМАТОВ, Пенсия жамғармасининг даромад ва харажатларни прогнозлаштириш сектори мудири:
Бугунги кунда ўз томорқасида банд бўлган фуқароларга ҳам иш стажига эга бўлиш имконияти яратилди. Хусусун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3680-сонли Қарорига асосан 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда боқаётган жисмоний шахслар ҳам Пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг бир бараварини тўлашса бир йиллик иш стажига эга бўладилар.
Чет элда ишловчилар бир неча йиллик иш стажи учун бадални бирданига тўлашлари мумкин
Маълумотларга кўра бугунги кунда ўртача ҳисобда 2 миллонга яқин фуқароларимиз чет элда: Россия, Қозоғистон ва Корея каби давлатларда ишлаб келмоқда. Ўтган йили
Эндиликда агар фуқаролар чет элда 4 йил 5 йил ёки ундан кўп давр мобайнида ишлаган бўлсалар ҳам Ўзбекистонга кириб келганда ўтган даврлардаги бадалларни тўлаб, ўша давр учун ҳам иш стажларини ҳисобга қўйдиришлари мумкин.
Қоғозбозликка чек қўйилди
Ҳозирги вақтда республикада ўртача ҳисобда 6 миллионга яқин фуқаролар томорқа хўжаликларида иш билан бандлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Хўш, бу борада ўз ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлганлар қандай ҳужжатлар тақдим этиши керак?
Томорқасидан фойдаланувчи ёки қорамол, товуқ боқиш билан банд бўлган фуқаро фақатгина маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳақиқатдан ҳам томорқа хўжалигида бирон иш билан шуғулланаётгани ҳақида маълумотнома олса кифоя. Шу маълумотнома ва паспортини олиб, ҳудудий давлат солиқ инспекциясига боради. Энг кам иш ҳақи миқдорида ижтимоий тўлов тўлайди (202730 сўм – икки юз икки минг етти юз ўттиз сўм) ва бир йиллик стажга эга бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, ушбу имтиёзлардан фойдаланишда фуқароларга яна бир қулайлик яратилди. Яъни ҳозирда Пенсия жамғармаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган. Демак бундан кейин пенсия ёшига етган фуқаролар нафақага чиқиш бўйича мурожаат қилганларида жамғарма томонидан Давлат солиқ қўмитасига қоғоз шаклида эмас, балки электрон шаклда маълумотлар тақдим этилади ва фуқаро тўлаган бадаллар бўйича маълумотлар электрон тарзда Пенсия жамғармасига юборилади. Бунинг натижасида одамларнинг қоғоз шаклида маълумотномалар олиб келиши билан боғлиқ оворагарчиликларига чек қўйилади.
Анжуманда қатнашган мутахассисларнинг маълум қилишича айни вақтда чет элда ишлаётган фуқароларнинг иш стажини белгилаб берувчи ижтимоий бадални Пенсия жамғармасига уларнинг бу ердаги яқин қариндошлари ҳам тўлашлари мумкин. Ёки улар ўзи ишлаётган мамлакатдан туриб, Ўзбекистон Марказий банки ҳисоб рақамига тўлов туширсалар ҳам бўлади. Бунда тўлов миқдори хорижий валюта кўринишида ўтказиб берилади.
Матбуот анжумани давомида жамғарма мутахассисларига журналистлар томонидан ногиронлиги бўлган фарзандларга қараётган оналарга ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўлаш тартиби бўйича ҳам саволлар берилди. Айтилдики, болаликдан ногиронлиги бўлган боласининг парвариши билан шуғулланган оналар иш стажига эга бўлмаса ҳам уларга 55 ёшдан ижтимоий нафақа тайинланади. Бунинг учун улар расман ариза билан мурожаат қилишлари керак.
Шу кунгача ногирон фарзанди бор аёллардан 598 нафари мурожаат қилган. Улар бутун умр касал фарзандини қараган ва ҳеч қаерда ишламаган. Бундайларга қатъий тарзда нафақа белгиланади. Пенсия жамғармаси вакилининг маълум қилишича 598 аёл шу йил апрел ойидан ўз нафақаларини ола бошлайдилар. Бунда қўшимча ҳужжатлар олиб келиш талаб этилмайди.
Манзура Бекжонова