my5
Sevimli

Мобил алоқа қурилмалари 1 апрелдан автоматик тарзда рўйхатга олинади

ЖАМИЯТ 30.03.2019, 18:38
Мобил алоқа қурилмалари 1 апрелдан автоматик тарзда рўйхатга олинади

Мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизими 2019 йилнинг 1 апрелидан ишга туширилади. Ўзбекистондаги барча GSM-операторлари тармоқларидан фойдаланувчи барча мобил қурилмалар автоматик тарзда рўйхатга олинади.

Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Вазирлигининг Алоқа тарихи музейида бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг оператори сифатида “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” Давлат унитар корхонаси белгиланган. Мазкур корхона негизида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди. Ушбу тизим Ўзбекистон Республикасининг барча GSM-операторлари тармоғига уланган, бу улар ўртасида “онлайн” режимида ўзаро маъулумот алмашиш имконини беради.

Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди.

Маҳаллий GSM-операторлар тармоғида ўзининг мобил қурилмасидан фойдаланаётган абонентлардан уларга тегишли қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракат ва харажат талаб этилмайди. Барча ишлар рўйхатга олиш тизими ва алоқа операторлари томонидан амалга оширилади.

Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:

1) контрафакт қурилмалар (яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган);

2) ўғирланган ёки йўқотганлиги боис “қора рўйхат”га кириб қолган қурилмалар;

3) божхона назоратидан ўтмаган қурилмалар.

Телефон сотиб олишдан аввал қурилма IMEI-коди мақоми тўғрилигини – UZIMEI.UZ тизимининг расмий сайтида текшириб олиш тавсия этилади. Агар телефон ёки планшет контрафакт бўлса ёхуд ўғирланган ё йўқолган бўлса уни ишлатиб бўлмайди.

Ўғирланган ёки йўқолган телефонларни ишлатиш чекланади

Ҳозирги пайтда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобил оператори уланган. Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Мальта, Норвегия, Португалия,ЖАР, Швеция, Буюк Британия, Венесуэла шулар жумласидандир. GSMA билан ахборот алмашинуви бошқа мамлакатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларнинг Ўзбекистонда, юртимизда йўқолиб “қора рўйҳати”га киритилган қурилмаларнинг эса чет элга олиб кетиб ишлатилишига имкон бермайди.

Тимур МАШАНПИН, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Вазирлиги бошқарма бошлиғи:

– Бугунги кунда мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд мобил алоқа абонентлари, шунингдек, 16 миллиондан кўпроқ мобил интернет фойдаланувчилари мавжуд. Янги тизим уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.

Сотиб олинадиган телефон ёки бошқа алоқа воситаси оригинал бўлса мижозларга етиб келгунча экспортёрлар томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлади. Уларнинг ҳар бири бошқа қурилмада такрорланмайдиган 15 та рақамли IMEI-кодга эга. Маҳсулотни сотиб олишдан аввал расмий веб-сайтдан ёки 1170 қисқа рақам орқали текшириш тавсия этилади. Бу тизим халқаро бўлиб, ўзимизда ёки хориждан ўғирлаб келтирилган мобил қурилмалар (агар улар “қора рўйхатга” киритилган бўлса) ва контрафакт маҳсулотлар бизда ишламайди. Йўқолган телелефон ҳақида ИИБга ариза билан мурожаат этилганидан сўнг қурилма “қора рўйхатга” киритилади. Тизим ёрдамида идентификацион коди мос келмайган сохта маҳсулотлар аниқланиб, савдодан чиқарилади, ўғирланган телефонлар эгасига қайтарилади.

Ҳисобга олишнинг афзалликлари

Мобил терминалларни ҳисобга олиш назоратининг афзаллиги шундаки, келгусида ўғирланган алоқа воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда фош қилиш бирмунча осонлашади. Шунингдек Ўзбекистон Республикасига ноқонуний, контрабанда йўли билан абонент қурилмалари олиб келиниши чекланади. Харидорлар учун алоқа воситасини сотиб олиш пайтида унинг мақомини текширишга, маҳсулот сифати кафолатлилигини билиб олишга имкон яратилади. Контрабанда ва контрафакт абонент қурилмаларининг ноқонуний савдосини чеклаш ҳисобига телекоммуникация бозорида соғлом рақобат ривожланади.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+14° пасмурно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33