Қозоғистонда содир бўлган ЙТҲда 11 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, деб хабар берди Тengrinews.kz нашри.
Бугун 20 апрель куни тонги соат 5 да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кўрдай туманидан ўтувчи “Олмата–Тошкент” трассасининг 181 километрида “Тойота камри” автомобили йўл четида турган юк машинасига урилган. Орқада келаётган автобус ҳайдовчиси эса зарбдан қочиш мақсадида рулни четга бурганда автобус ағдарилиб кетган. Оқибатда воқеа жойида 8 киши, кейинчалик олинган тан жароҳати оқибатида яна 3 киши ҳалок бўлган, 32 киши тан жароҳати олган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ўзининг Twitter саҳифасида бу ҳақда шундай деб ёзди: “Кўрдай трассасида йирик ЙТҲ содир бўлди. Ҳалок бўлган 11 кишининг ҳаммаси Ўзбекистон фуқароларидир. Уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон республикаси Президентига телеграмма юбордим. Ҳукуматга зудлик билан зарурий чораларни кўришни буюрдим”.