Ташкент +4° Thu 01:59
Долзарб мавзулар Фото

Қора седана – юздаги доғларни кетказади

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 27.04.2019, 14:57

Ширмой нонларнинг юзига зеб бериб турадиган қора седана, фақат зиравор эмас, балки кўплаб дардлардан халос этадиган дори ҳамдир. Седана уруғи таъми бироз аччиқроқ бўлса-да, пишириқлару таомларга ўзгача лаззат бағишлайди. Унинг аччиқлиги бежиз эмас. Седана таркибидаги баъзи фойдали моддалар унга шундай ифору тот берган.

Қора седана косметологияда ҳам кенг қўлланиладиган восита саналади. Ўзи қоп-қора бўлса-да, юз терисини оқартириш ва доғлардан халос этишга қодир. Микроэлементларга бой бўлган қора седана ёғи соч парваришида ҳам фойда беради. Масалан, соч тўкилиши, соч илдизи ва толасининг қуриб кетиши ва жонсизланиши, қазғоқ пайдо бўлиши, сочларнинг эрта оқариши каби муаммоларни унинг ёрдамида ҳал этиш мумкин.

Сочлар мустаҳкам бўлсин десангиз....

Қора седана мойи ранг берувчи модда — меланинни ишлаб чиқаришга «уста». Шунинг учун ҳам у сочнинг эрта оқаришининг олдини олишда самарали ҳисобланади. Соч рангини тиклашда қуйидаги ниқобни синаб кўринг.

Қора седана мойига тенг миқдорда мойчечак ёғидан аралаштириб, унга икки томчи исталган эфир мойи ёки розмарин мойини қўшиб, соч илдизларига суртинг. Ярим соатдан кейин эса ниқобни илиқ сувда ювиб ташланг.

Сочларингз соғлом, мустаҳкам, қалин бўлиши ҳамда жилоланишини истасангиз, қуйидаги муолажаларни бажаришингиз мумкин. Унутманг, агар бош териси ўта таъсирчан бўлса, седана ёғини бошқа мойлар, масалан, зайтун, какос ва чакамуғ (репейник) билан аралаштиринг.

Седана ёғи соч бўяш чўткаси ёрдамида соч илдизларига суртилади. Тахтали тароқ билан таралиб, ёғ сочнинг учигача тарқатилади. Сўнг сочлар тепага еғилиб, бошга махсус елим қопча кийдирилади. 1 соатдан сўнг сочлар шампунь билан ювиб ташланади.

Эслатма: ниқобни қўллашдан аввал ёғни бошнинг бир қисмига суртиб, синаб кўринг. 1-2 соат ўтгач,ножўя таъсири бўлмасагина қолган қисмига суртинг.

Нимжон ва қазғоқли сочлар учун седана ёғини ҳафтада икки маротаба қўллаш тавсия этилади. Сочнинг қолган муаммоларида эса ёғли ниқобни ҳафтада 1 маротаба бажариш мумкин. Муолажани 1 ой мобайнида қўллаш ва 2 ойдан сўнг такрорлаш тавсия этилади.

Ножўя таъсири бор

Қора седана мойини ҳомиладорлик вақтида қўллаш тавсия этилмайди. Баъзида қора седана ёғининг концентрацияси кўп бўлса (айниқса, ичиладиган дориларда), салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Тез-тез шамоллаяпсизми?

Седана иммунитетни мустаҳкамлаб, турли хасталикларнинг олдини олишга ёрдам беради. У қон босими, иситмани тушириши ва табиий антибиотик хусусиятига эга. Имунитетни мустаҳкамлаш учун янчилган седанани асалга аралаштириб, ҳар тонг нонуштадан олдин нўхатдек катталикда истемол қилинг. Бу усул, айниқса, қиш мавсусмида тез-тез шамоллаш ва грипда асқатади.

Бурун битса...

Бурун битиб, нафас олиш қийинлашганда, қора седанани зайтун ёғида қовуриб, ўша ёғдан уч-тўрт томчи бурунга томизиш мумкин. Бу муолажани кунига 4 маҳал қўллаш тавсия этилади.

Қон босими безовта қиляптими?

Қон босимини меъёрда сақлаш учун кукун ҳолига келтирилган седана уруғларини 1 стакан қайнаган сувда аралаштиринг. Аралашмани эрталаб нонуштадан олдин (кунига бир маҳал) ичинг.

Уйқусизлик қийнаяптими?

Уйқусизлик безовта қилса, 1 стакан илиқ сутга 1 чой қошиқдан асал билан майдаланган седана қўшинг. Ҳосил бўлган аралашмани кечки овқатдан бир оз олдин ичинг.

Қора седана меъёрини кўрсатилганидан оширмасангиз, у сизга зарар етказмайди. Акс ҳолда, у ичак ва ошқозонга ножўя таъсир қилиши мумкин. Ундан қон босими паст одамлар эҳтиёткорлик билан фойдаланишлари керак.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии