Му5
8

Гриппдан юз ўгириб бўлади!

САЛОМАТЛИК 26.11.2014, 12:16
5942
Гриппдан юз ўгириб бўлади!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича энг кенг тарқалган ва хавфли касалликлардан бири грипп ҳисобланаркан. Хўш, мавсум инжиқлигига йўйиладиган бу хасталик нимаси билан хавфли? Бугун шу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор-терапевт Нодира ҲАМРОЕВА маълумот беради.

ВИРУС ЮҚУМЛИ!

Грипп вируси ҳаво орқали бемор аксирганида, қаттиқ йўталганида соғлом одам ҳалқумига тушиб, организмга кириб боради. Агар иммунитетингиз чиниққан бўлса, вирусга қарши антитаначалар хасталикнинг олдини олади. Бироқ бунинг акси бўлса, бирин-кетин шамоллаш белгилари кузатилади. Касалликнинг “умр”и ҳам организм хусусиятига боғлиқ.

Грипп қўзғатувчи вирусларнинг А ва В тури жадал ривожланиши билан ажралиб туради. Мазкур тур вируслари ҳалқум шиллиқ қаватини зарарлантиргач, бир неча соат давомида организмга тарқалиб бўлади. Натижада, кутилмаганда тана ҳароратининг кўтарилиши, эт увишиши ёхуд ҳолсизлик кузатилади.

БЕЛГИЛАРИ

*Тана ҳароратининг кўтарилиши

*Қалтираш, эт увишиши

*Ҳолсизлик

*Тумов ёхуд бурун битиши

*Бош оғриғи

*Томоқда қичишиш, ютинганда оғриқ ҳис қилиш)

*Бўғим ва мушакларда оғриқ

НИМА ҚИЛАСИЗ?

  • Юқоридаги аломатлар кузатилганида мустақил даволаниш тавсия этилмайди. Шифокор назоратида керакли препаратлар билан муолажа қилиниши лозим.
  • Тана ҳарорати 38-39 даражага кўтарилса, ҳудудий поликлиника шифокори ёки “Тез ёрдам” хизматига мурожаат қилинг.
  • Гриппни оёқда ўтказиш нохуш асоратларга олиб келиши мумкин. Ҳатто оддий шамоллаш ҳолати бўлса ҳам, албатта, зарур чораларни кечиктирманг.

ГРИППГА ЧАЛИНСАНГИЗ...

  • Бемор ётоқ режимида даволаниши лозим. Чунки грипп вируси юрак, буйрак ва иммун тизимини зўриқтиради. Бу пайтда ҳаракатланиш ёки меҳнат фаолияти билан банд бўлиш, муаммони жиддийлаштириши мумкин.
  • Аксирганда ва йўталганда оғиз-бурунни дока ёки дастрўмол билан тўсинг. Йўқса, касаллик вируси ҳаво бўйлаб тарқалишига ҳисса қўшган бўласиз.
  • Буюрилган дори препаратларини ўз вақтида қабул қилинг.
  • Имкон қадар кўпроқ суюқлик ичинг. Наъматак, мева қоқидан шарбат айни муддао.
  • Агар фарзандингиз грипп билан оғриган бўлса, боғча, мактаб ва  бошқа аҳоли гавжум жойларга юборманг.

ЮРАККА ЗАРАРМИ?!

Грипп юзага келганда организмда сурункали хасталиклар ҳам авж олади. Аҳамият берган бўлсангиз, кўпчилик шамоллаш билан бирга буйрак фаолиятида ўзгаришлар, цистит, оғиз бўшлиғи яллиғланишларидан ҳам шикоят қилади. Шу билан бирга, грипп асоратлари турлича бўлиши ҳам мумкин. Хусусан:

  • Ўпкага таъсири — пневмония, бронхит. Айнан пневмония кўп ҳолларда грипп таъсирида авж олади.
  • Юқори нафас йўллари касалликлари — отит, синусит, ринит, трахеит.
  • Юрак қон-томир тизими фаолиятида — миокард, перикард.
  • Нерв тизими шикастланганида — менингит, энцефалит, невралгия.

ГРИППДАН ҲИМОЯ

  • Даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, гриппга қарши эмлатишингиз мумкин. Мазкур амалиёт хусусий клиникаларда бажарилади.
  • Мавсумий касалликлар авж олганида кўпроқ С витаминига бой маҳсулотлар истеъмол қилинг. Таомномада пиёз ва саримсоқпиёз бўлиши ҳам муҳим.
  • Жамоат транспортларида ҳаракатлансангиз, албатта қўлларингизни совунлаб ювинг.
  • Ҳар куни эрталаб ва кечқурун бурун бўшлиғини тозалаб туринг.

Эслатма!

Оила аъзоларингиздан бирида шамоллаш аломатлари кузатилаётган  бўлса, инфекция тарқалмаслиги учун хона бурчакларига саримсоқпиёз бўлагини қўйиб чиқинг. Эрталаб исириқ тутатинг ва хоналарни тез-тез шамоллатинг.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz