my5

Фарзандингиз гиёҳвандга айланмасин!

САЛОМАТЛИК 26.11.2014, 15:09
3855
Фарзандингиз гиёҳвандга айланмасин!

Йўлдан адашганлар аввалига ажал уруғи ортидан руҳан эргашади, бора-бора бир онлик “роҳат” бағишловчи моддани қайта-қайта татиб кўриш истагини бошқара олмай қолишади. Ачинарли ҳол. Бироқ биз ачиниш билан уларни бу ботқоқдан қутқара олмаймиз. Ирода билан курашиш ва курашишга ундаш лозим. Олдини олиш эса ўз қўлимизда! Мавзу юзасидан Республика наркология маркази шифокор-наркологи Ўктам ТОЖИБАЕВ маълумот беради.

Наркотиклар турли хил бўлиб, уларнинг организмга таъсири ҳам турлича. Баъзилари асаб тизимини тинчлантиради, қўрқувни бартараф қилади, безовталик ҳиссидан халос этади, яна бир тури ҳаяжонни оширади. Ана шу “туйғулар” асирига айланиш эса қийин эмас. Натижада киши руҳияти ва соғлигига ўзи таҳдид қилаётганини унутиб қўяди. Гиёҳванд моддаларни қабул қилишни бошлаган ҳар қайси одам вақт ўтгани сари шубҳасиз таназзулга юз тутиб боради. Ўзини назорат қила олмайди, дангаса, беҳафсала, ҳаётга нисбатан бефарқ бўлиб қолади. Хуллас, ўзини-ўзи аста-секин ўлдириб боради...

Мойилликни юзага келтириши мумкин бўлган сабаблар

  • Пароканда ва оила аъзолари бир-бирига меҳр кўрсатмайдиган оилада тарбия топиш.
  • Ота ёки онанинг бири ҳаддан зиёд қаттиққўл бўлса.
  • Жанжаллари давомий кузатиладиган оила.
  • Оила аъзоларидан бири спиртли ичимликларга муккасидан кетган ёки гиёҳванд моддаларга мойил бўлса.
  • Нобоп “дўст”лар давраси.
  • Боланинг хатти-ҳаракати ва молиявий ҳолати назорат қилинмаган ҳолда.
  • Болаларнинг қаровсиз қолиши.

Кўриб турганингиздек, бола тарбиясида аввало оила ва унинг атрофидаги инсонларнинг таъсири, аҳамияти кучли. Кўп ҳолларда ўтиш ёшида таҳқирлик ва кулгугига қолганларни ҳам бу тубанлик сари етаклаш осон кечар экан. Баъзан ота-оналар “Болам катта бўлиб қолди, энди унинг ҳар бир қадамини тергашим тўғри бўлармикан?” дея ўйлашади. Ишонинг, фарзандингизни турли офатлардан ҳимоялашингиз уятли иш эмас. Болалар, сиз ҳам меҳрибонларингизни саволларини тўғри қабул қилинг! Фақат уларгина сизга ҳар доим ёрдам қўлини чўза олишади.

Ҳимоя чоралари билан танишинг!

Ота-оналарнинг вазифаси:

- мустақил ва ўзи учун қарор қабул қиладиган шахсни тарбиялаш;

- бу ҳаётда ота-она фарзандига фақат яхшиликни раво кўришини тушунтириш;

- фарзандлар билан муносабатларни ишонч асосига қуриш;

- келажакда ўз фикрига собит бўлиб, ўзгаларнинг таъсирига берилмаслиги учун болада ўзига бўлган ишончни шакллантириш;

- болаларни алкоголь ва наркотикларнинг зараридан огоҳлантириш;

- келажакда ўз ўрнига эга бўлишга ёрдам бериш, ўқишига имкон яратиш;

- дўст танлашда адашмаслик ва дўстлашишни ўргатиш;

- “йўқ” дея билиш;

- вақтининг бўш қолмаслиги ва уни унумли ўтказишга эришиш (боланинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниши шарт!);

- ҳаётда омадсизликлар рўй беришини тушунтириш ва уларни енгиб ўтишни ўргатиш зарур!

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин! Бахт ҳам, кулфат ҳам инсон кутмаганида рўй беради. Асосийси, киши тафаккури ва онгида бу нобоп одатларга қарши иммунитет шаклланиши керак.

Унутманг, бу йўл хато ва унинг оқибатлари нафақат сизнинг, балки атрофингиздагиларнинг ҳам умрини заҳарлайди.

Дилбар тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+13° небольшая облачность
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21