Жорий йилнинг 15 май куни Санкт -Петербургда ўтаётган IX халкаро юридик форуми (ПХЮФ) доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Россия Федерацияси адлия вазири А. Коновалов билан учрашди.
Адлия вазири Р.Давлетов россиялик ҳамкасбини Ўзбекистон делегациясини ПХЮФ-2019 да иштирок этиш учун таклиф этгани, шунингдек Ўзбекистон инвестициявий қонунчилигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни намойиш этиш учун алоҳида майдонча тақдим этгани учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида Россия адлия вазири ўзбекистонлик ҳамкасбларини жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилган "Tashkent Law Spring" биринчи халкаро юридик форуми билан қутлади.
Томонлар турли мамлакатлар юридик ҳамжамиятларини яқинлаштириш, ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш, соҳадаги долзарб масалалар ва замонавий тенденцияларни муҳокама қилишда муҳим роль ўйнайдиган бу каби тадбирларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш муҳим эканини таъкидладилар.
Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ушбу дастур ўзаро стажировкалар ўтказиш, тажриба алмашиш, тизим ташкилотлари ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатиш орқали икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирларни ўтказишни кўзда тутади.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ПХЮФ-2019даги иштироки давом этмоқда.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими