Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг навбатдаги кўчма қабули уюштирилди. Бу ҳақда uz24.uz нашри “Туркистон-Пресс” НАА берган маълумотларга таяниб хабар беради.
Маълумотларга кўра, туман аҳолиси билан ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими фуқароларнинг 20 дан ортиқ мурожаатларини тинглади, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечими бўйича тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Нуробод тумани аҳолиси анча йиллардан буён архив ишлари билан боғлиқ масалаларда Пастдарғом туманига қатнаб, сарсон бўлишарди. Қабул давомида нурободликларнинг ушбу муаммоси ечиладиган бўлди. Вилоят ҳокими Нуробод шаҳрида Пастдарғом туман архиви филиалини ташкил қилиш, бу жараён билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш ва бино билан таъминлаш юзасидан мутасадди ходимларга топшириқ берди.
Шунингдек, мулоқот давомида туманнинг “Қиличли” маҳалласидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини қайта тиклаш, 8-умумтаълим мактабида спорт зали қуриш, Нурбулоқ, Ағрон, Кечкелдик, Жом маҳаллалари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, “Самарқанд” кинотеатри фаолиятини яхшилаш каби мурожаатлар кўриб чиқилди.