Sevimli

Самарқандда Конфуций институти очилди

ЖАМИЯТ 01.12.2014, 12:28
Самарқандда Конфуций институти очилди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида Конфуций институтининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги,Шанхай хорижий тиллар университети вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари бугунги кунда барча соҳаларда, жумладан, таълим тизимида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувларида эришилаётган келишувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Самарқандда Конфуций институтини ташкил этиш бўйича битим Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан 2013 йилнинг сентябрида мамлакатимизда бўлган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ташрифи чоғида имзоланган эди.
– Ўзбекистонда илк Конфуций институти 2005 йили Тошкентда очилган эди, – дейди Хитойнинг Шанхай хорижий тиллар университети проректори Чжу Чен. – Ўзбекистон ва Хитой ижтимоий-маданий алоқаларининг самараси сифатида энди Самарқандда ҳам Конфуций институти фаолият кўрсатадиган бўлди. Мазкур институтни ташкил этиш жараёнида юртингиздаги таълим жараёнлари, хусусан, Самарқанд давлат чет тиллар институти фаолияти билан яқиндан танишдик. Ушбу даргоҳда хитой тили мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланаётгани, талабаларнинг хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиши юқорилиги қувонарлидир. Конфуций институти илм-фан соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг Хитой ҳақидаги тушунчаларини бойитишга хизмат қилади.
Иштирокчилар институтда хитой тили ва маданиятини ўргатиш юзасидан яратилган шароитлар билан танишди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси