42

8400 метр баландликда юз берган машъум фожиа. "Пахтакор-79" ҳалокатига 40 йил тўлди

СПОРТ 11.08.2019, 11:11
2245
8400 метр баландликда юз берган машъум фожиа. "Пахтакор-79" ҳалокатига 40 йил тўлди

1979 йилнинг 11 август санаси ўзбек футбол жамоатчилиги учун қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Ўшанда Днепродержинск осмонида ўзбек футболи ифтихори саналган “Пахтакор” жамоаси аъзолари самода ҳалокатга учраган. Бу ўзбек футболи учун катта йўқотиш бўлган эди...

1979 йилнинг 11 августи. Тошкент вақти бўйича соат 13 дан 35 дақиқа 38 сония ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашган. Фожиа ердан 8400 метр баландликда юз берди ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган “Пахтакор”нинг 17 нафардан иборат таркиби ҳам бўлган. Афсуски, диспетчернинг хатоси икки юзга яқин инсонларни бу ҳаётдан олиб кетди.

Диспетчернинг хатоси нимада эди?

11 август, 7:50. Харьков ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида раҳбар Сергеев жанубий-ғарбий йўналишга масъул этиб катта тажрибага эга бўлмаган Жуковскийни қўйди. Унинг ҳаракатларини назорат қилишни эса биринчи классли диспетчер Сумскойга топширади. Ваҳоланки, бу ҳудуд собиқ СССРда самолётлар энг кўп учиб ўтадиган йўлга эга эди. Одатий кунларда ҳам ушбу жой осмонида бошқа ҳудудлардан кўра иш анча қизғин бўларди.

13:17. Молдовага қарашли Ту-134 самолёти Харьков маркази билан алоқага чиқди. Командир 9600 метр баландликни эгаллашни сўради. Лекин Жуковский унга бу йўл банд бўлишини айтиб, рад жавобини берди.

Кейин эса алоқага Минскка тегишли бўлган Ту-134 чиқиб, командир Комаров самолёт 5700 метр баландликда эканини айтиб, ўзи учун белгиланган 9600 метр масофага кўтарилишни сўради. Ҳар икки самолёт йўналиши Днепродзержинск тумани осмонида тўғри бурчак остида кесишар, лекин орадаги фарқ бир дақиқани ташкил этарди. Бироқ Жуковский ҳисобда адашиб кетади ҳамда икки самолёт учиб ўтиш фарқи 3 дақиқа деб белгилаб олади. Шу сабабли у Комаровга 7200 метр баландликни эгаллашга буйруқ беради.

13:34. Минск экипажи 8400 метр баландликка кўтарилишга буйруқ олади ҳамда навбатдаги буйруқни кута бошлайди. Чунки бу йўлдан Ил-62 учиб ўтиши лозим эди. Ва Жуковский яна бир хатога йўл қўяди. Буни “Пахтакор” учаётган самолёт командирининг алоқага чиқиб айтган сўзларидан пайқаган Сумской бошқарувни қўлга олади ҳамда учувчилар билан алоқага ўзи чиқишни бошлайди:

13.34.07:—676чи (Ил-62нинг борт рақами), 9600 метр баландликни эгалланг.

13.34.28:—735чи, сиз эса 9000 метр баландликка ўтинг. Днепродзержинскда 8440 метр баландликда йўллар кесишади.

Жавоб эса қуйидагича янграйди:

Тушундим, 8400.

Сумскойнинг хатоси шунда бўлганки, у жавобни қайси самолёт командири айтганини сўраб, тасдиқлатишни эсдан чиқарган. Ҳар икки диспетчер буйруқни ким бажарганини сўрашни ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни унутишган.

8400 метр баландликдаги тўқнашув

13.35.38: 95 даража бурчак остида 65916 рақамли Ту-134А шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. 8300 метр баландликда Молдова самолёти Минскка қарашли самолётнинг қанот қисмига келиб урилган. Комаров “Пахтакор” учаётган лайнер бошқарувини 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.

Ҳалокат тўғрисида биринчи бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар беради: “Куриловка ҳудудида қулаётган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу ТУ-134 парчалари”.

Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилди. Бошқа жавобгар шахслар эса “сувдан қуруқ чиқишган”.

Фотоархив:



Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва жамоа аъзоларининг рўйхати:

Биз ўша Пахтакор-79”ни ҳеч қачон унутмаймиз. 17 нафар қаҳрамонлар доимо биз билан бирга!

Маълумотларга кўра, 11 август санаси машъум ҳалокатдан ташқари "Пахтакор" стадиони расман очилган кун сифатида ҳам ёдда қолган. 1956 йилнинг ушбу санасида ҳашар йўли билан қуриб битирилган стадионнинг очилиш маросими ўтказилган.

Мақолани тўлиқ "Даракчи" газетасининг 32-сонида ўқишингиз мумкин.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+13° ясно
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz