Спортчиларимиз Осиё ва Жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ҳамда нуфузли халқаро мусобақаларда юксак ғалабаларни қўлга киритишмоқда. Ўзбек спорти довруғини дунёга таратаётган спортчиларимиз давлатимиз томонидан муносиб тарзда рағбатлантирилмоқда.
Бугун, 13-август куни Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган тантанали маросимда ҳам ана шундай спортчиларимиздан бири тақдирланди. Дзюдо бўйича мамлакатимизнинг моҳир ёш спортчиларидан бири – Гулноза Матниязовага Урганч шаҳридан бир хонали уй совға қилинди.
Халқаро спорт ареналарида юртимиз шарафини улуғлаётган спортчи қиз 2016-йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинлари иштирокчиси, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ва совриндоридир.
Ўз навбатида Гулноза Матниязова сўзга чиқиб, ёш спортчиларга кўрсатилаётган ғамхўрликларга миннатдорлик билдирди. Бундан буён ҳам мамлакатимиз спорт шарафини ҳимоя қилиш учун астойдил ҳаракат қилишини айтди.