Долзарб мавзулар Фото

Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти ташкил этилганлигига бир йил: сарҳисоб ва режалар

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 23.08.2019, 11:56

23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Ички ишлар вазирлиги тизимида Малака ошириш институти ҳамда унинг жойларда 14 та филиали ташкил этилганига роппа-роса бир йил тўлди.

Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари офицер ходимларининг мунтазам малака оширишлари ва қайта тайёрловдан ўтишларини, уларнинг касб маҳорати билимларини мунтазам янгилаб борилишини таъминловчи алоҳида ихтисослашган таълим муассасаси ва унинг филиалларини ташкил этиш борасида қабул қилинган мазкур қарор мазмун ва моҳияти жиҳатидан кўплаб мамлакатлар амалиётида кузатилмаган муҳим қадам бўлди.

Яъни, шиддат билан тараққий этиб бораётган ижтимоий давр талаблари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мос ҳолда ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириб бориш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда уларни қўллаш механизмларини мунтазам ўргатиб бориш мақсадида махсус давлат таълим муассасаси ташкил этилди.

Мазкур институт тизим ходимларига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида мамлакатимизда ва хориждаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг илғор иш тажрибаларини ўргатиш ишларини ҳам тизимли асосда давом эттирадиган, ушбу йўналишларда фундаментал ва амалий илмий тадқиқот ишларини амалга оширадиган таълим муассасаси сифатида фаолият юритадиган бўлди.

Ўтган давр мобайнида Институт ва унинг филиаллари ишини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори ҳамда
Ички ишлар вазирлигининг 10 га яқин меъёрий ҳужжатлари қабул қилинди.

Айни пайтда, таълим муассасасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ахборот-коммуникация технологиялари каби ихтисослашган кафедраларда малакали ва бой амалий тажрибага эга 40 га яқин ўқитувчилар, шу жумладан юридик фанлар докторлари фаолият кўрсатмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан таълим муассасасининг ўқув биноларини капитал таъмирлаш, замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Институт ва унинг филиалларида ўқув жараёнини самарали
ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўз олдига таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион услубларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни мақсад қилиб олган Институт жамоаси томонидан ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тузилмаларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб,
20 га яқин блок-модулли ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари билан келишилган ҳолда тизим ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув жараёнига тадбиқ этилди.

Ушбу ўқув дастурлари асосида жами 200 га яқин мавзулар бўйича ўқув-методик материаллар мажмуи тайёрланди. Шунингдек, ички ишлар органлари офицерларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган Давлат талаблари ишлаб чиқилди.

Айни пайтда, таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг асосий эътибори ўқув машғулотларини инновацион педагогик услублардан фойдаланган ҳолда ўтказишга қаратилмоқда.

Институт ва унинг филиалларида масофавий таълим тизимини кенг жорий этиш, унда ўқитишнинг замонавий интерактив методларни қўллаш самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ мақсадли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида профилактика инспекторлари ва тергов хизмати ходимларининг малакасини масофадан туриб ошириш тизимини жорий этиш мақсадида ўқув дастурлари асосида замонавий талаблар асосида ўқув-методик комплекслар ишлаб чиқилди.

Таълим муассасаси ва унинг филиалларида ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ходимлари билан бир қаторда, истиқболли ва ёш амалдаги кадрлар заҳирасига киритилган ходимларни ҳамда маҳаллалардаги профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларининг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойлардаги филиалларда ўтказилган 60 та сайёр ўқув йиғини доирасида 9 мингга яқин ходимлар ҳамда 5700 дан ортиқ профилактика инспекторларининг ёрдамчиларининг малакаси оширилди. Ўқув йиғинлари якунида эса ўқув дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган ходимларга белгиланган сертификатларни тақдим этиш тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, республикамиздаги турдош таълим муассасаларида Институт профессор-ўқитувчиларининг касбий ва педагогик маҳоратларини доимий равишда ошириб боришлари таъминланиб келинмоқда.

Маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотлар, ҳуқуқий тарғибот
тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиш

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқотни ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, сўнгги икки ой давомида республикамизнинг турли ҳудудларида жойлардаги ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда қарийб 200 га яқин маҳаллаларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», «Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти», «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз», «Осойишталик учун барчамиз масъулмиз», «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда жамоатчиликнинг роли», «Оилалар тинчлиги – барқарорлик омили» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган 60 дан ортиқ кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олинди.

Энг муҳими, ушбу ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб берилмоқда.

Амалиёт идоралари, республикамиздаги ва хорижий давлатлардаги
турдош таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш

Институт томонидан таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий педагогик технологияларини жорий этиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг тараққиётига мос ҳолда ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда ўқув-методик материалларни такомиллаштириб бориш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида республикамиздаги ва хориждаги турдош таълим муассасалари, юридик таълимга ихтисослашган олий ўқув юртлари, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, республикамиздаги 40 га яқин таълим муассасалари ва амалиёт идоралари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандумлар лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда ўтган давр мобайнида шулардан 15 дан ортиғи билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Айни пайтда, Институт томонидан етакчи хорижий турдош таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш каби йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, хорижий турдош таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси билан биргаликда БМТ ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, Япониянинг JICA, Жанубий Кореянинг KOICA, Туркиянинг TIKA каби халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентликларининг ваколатхоналари ҳамда Россия, Хитой, Франция, Испания, Италия, Германия каби давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари (консулликлари) билан мулоқотлар олиб борилмоқда.

Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда Хитой, Қозоғистон каби давлатларнинг элчихоналари, Япониянинг халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (JICA) ваколатхонаси маъсул ходимлари билан учрашувлар ўтказилди ҳамда ушбу давлатлардаги турдош таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Жорий йилда Институтнинг 2 нафар ходими Россия Федерацияси ИИВ Малака ошириш институтида «Қўшимча касбий таълим берувчиларни ўқитиш дастури» бўйича, 1 нафар ходими Италиянинг Халқаро полиция мактабида «Уюшган жиноятчилика қарши кураш ва олдини олишнинг усуллари ва амалиёти» мавзусида ташкил этилган ўқув курсларида малака оширишлари ташкиллаштирилди.

Институт фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича
келгусидаги режалар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг мутлақо янги – «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» деган тизимини тўлақонли ва сифатли жорий этиш, ички ишлар органларини халқчил давлат идорасига айлантириш соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб боришни тақозо этади.

Бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ҳам ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш, «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз туризмни таъминлаш», «Хавфсиз хонадон» каби ўзига хос янги лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга жорий этиш, жамиятимизда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этиш каби долзарб масалалар ҳам Институт жамоаси томонидан ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишни тақозо этади.

Соҳа ходимларининг фаолият йўналишлари бўйича амалий-услубий қўлланмалар яратиш, илғор ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда уларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган илмий ёндашувларни жорий этиш таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари олдида турган долзарб вазифалардандир.

Айни пайтда, Институт фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ва идоравий-меъёрий базани такомиллаштириш, ўқув жараёни ҳамда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, республикамиздаги давлат ва нодавлат ташкилотлар, ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари, хорижий турдош таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш каби йўналишларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Мазкур «Йўл харитаси» Ички ишлар вазири томонидан жорий йил июль ойида тасдиқланди ва бугунги кунда Вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда унинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг аҳамиятини ҳамда унга ҳисса қўшиш ҳар бир жамият аъзоси учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини тўғри тушунган ҳолда Институт жамоаси зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга бор куч ва ғайратини сафарбар этади.

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти бошлиғи,

юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии