Долзарб мавзулар Фото

“Ўзбекистон” ноширлари “Media Uz – футбол ҳафталиги” мусобақасини ғалаба билан бошлашди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ, СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 24.08.2019, 01:21

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ОАВ ва матбаа корхоналари ходимлари учун ташкил этилган “Media Uz – футбол ҳафталиги” старт олди.

Ушбу мусобақани ўтказишдан асосий мақсад бугунги кунда республикамиздаги турли ташкилотларда, айниқса, ёш кадрлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларни спортга жалб этиш, хусусан, матбуот ва матбаа соҳасидаги ходимларининг жамоавий спорт билан шуғулланишни одат қилишга кўниктиришдир.

Мусобақанинг очилиш маросими ҳамда биринчи ўйинлар 2019 йил 23 август куни Яккасарой тумани жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига қарашли собиқ “Текстилчилар” стадионида – табиий чимли майдонда ўтказилди.

Айтиш лозимки, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мусобақада ўзи ҳам иштирок этиб, футбол мухлисларини хушнуд этди. Яна бир эътиборли жиҳати, матчларни профессионал ҳакамлар бошқариб боришмоқда.

“Соғлом танда – соғ ақл” мақолини ўзига шиор билган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси илк ўйинни “Му5” телевидениеси жамоасига қарши олиб бориб, 4:2 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.

Ҳал қилувчи голларни эса “Ўзбекистон” НМИУ жамоаси ҳужумчиси Муҳаммадали Ўктамов рақиб дарвозасига киритди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа 29 августга қадар давом этади. Турнирда биринчи ўринни қўлга киритган жамоа – 36 миллион сўмга, иккинчи ўрин эгасига – 24 миллион, учинчи ўринни қўлга киритган жамоага эса – 12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, “Энг яхши футболчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши тўпурар” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилади.

“Ўзбекистон” НМИУ

Матбуот хизмати

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии