Му5
44

ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле: "Умумий меросимизни ҳамжиҳатликда авайлаб-асрашимиз даркор!"

МАДАНИЯТ 26.08.2019, 15:06
258
ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле: "Умумий меросимизни ҳамжиҳатликда авайлаб-асрашимиз даркор!"

Самарқандда бўлиб ўтган “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро анжуманда ЮНЕСКО бош директори Адри Озуле Ўзбекистоннинг қадим тарихга эгалиги ва бой маданий меросини эътироф этган ҳолда ташкилот келгусида бу борадаги ҳамкорликни бажону дил қўллаб-қувватлашини маълум қилиб шундай деди:

- Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида қайғураётгани ҳукумат вакилларига ва барча ҳамкорларга раҳмат! Мен ушбу анжуманда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Бизни жамлаган Самарқанд ҳақиқатдан ҳам кўплаб савдо, маданият алоқалари ва тамаддунлар шаклланишига асос бўлган шаҳар. Биз бу ерга келмасимиздан олдин ҳам бу йўллар ва маданиятлар чорраҳасидаги шаҳар ҳақида билардик ва келишни орзу қилардик. Маълумки, қадимда ушбу шаҳарда бўлган савдогарлар фақатгина ипак ва зираворларни эмас, балки илм-фан дурдоналарини, техник ғоя ва кашфиётларни ҳам бутун дунёга етказишган. Бизнинг тарихимиз уларга алоқадор экан, албатта, биз бу универсал меросни барчамиз ҳамжиҳатликда авайлаб асрашимиз, ўрганишимиз даркор.

Кейинги йилларда ЮНЕСКО шаҳарларнинг моддий ва номоддий меросини сақлаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Булар орасида тарихий шаҳарлар дизайнини сақлаш ҳақидаги таклифлар ҳам бор. Ташрифим доирасида Бухородаги Сомонийлар мақбарасига ва бошқа шунга ўхшаш қадимий объектларга боришни режалаштирганман. Умуман барча инклюзив шаҳарлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожлантириш, шунингдек маданий хилма-хилликни янада равнақ топтириш бугунги куннинг талабидир.

Меросни асраш фақатгина ҳукуматнинг вазифаси эмас, ушбу фаолиятга барча одамлар ҳисса қўшишлари керак. Биз барча географик чегаралардан чиқиб, мана шундай афсонавий шаҳарларда ва бутун дунёда зарур тадбирларни ўтказишимиз зарур. Ҳатто онлайн тарзда ҳар ким ўзининг маданий меросни асраш бўйича тадқиқотларини ўртоқлашиши бу ишларни янги босқичга кўтаришга ёрдам беради.

Маданий меросни асраш ва консервация қилиш мамлакатнинг ўзи учун ҳам жуда муҳим. Баъзида бу борадаги ишларда қийинчиликлар учрайди. Аммо биз янги йўллар, ташаббуслар ва ғояларни излаб топамиз ва улар асосида маданий меросни сақлаш борасидаги ишларимизни ривожлантирамиз. Мен шу мақсадни ўзида мужассам этган ташкилотлар ва инсонлар ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганидан мамнунман. Бундай ҳамкрликни биз ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+3° туман
Валюта курси
rightuz