Долзарб мавзулар Фото

Самарқандда бир оиланинг беш аъзосини ўлдирган шахслар устидан суд бошланди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 05.09.2019, 15:30

Бу ҳақда Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йилнинг 14 майидан 15 майига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Чимқўрғон» МФЙ «Чимқўрғон» қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзосининг қасддан ўлдиргани бутун жамоатчилик орасида шов-шувга сабаб бўлганди. Қотиллар қасддан ўлдирган бир оиланинг беш вакили “Дамас” ичидан ўлик ҳолда топилганди. Мазкур мудҳиш қотиллик юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва Бош прокурорнинг алоҳида назорати остида тергов ҳаракатлари тун-у кун амалга оширилди. 4 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида эса айни шу мудҳиш қотилликда айбланган тўрт нафар шахс устидан очиқ суд бошланди.

Азиз ОБИДОВ, Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи:

– Тергов якунига кўра, судланувчилар 2019 йил 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Чимқўрғон” МФЙ “Чимқўрғон” қишлоғида яшаб келган А. Халбаевнинг уйига ғайриқонуний равишда киришиб, хужум қилиб А. Халбаевни, унинг турмуш ўртоғи З. Халбаевани, фарзандлари Ж. Исломов, вояга етмаган А. Исломов ва О. Исломовларни қасддан ўлдиришган ҳамда 22 млн. сўм, 100 АҚШ доллари ва 600 минг сўмлик “Samsung” русумли уяли алоқа телефонини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишган. Шундан сўнг, судланувчилар содир этган жиноятларини яшириш мақсадида А. Халбаев ва унинг оила аъзоларининг мурдаларини кўрпаларга ўрашиб, уй ҳовлисида турган “Дамас” русумли автомашинага жойлаштириб Қўшработ туманидаги “Олтин майдон” фермер хўжалиги ҳудудидаги адирга автомашинани бошқариб боришиб, ташлаб кетишган.

МАЪЛУМОТ УЧУН:
Судланувчилар Ғолиб Ташанов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Жаҳонгир Усмонов (1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Шамшиддин Эсонбоев (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, уйланмаган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) ва Ҳабибулло Нурманов (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, уйланмаган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича бошланган очиқ суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Э. Эргашевдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.

Шунингдек, Ғ. Ташанов 2018 йилнинг баҳорида ўзи истиқомат қилиб келган уйнинг томорқасида ўсиб чиққан тақиқланган “кўкнор” ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб, 2018 йил ноябрь ойида қуруқ ҳолдаги умумий соф вазни 49,94 грамм бўлган “кўкнор” гиёҳвандлик воситасини Ж. Усмоновга қонунга хилоф равишда ўтказган бўлса, Ж. Усмонов ушбу гиёҳвандлик воситасини ўз уйида ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

Судланувчилар Ғ.Ташанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш), 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) да; Ж. Усмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) да; Ш. Эсонбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) да; Х. Нурманов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Суд жараёни давом этмоқда.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии